Линклар

Шошилинч хабар
15 август 2025, Тошкент вақти: 03:13

Украина ЕИга аъзоликка номзод мақомини қўлга киритди. Уруш хроникаси

Урушнинг 120-куни

Украинанинг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидаги бомбапаноҳда 568 киши жон сақлаяпти, улар орасида 38 нафар ёш бола бор.

Украинанинг “Жануб” оператив қўмондонлиги Қора денгиздаги Змеиний оролига зарба берилганини билдирди. Айтилишича, “зарбалар Панцир С-1 зенит-ракета комплекси, радиолокация станцияси ва автомобиль техникасига теккан”.

АҚШда Украинадаги ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун махсус гуруҳ тузилади.

Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига учқичсиз дрондан зарба берилди.

Невзоров: Мен жабрланганлар томонидаман

Украина президенти Зеленский, россиялик таниқли журналист, собиқ телебошловчи ва Давлат думаси собиқ депутати, президент Путининг собиқ ишончли вакили - Александр Невзоров ва рафиқаси Лидияга Украина фуқаролигини тақдим қилди.

Бу ҳақда Украина Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Геращенко маълум қилди.

Невзоров Россия ҳукумати ва президенти Путиннинг ашаддий танқидчиси, Украинадаги урушни энг бошидан бери қоралаётган, ўта кескин чиқишлар қилиб келаётган журналистдир.

Бунинг учун у Россияда жиноий жавобгарликда гумон қилиниб, қидирувга берилган. Шу йилнинг апрелида эса хорижий агентлар рўйхатига тиркалган эди.

Ўзининг телеграм каналида Невзоров Украина фуқаролиги берилганига шундай изоҳ берди:

“Ўққа тутилаётган одамнинг ёнида туриш - осон эмас, тўғри. Табиийки, отаётганлар сафига туриш осонроқ. Бунда томонларни ҳаркимнинг ўзи танлайди. Лекин шуни тушуниш керакки, бу ерда учинчи вариант йўқ. Мен эса жабрланганлар томонидаман. Ва мен, Украинанинг қийналган, умидсизликка тушган ҳамда қонга беланган халқидан, ўз сафидан жой бергани учун, жуда миннатдорман”.

“Москва” крейсеридаги аскар отаси: оғзимни юмишмоқчи!

Россияда эса урушда қурбон берилган рус аскарларининг оиласи, ўлган аскарлар ҳақида маълумот тополмаётгани, аксинча босим остида қолаётганини айтмоқда.

Қора денгизда чўкиб кетган “Москва” крейсерида бедарак йўқолган муддатли хизматдаги аскар Егор Шкребецнинг отаси - Дмитрий Шкребец, уйига “жиддий идорадан одамлар” келгани ва гўёки, “экспертиза қилиш учун” ноутбукни олиб кетганини маълум қилди.

Айтишича, исмини очиқламаган кучишлатар ходимлар унга бу ноутбук, айрим шахслар Шкребец номидан “баъзи ташкилотларга портлатиш билан таҳдид қилишгани” сабабли олинганини айтишган.

Бедарак йўқолган аскарнинг отаси ҳеч кимга электрон почтадан хабар йўлламагани, аммо кучишлатар идоралар уни “террорчилик ҳужуми ҳақида қасддан ёлғон хабар бериш”да айблаб, устидан 207-модда бўйича жиноят иши очиши мумкинлигидан хавотирда эканини урғуламоқда.

“Шу йўл билан оғзимни юмишмоқчи! Ҳеч нима дейишмаяпти. “Москва” крейсерига алоқадор нима сўрасанг – чурқ этишмайди. Интернетдан крейсерга доир бирон янгилик қидириб кўринг – ҳеч вақо тополмайсиз. На крейсер ҳақида, на ундаги одамлар ҳақида. Ақлим лол! Эркин жамият ва эркин мамлакатда шунақа бўлиши мумкинми? Нега биз буларни муҳокама қилмаймиз? Нималар бўляпти ўзи? Қандай қилиб флагмандан айрилдик? Шу қадар аҳмоқлик ва калтабинлик бўладими? Нега бунақа, сира тушуна олмайман”, дейди Дмитрий Шкребец.

Украинанинг 2 мингдан ортиқ профессионал спортчиси урушга кирди

Украина спорт вазири Вадим Гутцайтга кўра, Россия босқини бошланган кундан бери Украинанинг икки мингдан ортиқ профессионал спортчиси урушга кирган, улардан 59 нафари ҳалок бўлган.

Вадим Гутцайтнинг “Настояшчее время” телеканалига айтишича, жанглар натижасида ўнлаб спорт объектлари вайрон бўлган, айримлари мутлақо тиклаб бўлмас ҳолга келган.

Энди Украина миллий терма жамоалари машғулотларни чет элда ўтказишга мажбур бўлмоқда.

“Икки мингдан зиёд спортчимиз мамлакатни мудофаа қилишмоқда, биз улар билан фахрланамиз. Украин аскарлари борлиги учун спортчилар халқаро мусобақаларда қатнашиш, дунёга бизнинг ғолиб мамлакат эканимизни кўрсатиш имконига эга бўлмоқдалар”, деди Вадим Гутцайт.

Британия разведкаси: Россия тез орада Луганск вилоятини босиб олади

Бироқ ишғолни давом эттириши учун унга катта ресурслар керак.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги ҳам кунлик ҳисоботини урушнинг юз куни таҳлилига бағишлади.

Унда қайд этилишича, Россия энг бошида кўзлаган мақсадига эриша олмаган – Киев шаҳрини ва Украина давлати бошқарув марказларини босиб олишга муваффақ бўлмаган.

Украинларнинг қаттиқ қаршилиги ва Гостомель аэропортини ишғол этолмагани ҳисобига, дастлабки 24 соатда ҳужум қайтарилган.

Режалашдаги хатолар ҳамда тактик ижро сустлиги туфайли дастлабки режа чиппакка чиққач, Россия концепцияни ўзгартирган ва асосий кучларини Донбассга йўналтирган.

Ҳозирда Россия Донбассда тактик муваффақиятга эришмоқда. Россия қўшинлари суръат олди ва уни сақлаб турибди. Афтидан, ушбу йўналишда ташаббусни қўлдан бермоқчи эмас.

Британия разведкасига кўра, Россия Луганск вилоятининг 90 фоизини назорат қилмоқда ва, катта эҳтимол билан, яқин икки ҳафта ичида уни буткул ишғол қилади. Аммо бошқа фронтларда Россия қўшинлари манёвр қилиш ёки ҳужумга ўтиш учун имкониятга эга эмас – Донбассдан бошқа барча жабҳаларда улар мудофаага ўтишган.

Британия разведкасига кўра, дастлабки режа билан қиёслаганда, Россия стратегик мақсадларидан биронтасига эриша олмаган. Муваффақият қозониши учун Россияга инсоний ресурслар ва моддий ресурслар кўринишида улкан инвестиция ҳамда, албатта, кўпроқ вақт керак бўлади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG