Россиянинг Удмуртия республикасида иккита “военкоматга ўт қўйганликда гумонланган” шахс қўлга олинди
Baza нашрининг хабар беришича, Россия Федерал хавфсизлик хизмати - ФХХ москвалик рассом Илья Фарберни Удмуртиядаги иккита военкоматга ўт қўйганликда гумонлаб қўлга олди.
Рассомнинг уйи тинтув қилинганида бензин тўлдирилган иккита канистра, сим ўрами, марганцовка, бешта банк картаси ва учта айфон топилган.
Baza телеграм каналида қўлга олинган Илья Фарбер кўрсатма бераётгани тўғрисидаги видео ҳам пайдо бўлди. Видеода у военкоматларга “ўзининг нимага қодирлиги”ни билиб олиш учун ўт қўйганини тан олган.
Украинада уруш бошланганидан бери Россиянинг турли шаҳарларида военкоматларга ўт қўйилгани тўғрисида кўплаб хабарлар берилмоқда.
Уруш бошланганидан бери Украинада 243 бола ҳалок бўлгани ва 444 бола яралангани маълум қилинди
Украина Бош прокуратурасининг билдиришича, 30 май ҳолатига кўра, уруш бошланганидан бери мамлакатда 243 бола ҳалок бўлган ва 444 бола яраланган.
Бош прокуратуранинг маълум қилишича, бу якуний рақам эмас, айни пайтда жанглар бораётган ҳудудларда, вақтинчалик босиб олинган ва озод этилган ҳудудларда жабрланган болалар сонини аниқлаш юзасидан ишлар давом этмоқда.
Билдирувда қайд этилишича, Донецк вилоятида 153, Киев вилоятида 116, Харьков вилоятида 109, Чернигов вилоятида 68, Луганск вилоятида 52 ва Херсон вилоятида 52 бола жабрланган.
Бундан ташқари Россия армияси бомбардимони оқибатида 1888 ўқув муассасасига зарар етган, улардан 188 таси тўлиқ вайрон этилган.
29 май куни Херсон вилоятидаги Миролюбовка қишлоғи рус армияси томонидан бомбардимон этилгани оқибатида 9 ёшли қизалоқ ҳалок бўлди, 5 ёшли қизалоқ ва 7 ойлик чақалоқ яраланди.
Луганск вилоят раҳбари: Северодонецк кўчаларида жанглар бормоқда
Луганск вилоят раҳбари Сергей Гайдай 30 май куни Фейсбук саҳифасида Россия қўшини Северодонецк шаҳрига кириб келгани тўғрисида маълумот берди. Унинг ёзишича, ҳозир шаҳар кўчаларида Россия ва Украина кучлари ўртасида отишмалар бўлаяпти.
Гайдай шаҳар инфраструктураси деярли юз фоизга вайрон этилганини айтмоқда. Жумладан, уй-жойларнинг 90 фоизига зарар етган, улардан 60 фоизи вайрона ҳолатига келиб қолган.
“Шаҳар русларнинг жасадлари билан тўлиб кетди, кўчада жазирама иссиқ – бу эса инфекцияларнинг пайдо бўлишига омил яратади”,-деб ёзди Гайдай.
Россия босиб олган Мелитополда кучли портлаш бўлди
“Настояшчее время” телеканалининг хабар беришича, Россия томонидан босиб олинган Мелитопол шаҳрида 30 май куни эрталаб кучли портлаш бўлди. Бу ҳақда Украина ва Россиянинг қатор телеграм-каналларида ҳам хабар берилди.
"Риа-Мелитополь" каналининг билдиришича, портлаш 7:50 да содир бўлган. Портлаш оқибатида маҳаллий аҳоли яшайдиган уйларнинг деворлари ва ойналари титраган, шаҳар марказидан эса портлаш содир бўлган ҳудудда осмонга қора тутун кўтарилганини кузатиш мумкин бўлган.
Дастлабки маълумотларга қараганда, портлаш "Квартал" савдо маркази жойлашган ҳудуда бўлган. Мазкур ҳудудда Россия ҳукумати томонидан тайинланган “Запарож вилояти раҳбари” Евгений Балицкийнинг уйи жойлашган. Портлашдан сўнг Россия ҳарбийлари шаҳар марказий майдонини ўраб олган.
Қурбонлар ва жабрланганлар тўғрисидаги маълумотлар аниқлаштирилмоқда.