Украинага Чехия ва Польшадан қўшимча ҳарбий ёрдам кетмоқда
Чехия ва Польша шарқий ҳудудларида Россия ҳужумини тўхтатишга уринаётган украин армиясига қўшимча қурол-аслаҳа йўллаяпти.
Чехия мудофаа вазири Яна Чернохова 29 майдаги телеёйинда Прага тез орада Киевга 26-30 миллион долларлик қурол юбормоқчи эканини билдирган. Уруш бошланганидан бери Прага Украинага умумий қиймати 150 миллион доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам кўрсатган.
Чехия ОАВлари ушбу юклар Т-72 танклари, БМП-1 пиёдалар жанговар машиналари, ўзиюрар гаубицалар ва, эҳтимол, совет даврида ишлаб чиқарилган жанговар вертолётлардан иборат бўлиши ҳақида ёзган.
Польша эса Украинага 18 дона 155 мм калибрли Krab ўзиюрар артиллерия қурилмаларини бермоқда, дея хабар қилган 29 май куни Польша радиоси. Ушбу қурол бир дақиқада 6 тагача снаряд отади, 40 чақиримгача наридаги нишонни уради.
“Қон доғидан қутулолмаймиз” – россиялик фаол аёллар акцияси
Россиялик фаоллар Наталья Перова ва Людмила Анненкова 29 май куни Москвадаги Россия Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида Украинадаги урушга қарши акция ўтказишган. Бу ҳақда SOTA Телеграм-канали хабар қилди.
Ўз акциясини “Биз қон доғини ювиб кетказолмаймиз” деб номлаган фаол аёллар тадбирга кийимларига қонни тамсил этувчи буёқ суриб келишган.
Маҳаллий пабликларнинг ёзишларича, мазкур норозилик чиқиши ортидан фаоллар қўлга олинган эмас.
Россияликлар вақтинча эгаллаб олган Херсон вилоятидан Украинанинг бошқа ҳудудларига ўтиш тақиқланди
Херсон вилояти чегараларидан Украина назорати остида бўлган бошқа ҳудудларга ўтиш йўллари ёпиб қўйилди. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги Россия ҳарбийлари томонидан вилоятга раҳбар ўринбосари этиб тайинланган Кирилл Стремоусовдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
“Николаев ва Днепропетровск вилоятлари томонидан чегарадан ўтиш жуда хавфли. Шунинг учун Биз Украинага мутлақо, ҳеч қанақа сабаб билан бормасликни тавсия қиламиз”, деган Стремоусов.
Херсон вилоятидан фақат аннексия қилинган Қрим ёки Запорожье вилоятининг Россия қўшинлари назорат қилаётган ҳудудларигагина чиқиб кетиш мумкин.
Россия қўшинлари 24 февраль куни Украинага бостириб кирганидан кейин Херсон ва Запорожье вилоятлари қисман россияликлар назорати остига ўтган. Бу ерда гап Херсоннинг вилоят маркази дохил катта қисми ва Запорожье вилоятининг тақрибан ярми ҳақида бормоқда. Запорожье шаҳрининг ўзи айни пайтда Украина назорати остида бўлиб турибди.
Зеленский Харьков вилоятига иш сафари билан борди
Украина президенти Владимир Зеленский 29 май куни Харьков вилоятига иш сфари билан борган. Бу унинг 24 февраль куни Россия томонидан бошлаган кенг кўламли босқин бошидан бери Киев вилояти ҳудудидан илк бор чиқишидир.
Зеленский офиси маълумотига кўра, сафар чоғида президент украиналик ҳарбийлар жанг қилаётган жойларга бориб, уларга давлат мукофотларини топширган. “Сиз бизларнинг ҳаммамиз учун ва мамлакат учун жонингизни хатарга қўйяпсиз”, деган Зеленский ҳарбийларга мурожаат қиларкан.
Шунингдек, у Харьков мэри Игорь Терехов, вилоят ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олег Синегубов, армия қўмондонлиги аъзолари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари дохил маҳаллий мулозимлар билан йиғилиш ўтказган.
Президентнинг ташрифи Украина фавқулодда вазиятлар хизмати Россия томонидан ўққа тутилганидан кейин Харьков атрофида ёнғинлар бошлангани ҳақида маълумот тарқатган пайтга тўғри келган. Украина қўшинлари Россия кучларини катталиги жиҳатдан мамлакатдаги иккинчи шаҳар бўлмиш ва асосан рус тилида сўзлашувчи турғунлар яшайдиган Харьков яқинидаги позициясидан чекинтиришга муваффақ бўлгани ортидан россияликлар шаҳарни бомбардимон қилишда давом этишмоқда.