ЖБ: Озиқ-овқат хавфсизлиги учун 30 млрд. доллар маблағ ажратилади
Жаҳон банки қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, ижтимоий ҳимоя, сув ва суғориш тизимлари каби соҳаларда кузатилаётган инқирозни енгиш учун 30 миллиард доллар маблағ ажратишини эълон қилди.
“Банк кейинги 15 ой ичида биз бугун кўраётган инқирозни юмшатиш учун жами ўттиз миллиард доллар тақдим этишини эълон қилди. Бу ҳақиқатан ҳам 2007-2008 йиллардаги озиқ-овқат нархлари инқирозидан ҳам ёмонроқ бўлиши кутилаётган инқироз бўлиб, кўплаб камбағал оилаларга таъсир қилади. Биз озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги вазиятни жуда жиддий эканлигини кўряпмиз. Масалан, Украина ва Россия импортига бевосита қарам бўлган давлатлар бор. Қолаверса, Украина ёки Россиядан импорт қилмасада, буғдой ва бошқа дон маҳсулотлари нархининг ошишидан азият чекадиган бошқа мамлакатлар ҳам бор. Шунингдек, ўғитлар нархининг ошиши ва тақчиллиги ҳам кўплаб мамлакатларга салбий таъсир ўтказмасдан қолмайди”, деди банк раҳбари.
Жаҳон банки раҳбарига кўра, бу маблағлар озиқ-овқат ва ўғит ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, савдони кенгайтириш ва заиф оилалар ҳамда ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилади.
Ресурсларнинг асосий қисми Африка ва Яқин Шарқ, Шарқий Eвропа ва Марказий Осиё ҳамда Жанубий Осиёга йўналтирилади.
“Рус газини олаётган ширкатлар рублда ҳисоб очяпти”
Россия бош вазири ўринбосари Александр Новакнинг маълум қилишича, “Газпром” билан шартномага эга 54 та компаниянинг ярми, рус газига рублда тўлов қилиш учун банк ҳисоб рақамини очган.
Новак, “Янги уфқлар” номли таълим марафони конференциясида, апрель ойидаги ҳисоб-китоблар якунида “рублда тўлаган ва тўламаган” ҳамкорлар рўйхати пайдо бўлишини айтди.
Россия президенти Владимир Путин, 31 март куни, Россия газини рублда сотиб олиш талаби акс этган фармонни имзолаган.
Болгария ва Полша рублдаги тўлов тизимидан бош тортгани учун 27 апрелдан бошлаб Россия газидан узилган. Айни пайтда, “Газпром” апрелда Eвропага етказиб берган газ учун тўлов муддати ҳам якунига етмоқда.
Ҳозир, Италиянинг Eni компанияси "Газпромбанк"да иккита ҳисоб очиш жараёнини бошлади - бири еврода, иккинчиси эса рублда. Германиянинг энг йирик газ импортчиларидан бири бўлган Uniper ширкати эса, шу ой охиридаги тўловни евро пул бирлигида қилишини айтмоқда.
Франциянинг Engie энергетика компанияси, сешанба куни, Газпром билан тўловни рублда қилишга келишганини билдирган. Ўша куни Финляндиянинг Gasum давлат ширкати, тўловни рублда қилиш талаби ортидан чиқадиган низони арбитраж судигача олиб чиқишга ҳозирлигини билдирган.
Бу масалада муросага келолмаётган Eвропа иттифоқи ўз газининг 40 фоизини, нефтнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғини Россиядан импорт қилади. Eврокомиссия март ойида Россиядан газ импортини импортини жорий йил охиригача учдан икки қисмга қисқартириш режасини ишлаб чиққан.
Шишмарин: «Мен чин юракдан пушаймонман»
Украинада Россия босқинида иштирок этган россиялик аскарлар устидан иккинчи маҳкама жараёни бошланди. Полтава вилояти суди икки ҳарбий асир – Александр Бобикин ва Александр Иванов ишини кўриб чиқмоқда.
Улар ҳам, илк судланувчи Вадим Шишимарин сингари, уруш жиноятини содир этганликда айбланмоқда.
“Мен чин юракдан пушаймонман. Мен бу нарса содир бўлган пайтда жуда саросимада эдим ва жанг бораётганди. Мен ўлдиришни истамадим, лекин шундай ишлар бўлди, мен буни рад этмайман”, деди " target="_self">судда Шишмарин.
Тергов маълумотига кўра, 24 февраль куни россиялик ҳарбийлар “Град” ҳарбий машинаси ўқловчиси Александр Бобикин ва нишончи Александр Ивановлар Харьков вилоятининг ўққа тутилишида иштирок этишган.
Прокуратура уларнинг хатти-ҳаракатлари натижасида Казачья Лопань қишлоғидаги турар-жой уйлари ва Ветеринарное қишлоғидаги лицей биноси вайрон бўлган, деб қайд этган. Айбланувчилар, айби исботланган тақдирда 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
19 май куни бўлиб ўтган суд мажлисида Бобикин ҳам, Иванов ҳам, ўзига қўйилган айбловларни тан олган, аммо қайси нишонга отаётганини билмаганини иддао қилишган. Кейинги суд мажлиси 26 майга тайинланди.
New York Times Бучага оид суриштирувини эълон қилди
АҚШнинг The New York Times газетаси, Россия ҳарбийларининг Киев яқинидаги Буча шаҳри яшовчиларини қатл этишига бағишланган суриштирувини эълон қилди. Суриштирувда, янги видеокадрлар ҳамда гувоҳларнинг ифодалари келтирилган.
Муаллифларнинг ёзишича, аксари маҳаллий ҳудудий мудофаада хизмат қилган камида саккиз эркакнинг отиб ўлдирилганини исботлашга муваффақ бўлганлар. Нашр, ўз суриштирувига, ташқи кузатув камералари тасвирларини илова қилган.
Буча турғунларининг отиб ўлдирилгани ҳақида The New York Times нашрига саккиз гувоҳ сўзлаб берган, улардан бири қатл қилиш учун олиб кетилганлар орасида бўлган эркакдир: у ўқ ҳаётий муҳим аъзоларига тегмагани сабабли омон қолгач, ўзини ўликка солиб ётган ва ҳарбийлар кетганидан сўнг, қочган.
Россия қўшинлари Киев вилоятининг айрим ҳудудларини бир ой – февраль охиридан март ойи охиригача эгаллаб турди. Украина ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, бу вақт ичида вилоят бўйича 1200 дан ортиқ тинч аҳоли ўлдирилган.
Аввалроқ The Wall Street Journal нашри Киев вилоятининг Моижин ва Ясногородка қишлоқлари орасидаги 7 чақирим йўл бўйидан, 37 та жасад топилгани ҳақида ёзган. Маҳаллий полиция маълумотига кўра, улар Россия ҳарбийлари босиб олган ҳудудлардан чиқиб кетаётган пайтда ўққа тутилган.