"Азовсталь" мудофаачилари "уруш асирлари" деб тан олинди
Чоршанба куни Мариуполдаги Азовстал заводидан яна бир гуруҳ украиналик аскарлар эвакуация қилинди.
Россия ҳарбий машиналари ҳамроҳлигида бир неча автобус заводдан чиқаётгани тасвирлари пайдо бўлди.
Сўнгги ҳимоя тизими бўлмиш Азовстал заводини тарк этиш буюрилган украиналик жангчиларнинг кейинги тақдири ноаниқ бўлиб қолмоқда.
Руслар баъзи аскарларни Москва томонидан қўллаб-қувватланадиган айирмачилар назоратидаги собиқ колонияга олиб кетишган.
Украина аскарларни асирлар алмашиш орқали қайтаришга умид қилаётганини айтган бўлса, Россия уларнинг баъзиларини, ўз даъвосича, ҳарбий жиноятлар учун суд қилинишини айтди.
Ҳалқаро Қизил Хоч ташкилоти Азовсталдан эвакуация қилинган украин аскарларини “уруш асирлари” деб атади.
Минтақадаги айирмачилар етакчисига кўра, пўлат заводидан ҳали юқори даражали украин қўмондонларидан бирортаси чиқмаган.
Эвакуациядан олдин заводда 2000 киши борлиги тахмин қилинган. Ҳозирда “Азовсталь” ҳудудида қанча одам қолаётгани аниқ эмас. Американинг Урушни ўрганиш институти сўнгги ҳисоботида завод ҳануз бомбаланаётгани, бу украин ҳарбийларидан бир қисми мудофаани давом эттираётганидан дарак бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.
Рус аскари тинч фуқарони ўлдирганини тан олди
Украинада судланаётган рус аскари тинч аҳолини ўлдирганини тан олди.
21 ёшли сержант Вадим Шишимарин Россия Украинага уруш бошлаганидан бери қотилликда айбланиб, судга тортилган илк рус аскаридир.
Шишимарин 28 февраль куни Суми вилоятида 62 ёшли украиналик эркакни машина ойнасидан отиб ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.
Россия танк бўлинмасининг асирга олинган аъзоси Шишимарин Украина жиноят кодексининг уруш қонунлари ва одатлари бўлимидаги бандлар бўйича жиноий жавобгарликка тортилди.
Украина расмийларига кўра, ҳозирда жами 41 нафар рус аскарига нисбатан ҳарбий жиноятлар, жумладан, фуқаролик инфратузилмасини бомбардимон қилиш, тинч аҳолини ўлдириш, зўрлаш ва талон-тарож қилиш каби жиноятлар бўйича иш очилган.
Гумонланувчиларнинг қанчаси Украина ихтиёрида эканлиги ва қанчаси сиртдан суд қилиниши ҳозирча маълум эмас.
Шишимариннинг тергов ва суд жараёни Украинадаги уруш жиноятлари бўйича дастлабки иш бўлгани учун ҳам ҳамманинг диққат марказида қолмоқда. Эҳтимолий ҳарбий жиноятлар ҳақида далиллар тўплаётган терговчилар ишларни Хаага Халқаро жиноий судига оширмоқчи.
Politico: АҚШ уруш чўзилиб кетишидан чўчиб, Киевга сидирғасига ўт очувчи қуролларни беришдан бош тортмоқда
Киевнинг илтимосларига қарамай, АҚШ ўт очувчи реактив тизимларни Украинага бермаяпти. Бу ҳақда Politico нашри манбалари маълум қилди. Уларнинг фикрича, Вашингтон бу қуроллар Россия ҳудудини ўққа тутишда қўлланади ва натижада уруш чўзилиб кетади, деб хавотир олмоқда.
АҚШнинг HIMARS русумли реактив ўт очиш тизимлари 300 километргача масофага зарба бера олади. Киев мазкур тизимлар зарба бериш ва вайрон қилиш кучи бўйича Россия оғир артиллериясидан устунликка эришишга ёрдам беради ва кўп жиҳатдан урушнинг натижасини белгилаб беради, деб ҳисобламоқда.
Нашрнинг Жо Байден маъмуриятидаги манбасига кўра, ҳукумат Украинага реактив ўт очиш тизимлари ўрнига 155 миллиметр калибрли М777 гаубицаларини бериш самаралироқ, деган қарорга келган. Бироқ манба украин расмийлари айнан шу қуролни сўрашда давом этишаётганини айтади.
Хусусан, президент Владимир Зеленский май ойи бошларида “Катта еттилик” раҳбарлари қаршисида нутқ сўзларкан, Украина Американинг M142 HIMARS ва М270 MLRS сидирға ўт очиш тизимларини олиши зарурлигини урғулаганди.
Politico суҳбатдоши Вашингтоннинг ҳарбий таъминотга доир ҳадиклари Украина ҳукуматининг “ҳафсаласини пир қила бошлаган”ини қўшимча қилган.
Украина билан АҚШ қурол-аслаҳа етказиб бериш масаласида фаол муҳокамаларни давом эттирмоқда, бироқ Киев сўраган барча қуроллар ҳам унга тезда етказиб берилмайди, дейди исми сир қолишини истаган Оқ уй ходими.
9 май куни АҚШ президенти Жо Байден Украина учун ленд-лиз ҳақидаги қонунга имзо чекди. Мазкур ҳужжат ҳарбий техника етказиб бериш жараёнини тезлаштиришга имкон беради.
Шевчук: “Ватан – бу президентнинг кети эмас”
“Ватан – президентнинг кети эмас”, деган сўзлари учун ДДТ гуруҳи яккахони Юрий Шевчукка нисбатан баённома тузилди. Бу ҳақда Уфадаги “Радус” продюсерлик маркази директори Радмир Усаев “Инстаграм”да маълум қилди.
Унинг айтишича, 18 май куни ДДТ гуруҳининг Уфадаги концертидан сўнг кучишлатар ходимлар парда ортига ўтиб, “концертда бўлган ҳодиса, унинг мақсади ҳамда Шевчукнинг уруш ва Ватанга доир сўзлари важидан Шевчук билан бир соат суҳбат қурганлар”.
Полициячилар аввалига Шевчукни ҳибс қилмоқчи бўлишди, аммо кейин баённомага қўл қўйдиргач, концерт залидан кетишди, дейди Усаев. “Баённома нима ҳақидалигини ўзингиз топинг”, деб ёзди продюсер сирли қилиб.
Шевчук сўроққа тутилгани ва унга нисбатан протокол тузилгани ҳақида расман ҳеч бир маълумот берилмади.
18 май куни ижтимоий тармоқларда ДДТ концертидан олинган видео пайдо бўлди. Унда Шевчукнинг томошабинларга қарата: “Дўстларим, Ватан –президентнинг ҳамиша ялаб-юлқанадиган кети эмас. Ватан – бу вокзалда картошка сотиб ўтирган йўқсил момо. Мана шу ватан бўлади”, дейди. Томошабинлар бу сўзларни олқишлар ва маъқулловчи хитоблар билан қарши олишди.
Апрель ойида Юрий Шевчук Россиянинг Украинадаги уруши тимсоли бўлмиш улкан Z ҳарфи туширилган залда куйлашдан бош тортиши ортидан ДДТ гуруҳининг Тюмендаги концерти бекор қилинган эди.