БМТ: Уруш бошланганидан бери Украинада 3752 тинч аҳоли нобуд бўлди
Яна 4062 киши яраланган. Ўлганлардан 250 нафари – болалар, дея маълум қилди БМТ.
Ташкилот қурбонлар сони аслида бундан кўплигини урғулаган. Чунки фаол жанговар ҳаракатлар бўлаётган жойлардан маълумот кечикиб келмоқда ва кўп ахборотлар ҳали тасдиқланиши керак.
Хусусан, Мариуполь, Изюм ва Попасноедаги инсон талафотлари бўйича тўлиқ маълумот йўқ – ушбу шаҳарларда минглаб одамлар жабр кўргани айтилади.
Қайд этилган ўлим ва жароҳатланиш ҳолатларининг аксарига – катта талафот радиусига эга портловчи қуроллар, жумладан оғир артиллерия ва реактив ўт очиш тизими зарбалари, шунингдек ракета зарбалари ва авиазарбалар сабаб бўлгани айтилмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги: “Азовстал”даги украин ҳарбийларидан 959 нафари “таслим бўлди”, шундан 694 нафари – сўнгги суткада
"Ўтган суткаларда “Азовстал”даги ҳарбийлардан 694 нафари, жумладан 29 чоғли ярадор таслим бўлиб, асирга тушди", дея маълум қилди Россия Мудофаа вазирлиги.
"16 майдан бери жами 959 жангари, жумладан 80 нафар ярадор асирга тушди, улардан стационар даволанишга муҳтож 51 нафари “ДХР”нинг Новоазовск шаҳри шифохонасига ётқизилди", дейилади вазирлик хабарномасида.
“Азовсталь” заводи ҳудудидаги украин мудофаачилари 16 майдан бошлаб, у ердан чиқа бошлашди, улар ҳозир Россия назоратидаги ҳудудларга ўтказилмоқда.
“Азов” полки қўмондонлик буйруғини бажараётганини маълум қилди, Украина Бош штаби эса улар “ўзаро асир алмашиш тартиб-таомили бўйича” ватанга қайтарилишини билдирди.
Россия томони буни “асирга тушиш” деб атамоқда, улар Украина асирга олган рус аскарларига алмашиладими, йўқми – бу хусусда Кремль ҳам, Мудофаа вазирлиги ҳам изоҳ берган эмас.
Разведка: Россия ҳар турли қўшинларни жангга ташлади, бу бошқарув умумийлиги йўқолишига олиб келади
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги сўнгги ҳисоботида Мариуполь шаҳрини штурм қилишга мунтазам қўшинларга мансуб бўлмаган кўплаб қўшимча бўлинмалар, жумладан Чеченистондан келган тузилмалар жалб этилганига эътибор қаратди.
Вазирлик хулосасига кўра, чеченистонлик “бир неча минг аскар” асосан Мариуполь ҳудудида ва Луганскда жамланган.
“Афтидан, бу кучлар кўнгиллилардан ва одатда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳокимиятини тутиб туриш учун масъул бўлган миллий гвардия тузилмаларидан ташкил топган. Қодиров ушбу контингентни шахсан назорат қилади, амакиаччаси Адам Делимханов эса, катта эҳимол билан, Мариуполда чечен дала қўмондони ўлароқ ҳаракат қилди”, дейилади ҳисоботда.
Айтилишича, “таркибан хилма-хил ҳарбий хизматчиларнинг жанг майдонига йўлланиши Россиянинг Украинадаги кампаниясини таъминлашда жиддий муаммоларга йўлиққанидан далолат беради ва бошқарув умумийлигини йўққа чиқариб, Россиянинг ҳарбий ҳаракатларига зарар етказишда давом этади”.
Канада Путин, Лавров ва яна минглаб россияликнинг ўз ҳудудига киришини тақиқлади
Канада Украинадаги уруш оқибатида санкциялар рўйхатига киритилган Россия, Беларус ва Украина фуқароларига нисбатан чеклов чораларини кучайтирди. Жумладан, Россия президенти Владимир Путин, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва уларнинг оила аъзоларига Канадага кириш тақиқланди. Бу ҳақда Канада жамоат хавфсизлиги вазири Марко Мендичино маълум қилди.
Расман билдирилишича, санкциялар рўйхатига киритилган шахслардан кимдир айни пайтда Канадада экани аниқланса, у мамлакатдан бадарға қилинади.
Канада Украинадаги урушга алоқадор экани айтиладиган минглаб жисмоний шахсларни қора рўйхатга киритган. Уларнинг асосий қисми Россия фуқароларидир.
Аввалроқ Австралия ва Янги Зеландия ҳам Пуьин ва бошқа рус расмийларига мамлакатга киришни тақиқлаган эди.