Оддесса вилоятига Қора денгиздан туриб ракетадан яна бир зарба берилди
Оддесса вилоятига Қора денгиздан туриб ракетадан яна бир зарба берилди, деб битлдирди Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” қўшини қўмондонлиги.
“Душман тонгга яқин минтақадаги аҳоли пунктларига зарба бериб, инфраструктурани вайрон этиш ва тинч аҳолига руҳий босим кўрсатишда давом этмоқда”,-дейилади расмий билдирувда.
Маълум қилинишича, ракета зарбаси оқибатида жиддий зарар кўрилмаган ва жабрланганлар ҳам бўлмаган. Воқеа жойида тергов гуруҳи дастлабки текширув ишларини олиб бормоқда.
Уруш шароитида таомонларнинг бу каби баёнотларини мустақил текшириш имконияти мавжуд эмас.
Россия ФХХ Кемеровода “украина нацистлари тарафдори” бўлган “диверсант” қўлга олинганини билдирди
Россия Федерал хавфсизлик хизмати - ФХХ Кемеровода гўёки “украина нацистлари тарафдори” бўлган “диверсант” қўлга олинганини иддао қилди. Расман билдирилишича, Россия фуқароси бўлган “диверсант” иккита электр узатиш линиясининг ишдан чиқарилишига алоқадор бўлган.
Хабарда айтилишича, линияларнинг ишдан чиқарилиши оқибатида Кемеровода электр таъминотида вақтинчалик узилишлар юзага келган.
ФХХ қўлга олинган шахснинг уйидан симёғочларнинг мустаҳкамлигини таъминловчи болтлар, канистрага қуйилган бензин, иккита пневматик тўппонча ва иккита жанговар ҳанжар топганини иддао қилди. ФХХга кўра, қўлга олинган шахс кундалик тутган ва унга тайёрланаётган диверсиялар тўғрисидаги маълумотларни ёзиб борган.
“Интерфакс”нинг хабар беришича,қўлга олинган шахс ўз айбини тан олган ва ҳарбий комиссариатга ўт қўйишни режалаштирганини ҳам айтиб берган
Мазкур шахсга нисбатан “Мулкни атайлабдан йўқ қилиш ёки зарар етказиш” ва “Диверсия” моддалари асосида жиноят иши очилган.
Human Rights Watch Россия ҳарбийларининг Украинадаги жиноятларини қайдга олди
Human Rights Watch халқаро ташкилоти Россия ҳарбийларининг Украина шимолида тинч аҳолига нисбатан содир этган жиноятларини ҳужжатлаштирди.
“Настояшчее время” телеканалининг хабар беришича, HRW 10 апрелдан 10 майгача 65 кишидан гувоҳлик кўрсатмаларини олган. Бундан ташқари ташкилот вакиллари жиноятлар содир этилган жойлардан олинган ашёвий далилларни, жабрланган ва гувоҳлардан олинган фото ва видеоларни ўрганган.
Хабарда таъкидланишича, халқаро ташкилот Киев ва Чернигов вилоятларининг 17 та аҳоли пунктида 22 та қатл ва 9 та ноқонуний қотилликлар содир этилганини, 6 та ҳолатда тинч аҳоли зўравонлик оқибатида бедарак кетганини ва 7 та қийноқ ҳолати содир этилганини ҳужжатлаштирди.
Бундан ташқари 21 киши Россия ҳарбийлари томонидан ноқонуний равишда ҳибсда сақлангани ҳамда ноинсоний муносабатга дучор этилгани тўғрисида кўрсатма берган.
Буюк Британия мудофаа вазирлиги: Россия кенг кўламли артиллерия зарбаларига таянмоқчи
Буюк Британия мудофаа вазирлиги навбатдаги хабарномасида Россия ҳужумларнинг фуқаровий инфратузилма зарарига мутаносиблиги билан ҳисоблашмаган ҳолда Украина шаҳар ва қишлоқларига қарши артиллерияни ишга солишга тайёрлигини билдирди.
Нишонларни аниқлаш имкони чекланганлиги, фронт чизиғидан ташқарига жанговар авиация йўллаш қалтислиги сабабли Россия қўшинлари, катта эҳтимол билан, артиллериядан аниқ бир нишонни кўзламасдан сидирғасига зарба бериш йўлига ўтиши мумкин.
Яқин ҳафталарда Россия Донбассдаги ҳужумларни кучайтиришга уриниб, кенг кўламли артиллерия зарбаларига таянишда давом этади, деб ёзади Британия Мудофаа вазирлиги.
Америка урушни ўрганиш институти (ISW) ёзишича, Россиянинг Харьков теварагидаги бўлинмалари чегарани сақлаб туришга ва украин қўшинларининг шимолга силжишини тўхтатишга ҳаракат қилади.