“Азов” полки аскари: “Таслим бўлиш - ўз жонингга қасд қилиш демакдир”
2 ойдан ортиқ Азовстал пўлат заводи ҳудудида қамалда ётган “Азов” полки жангчиси, “Настояшчее Время” телеканалига берган интервьюсида, “Таслим бўлиш – ўз жонингга қасд қилиш демакдир”, деди.
У, чамаси 50 ярадор аскар жуда оғир аҳволда экани, озиқ-овқат кунда бир маҳал еган тақдирда, 5 кунга етарлик қолгани, ичимлик суви аллақачон тугаб, аскарлар куни бир стакандан “техник” сув ичиб жон сақлаётганини айтди.
“Таслим бўлинг, деб буйруқ беришган тақдирда ҳам буни бажариб бўлмайди. Таслим бўлиш – ўзингни ўлдириш демак. Балки шунинг учун ҳам ҳеч ким бизга бунақа буйруқ бермаяпти. Биз қуршовдамиз, аммо бор захирамиз бу ердан чиқиб олишимизга етмайди. Масалан, ўқ-доримиз оз қолган. Жангга лаёқатли одамларимиз ҳам кўп эмас. Улар мудофаа учун кифоя қилади, аммо қуршовни ёриб ўтиш учун етарли эмас. Қолаверса, масалага дипломатик ечим топилишидан, сиёсатчиларимиз Мариуполдан чиқишимиз хусусида келишувга эриша олишидан ҳануз умид узмаганмиз”, деди Дмитрий Козацкий.
Одессада тинч аҳолига ҳужум бўлди
16 май куни, Россия қўшинлари Одесса вилоятига яна авиазарбалар йўллади: сайёҳлик инфратузилмаси объектлари шикастланди, бинолар вайрон бўлди, жойларда ёнғин чиқди, ярадорлар бор.
Бу ҳақда Украина Қуролли кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги (ОҚ) маълумотига таяниб, “Суспільне” нашри хабар қилди.
Аввалроқ маҳаллий маъмурлар ва ОАВ Белгород-Днестр туманида тутун кўринаётганини маълум қилишган эди. Депутат Алексей Гончаренко ракета дам олиш базаларидан бирига тушганини билдирди.
Хабарларга кўра, бир бола оғир жароҳат олган, яна икки катта киши жабрланган. Уруш шароитида, томонларнинг расмий баёнотларини мустақил равишда текшириш мушкул бўлиб қолмоқда.
Луганск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай “Настояшчее время”га Киев урушга қадар вилоят ҳудудининг қарийб 70 фоизини назорат қилган бўлса, ҳозирда шундан атиги 10 фоизи қолганини айтди.
Вилоятда оғир жанглар кечмоқда, хусусан, Рубежное атрофида ҳамда Северодонецкнинг йўлдош қишлоқлари бўлмиш Воеводовка ҳамда Шчедришчевода.
“Энг хавфли уч йўналиш – Северодонецк йўналиши, Попасная тарафдан ҳамда Белогоровка томондан ёриб ўтиш ҳужумларидир: бу ҳужумлардан душман қўли баланд келган тақдирда ҳудуд Лисичанск – Бахмут трассаси бўйлаб тўлиқ кесиб олинади ва Луганск вилоятининг бутун ҳудуди қуршовда қолад. Фоиз ҳисобида айтиш қийин. Фақат шуни биламанки, бугунги кунда Украина назоратидаги ҳудудлар бу Рубежное атрофи, Северодонецк, Лисичанскнинг йўлдош қишлоқлари, Горск жамоаси ва Бахмут трассаси бўйлаб Донецк вилоятигача қадар ерлардан иборат холос. 2014 йилдан бери вилоят ҳудудининг 30 фоии босиб олинган эди. Кенг кўламли уруш аввалида украин қўшинлари фронт чизиғини чўзиб юбормаслик ва мағлуб бўлмаслик учун анча орқага чекинди. Очиғи, бу тактика тғри бўлганини ҳаммамиз тушунамиз, чунки икки ярим ой ўтган бўлса ҳамки, Россия армияси Луганск вилоятидан ўта олмаяпти”, деди Сергей Гайдай.
Аскарлар Украина-Россия чегарасида
Украина Мудофаа вазирлиги, аскарлар Украина-Россия чегараси яқинидаги Харков вилоятида экани айтилган видеони эълон қилди.
Кадрларда ҳарбий кийимдаги эркаклар кўк ва сариқ чегара белгиси ёнида тўплангани ва улардан бири чегарага етиб келганини айтиб хурсанд бўлаётгани акс этган.
Мазкур видео вазирликнинг Фэйсбук саҳифасида эълон қилинди ва унга Харков Қуролли Кучлари батальони “русларни қувиб чиқарди ва чегарага йўл олди” деган ёзув илова қилинган.
Бу видеони эълон қилган Рейтерс агентлиги видео ёзиб олинган вақт ва жойга оид маълумотларни мустақил равишда текшира олмаганини илова қилди. Украина Мудофаа вазирлиги ҳам кадрлар ёзиб олинган вақтга аниқлик киритмади.
ЕИ қарорига "тушов"
Душанба куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари, Россия нефтига эмбарго қўллашга қарши ветосини бекор қилиши учун, Венгрияга оммавий равишда босим ўтказишга ҳаракат қилди.
Литва эса “бир аъзо давлат блок ҳаракатига тушов” бўлаяпти, деб кескин баёнот берди.
"Ҳозир, афсуски, бутун Европа иттифоқи бир аъзо давлат касрига қолмоқда, бу бизга ечим топишда ёрдам бермайди", деди Литва Ташқи ишлар вазири.
Еврокомиссия томонидан май ойининг бошида таклиф қилинган эмбарго, Москва учун февраль ойидан кейинги энг қаттиқ санкция бўлади.
Бироқ бу Европа Иттифоқининг, Россия нефтига энг кўп қарам бўлган давлатларига унчалик ҳам манзур келаётгани йўқ.
Аммо Москванинг Европа Иттифоқидаги энг яқин иттифоқчиси бўлган Венгрия, Россия нефти ўрнини қоплаш учун, иттифоқдан юзлаб миллион евро талаб қилишини билдирган.
Европа Иттифоқи эмбарго жорий этиши учун 27 давлатнинг барчаси рози бўлиши керак.
Бироқ, Австрия ташқи ишлар вазири Александр Шалленберг Европа Иттифоқи яқин кунларда Россияга қарши олтинчи санкциялар пакети бўйича келишувга эришишини кутаётганини айтди.