Россия аскарлари икки эркакни орқасидан отгани акс этган видео CNNда берилди
CNN телеканали Украинадаги тинч аҳолининг рус ҳарбийлари томонидан ўлдирилишига оид иддаоларни қувватлайдиган видеони чоп этди.
Телеканал тарқатган видео Киев яқинидаги автосалонлардан бирига ўрнатилган хавфсизлик камерасидан олинган. 16 март куни рус ҳарбийлари шаҳарни олишга уринган пайтида, бу автосалонга ҳам ҳужум қилинган.
Видеодаги тасвирдан кўринишича, Россиянинг 5 аскари автосалонга киришга уринар экан, деразаларни синдириб, қулфни ўққа тутади.
Шу пайтда, уларга қўлларини кўтарган икки эркак яқинлашади. Булар салоннинг эгаси ва қоровули бўлган. Аскарлар уларни тинтув қилади, кейин қисқа мулоқотдан сўнг воқеа жойидан узоқлашади.
Аммо, икки аскар ортга қайтиб, уларга орқасидан ўқ узади. Эркаклардан бири воқеа жойида ўлади. Иккинчиси, оёғидан ўқ ейди ва қоровулхонагача амаллаб бориб ёрдам чақиради, ёрдам келгунича қон йўқотишдан ўлади.
Айни пайтда, бу видеотасвир халқаро жамоатчиликда жиддий норозилик уйғотди. БМТ бу ва шу каби бошқа жиноятлар юзасидан суриштирув ўтказилишини билдирди.
"Излар уруш жиноятлари содир этилганига асос бўлади"
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Мишел Бачелет, шу кунга қадар Украина пойтахти Киев атрофида топилган мингдан ортиқ жасаддаги жароҳат ва ўқ излари уруш жиноятлари содир этилганига асос бўлади, деб баёнот берди.
“Шу кунгача биргина Киев вилоятининг ўзида 1000 дан ортиқ тинч аҳоли жасади топилди. Одамларнинг баъзилари жангларда ҳалок бўлган, бошқалари эса қатл этилган. Яна баъзилар жанговар ҳаракатлар оқибатида орттирилган жароҳат ва вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабабли вафот этган. Улар бир неча ҳафта ертўлаларда бўлишган. Рус аскарлари агар қочишга ҳаракат қилсалар, уларни зўрлаш ёки ўлдириш билан қўрқитган”, дейди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачелет.
"Украинадаги лабораториялар АҚШ молияси билан ишлаган"
Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги лабораториялар, Америка Қўшма Штатлари молияси билан биологик қурол ишлаб чиқарган, деган иддао билан айрим маълумотларни эълон қилди.
Вазирлик ўтказган матбуот анжуманида Россия Қуролли кучларининг радиация, кимё ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи Игор Кириллов, Украина амалда Ғарб давлатлари учун биологик қурол компонентларини яратиш ва янги дори воситаларини синовдан ўтказиш учун тажриба майдони, деб даъво қилди.
Кирилловнинг иддаосича, АҚШ ҳукумати Украинада ҳарбий биологик қурол тадқиқотларини ўтказишдан манфаатдор ва бундай фаолиятни молиялаштирмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги, шунингдек, АҚШ мудофаа бўлими томонидан Украинанинг Харков шаҳридаги руҳий касалликлар шифохонасида тажриба ўтказилган, деб бир талай маълумотларни ошкор қилди. Вазирлик иддаосича, АҚШ тажрибаларида асосан 40 ёшдан 60 ёшгача бўлган, тўйиб овқатланмайдиган эркаклар гуруҳи иштирок этган.
“Тажрибалардан асл мақсадни яшириш мақсадида АҚШ мутахассислари касалхонага учинчи давлат орқали келишган”, деб даъво қилди Россия расмийси.
Россия Украинада уруш эмас, балки махсус ҳарбий операция ўтказиб келаётганини иддао қилади ва Кремл даъвосича, Украина ҳудудида АҚШнинг хавфли биологик фаолияти аниқланган. Россия томони кейинчалик, Украинадаги биологик лабораторияларни текшириш учун тўртта ишчи гуруҳ ташкил қилганини ҳам билдирган.
Украина ва АҚШ ҳукумати бу иддаоларни қатъиян рад этади. Россия томонини ўз иддаосини қувватлайдиган конкерт даллиларни тақдим этишга чақириб келади.
12 май кунги жанглар:
- Харьков вилоятида украин ҳарбийлари Россия чегарасига томон илгарилашда давом этди. Россия қўшинлари туни билан Днепропетровск вилояти шаҳарларини ўққа тутди.
- Луганск вилоятида Рубежное, Северодонецк, Ореховое, Тошевка, Горское, Врубивка, Камишеваха, Первомайск учун қизғин жанглар давом этяпти, дея маълум қилди Луганск вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Сергей Гайдай.
- Унинг сўзларига кўра, Россия қўшинлари Северодонецк ва Камишеваха томон силжишга муваффақ бўлган, аммо жанглар тўхтагани йўқ.
- Украина махсус алоқа ва ахборот ҳимояси давлат хизмати ёзишича, Россия ҳарбийлари Кудряшовкани штурм қилмоқда ва Украина Қуролли Кучларини сиқиб қўймоқда. Россия томони ўзини “ЛХР” деб атовчи айирмачилар Рубежноени деярли тўлиқ назорат қилаётганини иддао қилди.
- Уруш шароитиди томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор текширишнинг имкони йўқ.
- 12 майга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Чернигов вилоятининг Новгород-Северский шаҳрини ўққа тутди. Вилоятдаги ҳарбий маъмурият раҳбари Вячеслав Чауснинг айтишича, зарбалар муҳим инфратузилма объектларига, мактаблар, хусусий уй ва маъмурий биноларга йўлланган. Ўлганлар ва ярадорларга оид маълумотлар аниқлаштирилмоқда. Жойларда қутқарувчилар ҳамда шифокорлар ишлаяпти.
- Чернигов вилояти Россия босқинини биринчилардан бўлиб қарши олган эди. Вилоят бўйича 700 га яқин одам ўлди, ўнлаб кишилар ҳанузгача бедарак. Черниговнинг бир қисми бир ой мобайнида Россия оккупацияси остида қолди.
- Донецк вилоятида Россия ҳарбийлари Лиман, Бахмут, Авдеевка, Северск ҳамда Кураховога ҳужумларни давом эттиришмоқда. Украина томонига кўра, Россия армияси Шимолий Донец дарёсидан ўтиб олиш учун Кременная яқинига понтон ва махсус техникаларни келтирган. Россиядан Донецк ва Луганск вилоятларига қўшимча кучлар ташлангани ҳақида 12 май куни эрталаб Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров маълум қилган эди.