Москвада 9 май парадида ўтган йилгидан кам одам ва техника қатнашади
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 2022 йил 9 май куни Қизил майдондаги парад бир йил олдингига қараганда кичикроқ бўлади. Камроқ одам ва камроқ теника қатнашади.
Москвадаги бу йилги парадга бирорта хорижлик етакчи келмайди.
Россия Мудофаа вазирлиги эълон қилган парад таркиби ҳақидаги маълумотларга кўра, 2022 йилги парадда 129 та ҳарбий техника қатнашади.
2021 йилда эса 191 та ҳарбий техника Қизил майдондан ўтган эди.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 10 мингга яқин одам, жумладан казаклар, “Юнармия” ҳарбийлаштирилган ҳаракати болалари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари парадда қатнашади.
2021 йилда парадга 12 000 киши жалб этилган эди.
АҚШ Конгресси Украинага 33 миллиард долларлик ёрдамни тезда маъқуллаши кутиляпти
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Конгресс яқин орада президент Жо Байденнинг Украинага 33 миллиард долларлик ёрдам пакети бериш ҳақидаги сўровини маъқуллашига умид билдирди.
Чоршанба куни Байден Конгрессдан Киевга 20 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам, шунингдек, 8, 5 миллиард долларлик иқтисодий ёрдам ва 3 миллиард долларлик гуманитар ёрдам берувчи кредит-лизинг қонунини тезда тасдиқлашни сўраганди.
Шунга ўхшаш қонун Иккинчи Жаҳон уруши пайтида қабул қилинган. Ўшанда АҚШ Европадаги иттифоқчиларига, жумладан Совет Иттифоқига ёрдам берганди.
Украина президенти Владимир Зеленский кечаги нутқида АҚШга миннатдорчилик билдирди.
"Мен Америка Қўшма Штатлари Президенти Байдендан ва Конгрессдан Россияга қарши курашда, рус босқинчиларига қарши курашдаги катта ёрдами учун миннатдорман. Бу фашистларга қарши курашда катта ёрдам берди. Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳозир ҳам шундай бўлади”, деб таъкидлади Зеленский.
Демократлар ҳам, республикачилар ҳам Байденнинг илтимосини имкон қадар тезроқ маъқуллашга тайёр эканликларини эълон қилишди.
Луганскда артиллерия ҳужумлари оқибатида 20та бино ва иккита мактаб вайрон бўлди
Луганск вилояти маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай Россия кучларининг артиллерия ҳужумлари оқибатида Рубижне, Новодружеск, Горский, Орехово ва Северодонецкда 20 турар-жой биноси ва иккита мактаб вайрон бўлганини билдирди.
Гайдайнинг маълум қилишича, кеча Лисичанскдан унча узоқ бўлмаган Лоскутовкада 70 ёшли эркак ҳалок бўлган, яна бир киши яраланган.
Озодлик уруш шароитида расмийларнинг маълумотларини текшира олмайди.
Гайдай, шунингдек, Попасна шаҳрига кетаётган ичида кўнгиллилар бўлган машинанинг ўққа тутилгани ҳақида ҳам хабар берди. Вилоят маъмурияти раҳбарининг даъво қилишича, россиялик ҳарбийлар машина кетаётган томонга қарата ўт очган. Отишма натижасида ҳеч ким жабрланмаган.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби ўтган кун давомида Украина ҳарбийлари Донецк ва Луганск вилоятлари ҳудудида Россия қўшинларининг 14 та ҳужумини қайтарганини маълум қилди. Шунингдек, улар Запорожье йўналишида Украина қўшинларининг артиллерия ҳужумлари давом этаётгани, Николаев йўналишида эса руслар ҳаводан разведка қилишни кучайтирганинини айтишмоқда.
Олег Тиньков урушга қарши сўзларидан сўнг “Тинькофф” гуруҳи акцияларини сотмоқда
Россиядаги энг йирик бошқарув ва инвестиция ширкатларидан бири бўлмиш “Интеррос” TCS Group (ёки “Тинькофф” гуруҳи)нинг банкир Олег Тиньков оиласига тегишли 35 фоиз акцияларини сотиб олади.
“Интеррос” эгаси тадбиркор Владимир Потанин Россия президенти Владимир Путинга яқин одамлардан биридир.
TCS Group ширкатининг 35 фоиз акциялари бозор қиймати тахминан 2,4 миллиард долларни ташкил этади. Аммо РБК манбаси олди-сотди музокараларида бундан қарийб етти карра кам – 350 миллион доллар нарх муҳокама қилинаётганини айтган.
“Нафақага чиқиб, соғлиғим ва оилам ҳақида ўйлайдиган пайт келди”, деган Тиньковнинг ўзи акциялар сотилиши ҳақидаги хабарга изоҳ бераркан.
Тиньков ҳозирда чет элда яшамоқда. Аввалроқ у Россиянинг Украинага қуролли босқинини кескин танқид қилиб, бу урушни “телбалик” деб, уни оқлаётганларни эса “тўнкалар” деб атаганди.