Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:05

Президент қароридан кейинги уч ўлим. Қийноқлар яна "мунтазам тус олмоқда"


Қашқадарё вилояти Нишон туманида 25 июль куни содир бўлган ҳодиса акс этган видео скриншоти.
Қашқадарё вилояти Нишон туманида 25 июль куни содир бўлган ҳодиса акс этган видео скриншоти.

Шу йилнинг 25 июль куни Қашқадарё вилояти Нишон тумани ИИБнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимига олиб келинган фуқаро Нурсоат Муҳаммадиевнинг жасади яқинларига топширилди.

ИИБ органи унинг вилоят наркологик диспансерида вафот этгани, марҳумнинг яқинлари эса унинг уриб ўлдирилганини иддао қилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда марҳумнинг яқинлари унинг танасида қийноқ излари борлиги, марҳумни олиб кетган милиция ходимларининг мастлиги ва ўз яқинларининг қийнаб ўлдирилганини иддао қилишмоқда.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Қарши тумани прокуратураси расмийси мазкур ҳолат юзасидан Қарши тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди.

Суриштирув доирасида Қашқадарё вилояти наркология диспансери ва Нишон тумани ИИБ ходимларининг хизмат фаолиятига баҳо берилади.

Деновда фуқаронинг ўлдирилгани тасдиқланди

Шу йилнинг 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Сурхондарё вилояти Денов туманида профилактика инспектори ва унинг икки ёрдамчиси фуқарони уриб ўлдирганини тасдиқлади.

“Йўлда профилактика инспекторининг ёрдамчилари Ҳ.Хушматовни бир неча бор уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда Ҳ.Хушматов 11 июль куни шифохонада вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Денов туман прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 104 - ва 206-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган,” — дейилади Бош прокуратура хабарида.

Маълум бўлишича, 10 июль куни Сурхондарё вилояти Денов тумани Оқтом маҳалласида яшаган Ҳасан Хушматовни ички ишлар ходимлари автомашинага ўтказиб, туман ИИБга олиб кетишган.

Фуқаро сўроқлар давомида қийноққа солинади ва олинган тан жароҳатлари натижасида 11 июль куни шифохонада вафот этади.

Тахиатошдаги ўлим

Шу йилнинг 29 июлида ижтимоий тармоқларда фуқаро Бахтияр Даулетмуратовнинг Тахиатош тумани ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилиб, бир муддатдан сўнг унинг жасади қайтарилгани борасида маълумотлар пайдо бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига кўра, фуқаро профилактика инспектори Саламат Баймуратов томонидан олиб кетилиб, туман ИИБда тан жароҳати етказилгани ва унинг вафот этгани муносабати билан терговолди суриштириувлар бошланган.

Маълум қилинишича, ИИБ ходимлари хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ва марҳум Б.Даулетмуратовнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

«Терговга қадар текширув ҳаракати шахсан Қорақалпоғистон Республикаси прокурори назоратига олинган. Натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади», дейилади Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси хабарида.

Президент қароридан сўнг содир бўлган уч ўлим

Шу йилнинг 26 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев "Қийноқ қурбонларини қўллаш халқаро куни”да қийноқларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги янги қарорни имзолаганди.

Қарорга кўра, Ўзбекистонда Омбудсман ҳузурида қийноқларни аниқлаш бўйича гуруҳ ташкил этилди. Эндиликда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва етказилган зарарни компенсация қилиш тизими ҳам йўлга қўйилади.

БМТ 1997 йили 26 июнни “Қийноқ қурбонларини қўллаш халқаро куни” дея эълон қилган.

1984 йили қабул қилинган “Қийноқларга қарши конвенция”га қўра, қийноқ қўллаш ҳар қандай шароитда ноқонуний ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳам ушбу конвенцияга қўшилган ва ўз аҳолисини қийноқ жиноятларидан ҳимоя қилиш мажбуриятига эга.

Шунга қарамай президент қароридан сўнг Денов, Нишон ва Тахиатошда фуқароларни қийнаш билан боғлиқ жиноятлар содир этилди. Ҳар учала ҳодиса одам ўлими билан якун топди.

Президентнинг янги қарорига кўра, уч ой муддатда қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартиби ишлаб чиқилади.

Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади.

Фаоллар қийноқлар билан боғлиқ вазиятдан хавотирда

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, вазият ўта таҳликали. Қийноқлар муаммоси тизим билан боғлиқ ва унинг яқин орада ҳал қилинишига ишонч йўқ.

“Қийноқлар, афсуски, систематик тус олмоқда. Ҳолбуки, Президент Шавкат Мирзиёев БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг сўнгги мажлисида бу муаммонинг тўла баратараф этилиши билан боғлиқ муждаларни гапирганди.

Бу ўринда ягона президентнинг ташаббускорлиги етарли эмас. Ички ишлар тизими, тергов-суриштирув фаолияти билан боғлиқ вазият ўзгармас экан, қийноқлар давом этаверади. Сўнгги уч ҳолат ҳақиқатан ҳам муаммонинг маддалаб бораётганини кўрсатмоқда” дейди А. Ташанов.

XS
SM
MD
LG