Линклар

Шошилинч хабар
19 май 2024, Тошкент вақти: 06:56

Собиқ МХХ зобити қийноққа солингани ҳақидаги ариза БМТ қўмитасига топширилди


Одилжон Йўлдошев Валижон ва Алибек исмли ўғиллари билан. Расм 2007 йилда олинган
Одилжон Йўлдошев Валижон ва Алибек исмли ўғиллари билан. Расм 2007 йилда олинган

Ўзбекистонда Туркманистон фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, 15 йилга қамалган собиқ 52 яшар МХХ зобити Одилбек Йўлдошев озод қилиниши талаб қилинган ариза БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига топширилди.

2011 йилдан бери қамоқда ушлаб турилган Йўлдошев, адвокат Сергей Майоровнинг сўзларига кўра, ҳибсга олинганининг дастлабки кунлари Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ҳибсхонасида қийноққа солинган. Майоров Озодлик билан суҳбатда 6 бўлим ва 70 банддан иборат 16 варақли ариза жорий йилнинг 29 мартида БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси Олий комиссари шикоятлар бўлимига етиб боргани ҳақида почта билдиргиси олганлигини айтди.

Майоров Инсон ҳуқуқлари пактлари бўйича индивидуал шикоятларни қабул қиладиган дунëдаги ягона орган - БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитасига юборилган ариза нусхасини Озодликка тақдим қилди.

“Адвокат Сергей Майоров Ўзбекистон Республикасига қарши” деб бошланадиган аризада “қийноққа солинган маҳкум Йўлдошевнинг зудлик билан озод қилиниши талаб этилади.

Бу талаб аризанинг бешинчи бўлимидан ўрин олган:

а) Ўзбекистон Республикаси Одилжон Йўлдошевнинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар халқаро пактнинг (ФСХП) 7-моддасига биноан ҳуқуқларини бузганлигини, унга қийноққа солмаслик ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган муомала ёки жазога тортилмаслик ҳуқуқини рад этганлигини эълон қилиши керак.

в) Ўзбекистон Республикаси Одилжон Йўлдошевнинг ФСХП нинг 10-моддаси 1-бандига биноан ҳуқуқларини бузганлигини эълон қилиши ва унга озодликдан маҳрум қилинган барча шахсларга оид инсоний муомала қилиш ҳуқуқи ва ўз қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилганини эътироф этиши лозим.

д) Ўзбекистон Республикаси Одилжон Йўлдошевга ФСХП нинг 14-моддаси 1-бандига биноан ҳуқуқларини бузганлигини, унга ишнинг адолатли ва очиқ суд мажлисида кўриш ҳуқуқини бериб, унга "махфий" штампни ноқонуний топширганини, уни рад этганлигини эълон қилиши¸ ҳукмни қабул қилиш ва апеллятсия инстансиясини аниқлаш ҳуқуқи бериши шарт.

э) Ўзбекистон Республикаси Одилжон Йўлдошевнинг ФСХП нинг 14-моддаси 3-бандининг "б" "г" кичик бандлари ҳуқуқларини бузганлигини, унга етарли вақт ажратиш ҳуқуқини рад этганлигини ва ўзларига қарши кўрсатма бериш ёки айбини тан олишга мажбур қилганлигини эълон қилиши адвокат Сергей Майоров ëзган ва БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига топширилган аризадда талаб қилади.

Шу билан бирга аризада

а) Суд, апелляция ва назорат жараёнларида чиқарилган ва тасдиқланган маҳкамада Йўлдошевнинг асосий кафолатлар таъминланмаган ва халқаро адолатли суд меъёрларига риоя қилинмай тавсифланган ҳукмни бекор қилиниши талаб қилинади.

б) Ўзбекистон Республикасидан Йўлдошевнинг зудлик билан қамоқдан озод қилиши шарт.

в) Йўлдошевнинг Ўзбекистон Республикаси ватандошлигини тиклаши зарур.

Ҳужжат бошида бу талаблар учун асос бўлган аргументлар келтирилган.

Қовурғаси синдирилган

Сергей Майоров Озодлик билан суҳбатда Йўлдошевнинг муттасил қийноққа тутилгани исботлар билан келтирилганлигини таъкидлайди. Майоровга кўра¸ сўроқ пайтида МХХ ходимлари унинг қовурғасини синдиришгани рентген суратига олинган.

2017 йил ноябрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев судларга қийноқлар ёрдамида олинган ҳар қандай далил-исботни қўллашни тақиқловчи ва фақат суд иши давомида тасдиқланган далил-исбот асосида ҳуқуқий қарор олишни буюрувчи фармонга имзо чеккан эди.

"Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланган фармон 2018 йил мартида кучга кирган.

Ушбу фармонда прокурорлар айбланувчи ё айбланувчи оиласига жисмоний ё руҳий босим ўтказилган ё ўтказилмаганини текширишлари керак, дейилган.

Маҳкумнинг адвокати Сергей Майоров 2018 йилда айнан шу фармон асосида ўз мижози Одилжон Йўлдошевнинг қийноққа солингани бўйича жиноят иши очилишига эришилганини айтади.

“Бошида қамалганида мен унга адвокатлик қилмаганман. Лекин ҳужжатлар билан танишиб чиқдим. Айблов мутлақо сохта далиллар асосига қурилгани шундоқ кўриниб турибди. Қийноқ орқали олинган. Икки йил аввал бу текширилиб, ҳақиқатан қийноқ бўлгани ўртага чиқди. Яъни унинг қийноққа солингани расман тан олинди. Бас, шундай экан, у озод қилиниши ва уни таҳқирлаганлар жавобгарликка тортилиши керак”, - деди Майоров.

Адвокат аризаси асосида Ўзбекистон Олий судининг 2019 йил 16 декабрдаги маҳкамаси Йўлдошев ишини қайта кўриб чиқиб, маҳкумнинг қамоқда жазо ўташ муддатини 15 йилдан 12 йилга камайтирган.

Ўзбекистон Олий суди
Ўзбекистон Олий суди

"Ўзбекистон харитасини туркманларга берган"

Шу кунларда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги УЯ-64/69 колониясида жазо ўтаëтган Одилбек Йўлдошев адвокати Майоровга кўра¸“ўзига ўзи ëлғон кўрсатма беришга мажбурланган”.

“Ҳар бир китоб дўконидан сотиб олиш мумкин бўлган Ўзбекистон ва Тошкент харитасини Туркманистон хавфсизлик хизматига берди, деб айб қўйишган. Хриталарнинг давлат сири эмаслигини судда "Госкомземгеокадастр"нинг аэрогеодезия маркази директори Эргашев тасдиқлади. Шпионаж деб аташ учун “ўзи бўйнига олганидан” бошқа далил-исбот йўқ.”

Маҳкумнинг 22 ёшли ўғли Валижон Йўлдошевнинг Озодликка айтишича, отаси қамоққа олинганининг дастлабки кунлари унга жосуслик айбини бўйнига қўйиш учун Тошкентдаги "Гвардейский" номи билан билинган ДХХ ҳибсхонасида"ўн кун мобайнида қийноққа солишган, қовурғасини синдиришган".

"Қамоққа олинган илк кунлари дадамни ўн кун давомида айбни бўйнига қўйдириш учун тинимсиз калтаклашган. Кейинги ҳолат уч йил олдин бўлган, уни гапиришга мажбурлашган, лекин видео ҳеч қаерда чиқмади. Ва ниҳоят, отам қийноққа солингани бўйича икки йил аввал жиноят иши очилишига эришдик. Лекин муддат ўтиб кетган, дея ишни ёпишди, отамни қийноққа солганлар шу билан жавобгарликка тортилмасдан қолди. Ўрнига 15 йиллик қамоқ уч йилга қисқартирилди. Айблов қийноқ эвазига қўйилгани аниқ бўлди, лекин уни озодликка чиқаришмаяпти”, - дейди Валижон Йўлдошев.

Ўзбекистонда Туркманистон фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, 15 йилга қамалган собиқ МХХ зобити Одилбек Йўлдошев.
Ўзбекистонда Туркманистон фойдасига жосуслик қилишда айбланиб, 15 йилга қамалган собиқ МХХ зобити Одилбек Йўлдошев.

Илонлидан чиққан "Жосус"

Жосусликда айбланган Йўлдошев Туркманистон ССР Тошовуз вилояти Илонли туманида туғилган. 1986 йил Тошкентдаги 45-сон касб-ҳунар билим юртига ўқишга кирган. 1993 йилда ТошДУ тарих факультетини битирган. 1993 йил 30 июлида МХХ шахсий таркибига ишга олинган. 2000 йилнинг 7 декабрида ишдан бўшатилган. 2011 йилги маҳкамада у Ўзбекистон ватандошлигини сохта йўл билан олганликда айбланиб, паспорти беркор қилинган. Ҳозирги кунда Йўлдошев "ватандошлиги йўқ шахс" мақомида жазо ўтамоқда.

Ўғлидан олинган маълумотларга қараганда, Одилжон Йўлдошев МХХдаги ишидан айрилгач, Кореянинг молиявий кўмагида Ўзбекистонда очилган “Койка” беғараз ёрдам ташкилотида ишлаган. 2011 йилда у Туркманистон давлатига жосуслик, уларнинг вакилларига давлат сирларини етказишда айбланиб, 15 йилга қамалган.

Ўғлининг айтишича, тергов ҳужжатларида Йўлдошев касб тақозоси билан Туркманистонга ва Туркманистон элчихонасига бот-бот бориб тургани ва ушбу давлат махсус хизматларига ишлаш учун ёллангани айтилган.

Валижон Йўлдошев ушбу айбловлар тўқиб чиқарилганини таъкидлайди.

"Дадамни СНБдан кетишига битта ҳолат сабаб бўлган. Катта жиноятга кўз юмасан, қоласан, бўлмаса кетасан, дейишган. Дадам рози бўлмаган, шу билан СНБдаги ишидан кетди. ""Койка" деган ташкилотга ишга кирди. Ўша пайтда отам элчихоналарга бориб турарди, жумладан Туркманистон элчихонасига ҳам. Отамга қўйилган айблов ҳужжатларида Туркманистон элчихонасига Ўзбекистондаги Хитой ва Россия ширкатлари ҳақида маълумот бериб тургани, бунинг эвазига 4 минг АҚШ доллари миқдорида пул олгани айтилади. Ўзбекистон харитасини ҳам берган экан. Буларни ҳаммаси обший доступдаги маълумотлар. Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБсидан берилган ўзбек паспорти сохта бўлган ва шу паспорт билан чет давлатларга чиқиб келган, деган айбловлар бор. Буларнинг ҳаммаси тўқиб чиқарилгани ва қийноқ остида бўйнига қўйилгани маълум бўлди”, - дейди Валижон Йўлдошев.

Одилжон Йўлдошевга қўйилган айбловлар юзасидан Ўзбекистон расмий идораларидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ўзини Олий суд матбуот хизмати ходими, деб таништирган мулозим "ҳарбий ва давлат сирларига оид жараëнлар изоҳланмаслиги"ни айтиш билан кифояланди.

Маҳкумнинг ўғли отасини озод этишни сўраб Ўзбекистон Омбудсмени ва Президент қабулхонасига ёзган мурожаатлари жавобсиз қолганини айтди.

Ўтмишда Ўзбекистонда қўшни давлат фойдасига жосуслик айблари билан қатор ҳарбий ва махсус хизмат зобитлари маҳкум этилган.

2014 йилда қўшни Туркманистонга жосуслик қилишда айбдор, деб топилган тўрт нафар қашқадарёликка узоқ йиллик қамоқ жазоларига тайинланган.

Ўзбекистон телевидениеси туркман махсус хизматларининг Ўзбекистонга қарши "душманона фаолияти"га бағишланган кўрсатувда ўзбек-туркман чегарасида жойлашган Таллимаржон сув омборининг собиқ ходимлари бўлган бу шахслар 2009-2010 йиллар давомида қўшни давлат махсус хизматлари билан "ҳамкорлик" қилганликлари иддао қилинган.

XS
SM
MD
LG