Линклар

Шошилинч хабар
09 октябр 2024, Тошкент вақти: 01:55

Қурғоқчилик: Қаршида ичимлик суви қимматлади (ВИДЕО)


Қашқадарё аҳолисига ичимлик суви махсус машиналарда олиб келинади
Қашқадарё аҳолисига ичимлик суви махсус машиналарда олиб келинади

Қарши шаҳри ва вилоят марказига яқин туманлар аҳолиси сувсизликдан қийналаётганидан шикоят қилмоқда. Озодлик суҳбатлашган қаршиликлар ва косонликларнинг айтишича, кейинги кунларда бир тонна ичимлик суви нархи 5 минг сўмга қимматлаб, 30 минг сўмга чиқди.

Қашқадарё вилоят “Сувоқова” корхонаси мутасаддилари сув билан таъминлаш лойиҳаси устида олиб борилаётган қурилиш ишлари туфайли Қарши шаҳри, Косон, Чироқчи ва Муборак туманлари аҳолисига ичимлик суви етказишда муаммолар кузатилаётганини тан олди.

"Қашқадарёда сув нондан қимматлаб кетди!"

Қашқадарё вилоят, Косон туман аҳолисига ичимлик суви Кўлбуқа сув иншоотидан машиналарда ташиб етказиб берилади. Озодликка келган хабарларда айтилишича, иншоот олдида сув ташувчи машиналаридан иборат тирбанд вужудга келган.

Қўлбуқа олдидаги вазият тўғрисида Озодлик таҳририятига косонликлар томонидан юборилган видеода сув етишмовчилиги 40 кундан ортиқ вақтдан бери давом этаётганини ҳақида айтилади.

- Қашқадарё вилояти Косон туманининг 30 дан ошиқ қишлоғи сув оладиган Кўлбуқа иншоотида 40 кундан буён сув йўқ. Қарши шаҳар “Сувоқова” сув билан таъминлаши керак. Аҳоли сувсизликдан қийналмоқда. Қаршидан бир машина сувни 180 минг сўмдан ташиб ичишга ҳаммада ҳам пул йўқ. Аҳолига сув беришларини сўраймиз”, деб ёзди видео юборган маҳаллийлардан бири.

Видеода “Қаршисув” подстанцияси олдида сув олишга навбатда турган ўнлаб “водовоз”ларни кўриш мумкин.

"Кўлбуқа корхонаси олдида водовозлар тирбанди!"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:16 0:00

Озодлик суҳбатлашган қаршиликлардан бири ичимлик суви тақчиллиги ҳам қишлоқ, ҳам марказда кузатилаётганига бир ойдан ошганини айтди.

- Қашқадарё ўзи илгариттан сувга муҳтож жой. Бу йил қуруқ қор ёғди, шу боис ГЭСларимиз, сув омборларимиз сувга тўйинмади. Нафақат ичимлик суви – далаларни суғоришга ҳам қаттиқ қийналяпмиз. Ҳар йили фермерларимиз 10 метр чуқурликдан сув олиб, эҳтиёжларимизни қондириб келаётгандик. Бу йил 10 метрдан ҳам сув чиқмади! Одамлар яна чуқурроқ қазишга мажбур бўлмоқда. Бир вақтлари свет йўқ деб навбатга турарди одамлар, энди сув йўқ деб Қўлбуқа омбори олдида 50-60та сув ташувчи машина навбатда ҳар куни туради. Мен ўзим қишлоқдаги уйимга 1 тонна сувни 25 минг сўмга сотиб олаётгандим – ҳозир 30 минг бўлди тоннаси. 15 кун деганда навбатим келиб ҳовлидаги ҳовузимга сув ташладим, дейди суҳбатдош.

У Қарши шаҳрида кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли баклашка ва бошқа идишларда сув ташиб кун кечираётгани, айримлар кир ювиш учун қишлоқдаги яқинларинига бориб келаётганини ҳам қўшимча қилди.

Косонлик деҳқоннинг айтишича, туман аҳолисининг ҳар бири уйида сув сақлаш учун катта ҳажмдаги махсус контейнерлар мавжуд.

- Ҳовузсиз яшаб бўлмайди. Уй қурган одам биринчи навбатда сув учун ҳовуз қуради. Ҳатто намунали уйларда водопровод суви билан таъминлаш дейилгани билан, 2-3 ёки 6-8 тоннали сув учун ҳовузларни қуриб кетган. Қарши шаҳрининг ўзида сувни фақат сотиб олиб ичасиз! Бирор жойда сув оқиб турганини кўрмайсиз. Бу сувсизлик ҳолати охирги 2-3 йил ичида сезиларли кўриниб қолди, дейди косонлик.

У айрим мутассадиларга қарашли ўзлаштирилган яширин ерлар, иссиқхона ва экин майдонларига ичимлик суви ишлатилаётгани ҳам туманда сув тақчиллигига “ҳисса” қўшаётганини сўзлади.

Маълум бўлишича, Қашқадарёда сувсизликдан экин-тикин қилган деҳқон ва фермерлар ҳам азият чекмоқда.

"Сув тармоғида таъмирлаш ишлари олиб борилган эди!"

Косон туман ҳокимлигида ичимлик суви етишмовчилиги масаласида Озодлик сўровига “линияда таъмирлаш ишлари бўлгани”ни билдиришди.

- Ҳа, муаммо бўлди. Ҳаммаси бироз тортилди ­– Қаршидаям, Косондаям ўзи сув ташиб ичиладику! Олдинроқ тармоқда носозлик юзага келиб, таъмирлаш ишлари бўлганди. Шунинг учун сув бериш вақтинча тўхтатилганди. Ҳозир ҳаммаси жойига тушиб кетган, ҳамма сув олиб ичяпти. Сув бор ҳозир, деди Искандар исмли Косон туман ҳокимлиги мутассадиси.

Қашқадарё вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси биноси
Қашқадарё вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси биноси

Озодлик Қашқадарё вилояти “Сувоқова” давлат унитар корхонаси бўлим бошлиғи Мустафо Ҳимматовга ҳам мурожаат қилди.

Вилоят бош сувчиси охирги бир ойда Қашқадарё марказий туманларида ва вилоят марказида юзага келган сув тақчиллиги муаммосини янги лойиҳа жорий этилаётгани билан изоҳлади:

- Минтақамизда ҳозир катта лойиҳа амалга оширилаяпти. Эртага бизга Франция вакили келяпти бу масалада презентацияси билан. Шу водовозлар ўрнига крандан оқадиган сув қиламиз! Бу лойиҳа “Косон ва Муборак туман марказлари ҳамда магистрал сувга яқин бўлган қишлоқларда ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилиш ва қуриш” деб номланади. Проектга Саудия Арабистони Тараққиёт жамғармаси ва ОПЕК қарийб 51 миллион доллар пул ажратди. Лойиҳа 2022 йилда ишга тушади. Бир ойча қайта таъмирлаш учун сув узатилишини чеклаган эдик.

Қарши, Косондаги сув муаммоси кеча пайдо бўлмаган. Республикада, жаҳонда сув танқислиги бўлиб турганида бизда бу муаммо бўлиши турган гап. “Сувоқова”дан чиқаётган сув кубига 2800 сўмни ташкил этади. Сув ташиётган водовозлар шахсий бўлгани учун ўзини амортизацияси ва ёғ пулини устига қўйяпди, дея тушунтириш берди Қашқадарё вилояти “Сувоқова” корхонаси раҳбари Мустафо Ҳимматов.

Корхона раҳбари юқорида тилга олинган лойиҳа доирасида жумладан Косон туманининг Макрит қишлоғи, Чироқчи туманининг Довдуқ қишлоғи ва Муборакнинг бошқа қишлоқларида жами 35та янги қудуқ қазилишини билдирди.

Косонликларни яна бир йил сабр қилишга чақирган суҳбатдош 2022 йилда Қашқадарё вилоятининг марказий туманларидаги чекка қишлоқларига водопровод суви етказиб берилишини ваъда қилди.

Озодлик сув танқислиги Ўзбекистоннинг кўплаб туман-қишлоқларида кузатилаётганини хабар бериб келмоқда.

Олдинроқ сувсизлик Марказий Осиё минтақасидаги бошқа мамлакатлар хўжалигига жиддий таъсир қилаётгани маълум қилинган эди.

XS
SM
MD
LG