Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:21

Карманада аҳоли норозилигидан сўнг газ ва электр таъминоти яхшилангани айтилмоқда


Навоий вилоят, Кармана туманидаги Каловот маҳалласи аҳли газ ва электр энергияси таъминоти яхшиланишини талаб қилиб, кўчага чиқди. 2020, 16 декабрь.
Навоий вилоят, Кармана туманидаги Каловот маҳалласи аҳли газ ва электр энергияси таъминоти яхшиланишини талаб қилиб, кўчага чиқди. 2020, 16 декабрь.

Навоий вилояти Кармана туман Газ таъминоти ҳамда Электр тармоқлари ходимларининг 18 декабрда Озодликка билдиришича, туман, шу жумладан Каловот маҳалласи аҳолисини табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш изга тушган.

Янгиариқ МФЙ таркибига кирувчи Каловот маҳалласи аҳли газ ва электр энергияси йўқлигидан норозилик билдириб, 16 декабрда катта автомобиль йўлини тўсиб қўйган эди.

Карманаликларнинг норозилик акцияси президент Мирзиёев ҳукуматга газ экспорти ҳажмини қисқартириб, ёнилғини ички истеъмолга йўналтириш ҳақида топшириқ берган кунга тўғри келди.

Каловот маҳалласи аҳлининг 16 декабрь кунги норозилик акциясидан олинган суратларда ўнлаб одам автомобиль йўлида турганини кўриш мумкин.

16 декабрь кунги воқеа акс этган бу суратларни Озодликка жўнатган каловотликнинг ёзишича, “халқ газ, свет йўқлигидан катта йўлни ёпган, катта жанжал бўлган”.

Кармана туман, Каловот маҳалласи аҳлининг норозилик акцияси. 2020, 16 декабрь.
Кармана туман, Каловот маҳалласи аҳлининг норозилик акцияси. 2020, 16 декабрь.

Озодликка мурожаат қилган каловотлик “ҳеч ким муаммони ечолмаётганини” ҳам қўшимча қилган.

“Карманагаз” ходими: 2 кундан бери газ кўтарилди

“Карманагаз” корхонасининг исми айтилмаслигини сўраган ходими Озодликка калавотликларнинг 16 декабрдаги чиқишидан сўнг газ таъминоти яхшиланганини билдирди:

“Газ берилди. Ҳамма жой бир меъёрда таъминланяпти. Норозилик тўхтади. Кечадан буён “газ йўқ, газ пасайди”, деб одамлар ҳеч қаёққа чиқмаяпти. Ҳамма маҳаллага бир хил бериляпти.

“Карманагаз” ходими аҳоли норозилигига “газ пастлиги сабаб бўлган”ини тан олди. Вазият эса, мана бундай ўнгланди:

“АГРСлардан (АГРС - автоматик газ тақсимлаш станцияси) газ қўшилди. Шу кунда 16,2 босим билан газ ўтяпти. Ҳаво совиб кетса, босимни янада орттиришимиз мумкин. 2 кундан бери Одамларни қониқтирадиган даражада газ бериляпти”, - деди ходим.

“Карманагаз” ходими ўз уйида газ ёниб турганини қўшимча қилди:

“Уйимда шу кунда газ яхши, зангори ёняпти, агар босим паст бўлса, сариқ ёнади ва ис газини кўп чиқаради. Овқат пишяпти, чой қайнаяпти”.

Электр тармоқлари: 16 декабрда 2 трансформаторни созладик

Кармана туман Электр тармоқлари корхонаси ходими (бу ходим ҳам исми айтилмаслигини маъқул кўрди) айтишича, 16 декабрь куни аҳоли норозилик билдирган жойга у ишлайдиган корхона вакиллари ҳам борган. “Бироқ каловотликларнинг норозилиги асосан газдан бўлган эди”, - деди у.

Кармана туман, Каловот қишлоғи аҳлининг норозилик акцияси. 2020, 16 декабрь
Кармана туман, Каловот қишлоғи аҳлининг норозилик акцияси. 2020, 16 декабрь

“Каловот маҳалласи токни иккита трансформаторимиздан олади. 141-трансформатордаги нуқсон ўша куни (16 декабрь) соат 13.20 да тузатилган ва кучланиш берилган ва ўшандан кейин свет ўчмаган. Бошқа трансформатор қизиб кетган ва ўша куни 15.55 да алмаштирилган. Айни дамда ҳеч қаерда узилиш йўқ” , - деди Кармана Электр тармоқлари ходими Озодликка 18 декабрь куни Тошкент вақти билан соат 14.06 да.

Ходимнинг айтишича, электр истеъмоли устидан назорат марказлаштирилган:

Агар истеъмолчининг қарзи бўлса, Тошкентдан турибоқ ўчириб қўйишади. Чунки ҳозирда бутун мамлакат бўйича ягона маълумотлар базаси ишга тушган. Қарзи бўлса, худди телефон компаниясидай ўчириб ташлайди. Биз ўзимизча ўчира олмаймиз”.

Электр тармоқлари вакилининг айтишича, каловотликлар норозилик акцияси ўтказган кун арафасида электр таъминотида кўп узилишлар бўлган эди:

“15 декабрда кўп узилишлар бўлди ва ўша кунги камчиликларни 16 декабрда ўнглаб чиқдик. 15 декабрда ҳаво совуқ бўлди ва Карманада ўша куни газ йўқ эди. Бироқ сўнгги икки кундан бери (17, 18 декабрь) туманда оммавий ўчиришлар йўқ”.

Ходимнинг айтишича, Кармана тумани табиий газ билан иситиладиган ҳудудлар рўйхатига киритилган. Шунинг учун туманга электр энергияси фақат ёритиш ва маиший техникани ишлатиш учун ажратилади. “Трансформаторларимиз ҳам шунга мўлжалланган. Иситиш учун мўлжалланган эмас. Газ кўтарилувди электр таъминотидаги узилишлар ҳам ўз ўзидан тўхтади”, - деди ходим.

Озодлик калавотликларнинг ўзи билан боғлана олмади. Кармана туман Электр тармоқлари ходими оптимизмига шу тумандаги Катта мачит қишлоғида яшовчи журналист Дилдора Боймуродова шерик бўлмади:

“Каловот маҳалласи биздан 15 чақирим нарида. 16 декабрь кунги воқеадан хабарим йўқ. Лекин электрнинг ўчиб туриши - бор гап. Мана бугун эрталаб 6 ларда ҳам ўчди. Ҳар куни ҳеч йўқ бир марта ўчади. Ўчгандаям ё нонушта ёки кечки овқат пайтида ўчади”, - деди журналист 18 декабрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Журналистнинг айтишича, каттамачитликларда табиий газ муаммоси йўқ. “Қишлоғимиз ёнидан газ магистрали ўтгани учунми, билмадим, ҳар қалай, газимиз яхши”.

Озодлик туман аҳолисини энергия билан таъминлаш билан боғлиқ вазиятни шарҳлаб беришини сўраб, Кармана туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Жамшид Бобомуродов билан боғланди. Ҳоким муовини саволни эшитганидан сўнг алоқа ёмонлашганини айтиб, узиб қўйди.

Энергетика инқирози бошланганидан бир ой ўтиб...

16 декабрь кунги видеоселекторда Шавкат Мирзиёев ҳукуматга газ экспорти ҳажмини қисқартириб, ички истеъмолга йўналтириш ҳақида топшириқ берганини маълум қилди.

Бу жорий йилнинг ноябрь ойи охирги ўн кунлигида мамлакатда газ ва электр тақчиллиги кузатила бошлаганидан буён ўтган қарийб бир ой вақт мобайнида Мирзиёевнинг айни муаммога биринчи бор эътибор қаратишидир.

Мирзиёев 2016 йил декабрида президентликка келишидан аввал аҳолининг газ ва электр муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт ичида вазият ижобий томонга ўзгармаган, бу йил эса ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетиши энергетика соҳасидаги жиддий бўҳронга сабаб бўлди.

Қатор ҳудудлар, жумладан, Андижон ва Бухорода совуқда қолган аҳолининг норозилик чиқишлари кузатилди.

Мутахассисларга кўра, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ вазият оғирлигича қолмоқда. Муаммонинг илдизи ўтган 30 йил давомида энергия ишлаб чиқарувчи янги қувват манбаларининг яратилмаганида.

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев 90-йиллар бошида Ўзбекистон қўшни Қозоғистон билан деярли бир хил - йилига 50 млрд кв/соат атрофида электр қуввати ишлаб чиқаргани, бугунга келиб мамлакат деярли 30 йил олдинги кўрсаткичда қолиб кетганини айтган эди. Айни пайтда Қозоғистон электр қуввати ишлаб чиқаришни икки баробарга кўпайтирган.

XS
SM
MD
LG