Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2020, Тошкент вақти: 00:18

Минглаб ишчиси ғалаëн қилган Enter Engineering эгалари ким?


Enter Engineering ва Eriell Group назорат пакет акциялари эгаси¸ ўз эътирофига кўра¸ Бахтиëр Фозиловдир.

Ўзини Ўзбекистондаги саноат қурилишидаги етакчи компания сифатида тақдим этиб келаëтган Enter Engineering¸ расмий сайтидаги маълумотга кўра¸ 20 мингга яқин ишчи ва мутахассисга эга.

2012 йили таъсис этилган Enter Engineering газ конларида инфраструктура ва фуқаролик иншоотлари қуриш бўйича Ўзбекистондаги етакчи компанияга айланган.

2017 йили бу компания Ҳисор конлар гуруҳидаги йирик объектларни тантанали равишда топширган ва маросимда Бош вазир Абдулла Арипов иштирок этган эди.

Айни пайтда¸ Тошкентдаги “Ҳумо” спорт аренасини ҳам Enter Engineering қурган ва бунинг учун компаниянинг қатор раҳбарлари Ўзбекистон президенти томонидан тақдирланган.

Компания расмий сайтида унинг акционерлари ҳақида бирор маълумот йўқ.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра¸ компания президенти ва акцияларнинг контрол пакети эгаси Бахтиëр Шуҳратович Фозиловдир. Асли самарқандлик 45 яшар Фозилов Тошкент Иқтисодиëт университетининг Халқаро иқтисодий алоқалар йўналишини тугатган.

2003 йили АҚШда Марказий Осиëдаги нефть ва газ ширкатларига эҳтиëт қисмлари етказиб бериш билан шуғулланган Denmount Commercial LLC ширкатига асос солган Фозилов 2004 йилдан бери ERIELL гуруҳи бошқаруви раисидир.

9000 ишчига эгалиги айтиладиган ERIELL group асосан Россиянинг газ ва нефть компаниялари¸ хусусан¸ Роснефть¸ НОВАТЕК¸ Газпром нефть¸ LUKOIL билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Россия нашрларининг ëзишича¸ 2011 йилда Газпромбанк ERIELL компаниясининг 46% акцияларини сотиб олган¸2015 йилга келиб бу акциялар миқдори 39,6% га тушган.

Россия матбуотига кўра¸ Фозиловнинг 2015 йил ноябрида Қибрисда рўйхатга олинган Altmax Holding Ltd ширкати Surhan Gas Chemical Operating Companyга қарашли акцияларнинг 75 фоизи эгаси ҳамдир.

2018 йил февралида Ведомости нашри Россиядаги энг йирик аграр тузилмалардан бири «Воловский бройлер»нинг 31¸5 фоиз акциялари эгаси Бахтиëр Фозилов эканини хабар қилган эди. Нашр¸ «Воловский бройлер» акцияларининг 24 фоизи Фозиловнинг бизнес шериги Шариф Иноятовники эканини ëзди. Шариф Иноятов эса¸ Ўзбекистондаги энг қудратли шахслардан бири¸ МХХ собиқ раиси¸ генерал Рустам Иноятнинг ўғлидир. Ҳозирда сенатор ва президент маслаҳатчиси сифатида ҳукуматда ишлаëтган Рустам Иноятов¸ айтилишича¸ ҳамон мамлакат сиëсий ва иқтисодий ҳаëтидаги кучли таъсирини сақлаб қолмоқда.

Жорий йилнинг май ойида bne IntelliNews интернет нашрига берган интервьюсида Фозилов ўзининг нафақат ERIELL ва Enter Engineering акциялари назорат пакети¸ балки Ўзбекистондаги энг йирик фосфат ўғит ишлаб чиқарувчи Ferkensco ширкати эгаси эканини ҳам айтган.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг 2020 йил 5 февраль кунги қарори билан "Самарқандкимë" заводи акциялари ноль қийматда Бахтиëр Фозиловнинг Қибрисда рўйхатга олинган "Ferkensco Management L imited" ширкатига берилди. Яна бир йирик давлат объектининг ëпиқ қарор билан тендер ва танловсиз ҳокимиятдагиларга алоқадор компанияга текин ва имтиëзлар билан берилгани мустақил иқтисодчилар томонидан коррупцияга қарши кураш ва шаффофлик ҳақидаги Мирзиëев ҳукумати ваъдаларининг амалга ошмаëтгани намунаси сифатида талқин этилган эди.

Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар¸ Enter Engineering ширкати Ўзбекистонда рўйхатга олинган "ENTER EXIM TECHNOLOGY"¸ "ENTER MACHINERIES SERVICE" ва "UzLITI ENGINEERING" каби МЧЖлар таъсисчиси эканини кўрсатади.

Айни суҳбатда Фозилов¸ Enter Engineering “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда Зангиотада 68 гектарлик ҳудудда коронавирусга чалинган беморларга мўлжалланган 10 минг ўринлик касалхона қураëтганини ҳам билдирган эди.

ERIELL ва Enter Engineering компанияларининг пандемия давридаги фаолиятига тўхталган Фозилов¸ “ўз ишчи-хизматчиларининг ижтимоий масофа ва санитария стандартларга мос ишлашлари учун барча шароит яратиб берилгани”ни иддао қилган.

Ўзбекистон иқтисоди¸ хусусан¸ энергетик секторда Шавкат Мирзиëев келгандан кейинги жараëнлардан яхши хабардор Тошкент мулозимлари ERIELL¸ Enter Engineering¸ Epsilon ва Jizzakh Petrolium каби бу соҳада монополия мақомидаги ширкатларнинг бевосита олий раҳбариятда ўтирган шахслар назоратида эканини айтади.

Хусусан¸ Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан гаплашган мулозимлардан бири бу компанияларга берилаëтган кўп миллиард долларлик шартномаларнинг жамоатчиликдан мутлақ сир тутиб келинаëтганини мамлакатда Россия услубидаги олигархиялашувнинг жадаллашгани мисоли сифатида келтирган эди.

Ўзбекистон ва Россия хавфсизлик тизимларидаги қудратли шахслар билан яқин бизнес алоқаларига эга Бахтиëр Фозилов 2019 йил декабрида Шавкат Мирзиëев томонидан “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Мирзиëевнинг 4 миллиард долларлик лойиҳаси

Шавкат Мирзиëев Ўзбекистон президенти этиб сайланиши билан имзолаган ҳужжатлардан бири «Шўртан ГКМ метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш» инвестицион лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарордир.

2016 йил декабрида чиққан шу қарор асосида Қашқадарёда табиий газдан синтетик ёнилғи ишлаб чиқарувчи завод лойиҳаси устида иш бошланди.

Uzbekistan GTL (gas to liquids ёки суюлтирилган газ олиш) лойиҳасининг президент қарорида ëзилган дастлабки қиймати 2,6 миллиард доллар деб баҳоланган бўлса¸2020 йилга келиб бу нарх қарийб 4 миллиард долларга кўтарилди.

Жорий йилнинг 6 март куни “Uzbekistan GTL” компанияси бош директори Фахриддин Абдурасулов маҳаллий матбуотга¸ "завод умумий қиймати 3,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши"ни билдирди.

2018 йил декабрида лойиҳа қурилиши учун¸ давлат кафолати билан 11 кредиторнинг 2,3 млрд долларлик маблағини жалб этилиши хабар қилинди. Улар орасида Хитой давлат ривожланиш банки, Корея Экспорт-импорт банки (KEXIM), Корея савдо суғурта корпорацияси K-SURE, «Газпромбанк», Россия экспорт кредитлари ва инвестициялар суғуртаси бўйича агентлиги (ЭКСАР), Credit Suisse банки, Япониянинг MUFG, SMBC ва Mizuho банклари борлиги айтилди.

Маҳаллий матбуот¸ 2¸3 миллиардлик қарзнинг 1 миллиард доллардан ошиғини Хитой, 600 млн доллардан кўпини Жанубий Корея ва 700 млн долларга яқинини қолган кредиторлар ажратишини маълум қилди.

АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатаси ҳамраиси Carolyn Lamm Ислом Каримов ҳукумати билан ҳам яқин ҳамкорлик қилиб келган.
АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатаси ҳамраиси Carolyn Lamm Ислом Каримов ҳукумати билан ҳам яқин ҳамкорлик қилиб келган.

Globallegalchronicle.com нашри 2019 йил 8 июль кунги хабарида Uzbekistan GTL лойиҳаси учун 2¸3 миллиард долларлик сармояни жалб этишда АҚШдаги White & Case LLP адвокатлик фирмасининг беш адвокати консультантлик қилганини ëзди. АҚШ-Ўзбекистон Савдо палатаси ҳамраиси Каролин Лэм White & Case фирмаси партнëридир.

Завод қурилишининг бош пудратчиси қилиб Кореяда расмийлаштирилган Hyundai Engineering, Hyundai Engineering and Construction¸ шунингдек¸ Сингапурда рўйхатдан ўтган Enter Engineering танланди.

Озодликка кейинги икки йил давомида келган хабар ва видеолардан қурилишни асосан Enter Engineering компанияси амалга ошираëтгани кўрилади.

2020 йил охиригача ишга туширилиши режаланган Uzbekistan GTL¸ “Ўзбекнефтгаз” га кўра¸ Ўзбекистонда қазиб олинадиган газдан ички бозор ва экспорт учун йилига 1,5 миллион тонна дизель ёнилғиси, керосин ва сиқилган нефть гази ишлаб чиқаришга имкон беради.

XS
SM
MD
LG