Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:32

Ўзига ўт қўйган аëлнинг низоли уйи закот сифатида қайтарилди. Марҳуманинг онаси рози эмас


Наманганлик аёл ўзига ўт қўйишидан 13 дақиқа аввал устига бензин сепиб, МИБчиларни огоҳлантирган эди.
Наманганлик аёл ўзига ўт қўйишидан 13 дақиқа аввал устига бензин сепиб, МИБчиларни огоҳлантирган эди.

Ўзига ўт қўйиб ўлган наманганлик аëл яшаган уйга даъвогар Аҳадхон Жўраев бу уйни закот сифатида марҳумнинг фарзандларига берaман деган мазмундаги далолатномага имзо чекди. Наманган шаҳар ҳокимлиги мулозими даъвогарга ер ажратилгани ва у ўз навбатида даъвосидан воз кечиб, низоли уйни ўзини ëққан аëлнинг икки етим ўғли учун закот сифатида берганлигини айтди.

Адвокатга кўра¸ закот далолатномаси Ўзбекистонда юридик кучга эга эмас. Марҳуманинг онаси Муҳаббат Дедабаева Озодлик билан суҳбатда ўзи 13 минг долларга сотиб олган уйини ўзига закот қилиб берилгандан рози эмаслигини билдирди.

Озодликда Наманган шаҳар ҳокими Исаев, шаҳар прокурори Йўлдошев, шаҳар ИИБ бошлиғи Ғаниев ва Янги Замин МФЙ раисаси Турғунова имзо чеккан даололатнома нусхаси бор.

“Наманган шаҳар Шаҳрисабз кўчаси, 36- уйни ўрганиш юзасидан далолатнома" деб ëзилган бу ҳужжатга низоли уйнинг ҳужжатлардаги эгаси Аҳадхон Жўраев имзо чеккан.

Далолатнома
Далолатнома

Янги Замин МФЙ юмалоқ муҳри босилган ҳужжатда низоли мулк эгаси Аҳаджон Жўраев ҳокимликдан олган ер участкаси эвазига Шаҳрисабз кўчасидаги уйни ўзини ëқиб юборган Гуландом Дедабаеванинг етим қолган фарзандларига закот сифатида беришга рози бўлгани ëзилган.

Аммо бу уйни 13 минг долларга сотиб олганини айтаëтган Муҳаббат Дедабаева ҳужжатга имзо чекмаган.

Уй низоси бўйича Дедабаевлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаëтган адвокат Анваржон Исматов Озодлик билан 20 октябрдаги суҳбатда бу ҳужжатнинг юридик кучга эга эмаслигини айтди:

“Қонунда уйни закот сифатида бериш деган аниқлама йўқ. МФЙ муҳри босилган далолатнома уйга эгалик борасидаги суд қарорларини бекор қила олмайди. Бу далолатнома асосида кадастрда кўчмас мулк расмийлашмайди. Муаммо ҳал бўлиши учун суд қайта қарор чиқариши керак“.

Низоли уйни сотиб олиб, фирибгарлик қурбони бўлгани суд қарорида айтилган Муҳаббат Дедабаева Озодлик билан 20 октябрь кунги суҳбатда бу даолатнома муаммога ечим бўла олмаслигини таъкидлади:

“Ўзимиз 13 минг долларга сотиб олган уйимизни ўзимизга закот қилиб берса бўлаверадими? Шу қайси қонунга тўғри келади? Бу юқори органлар прокурор¸ ҳоким¸ ва ИИБ бошлиғи муфтий вазифасиниям бажаряпти деганими? Бу қилаëтган ишлари янгичасигаям, эскичасигаям умуман тўғри келмайдику?!Қандоқ қилиб ўзимизнинг уйимизни закот қилиб беришади? Унда нега Гуландомни ўзини ëқишга мажбур қилишди?”

Муҳаббат Дедабаева шу пайтгача ҳеч ким ëрдам бермагани¸ “Президент қизи пул берибди” деган мазмунда ижтимоий тармоқларда тарқаган хабарлар ëлғон эканлгини ҳам таъкидлади:

“Биров келиб бир тийин бермади. Икки етимни уйли-жойли қилишга қувватим йўқ. Қаридим. Пул топиб болаларини боқаëтган қизим ëниб кул бўлди. Қизимдан қолган икки етимни ҳокимлик уйли-жойли қилсин. Икки неварамга икки коттедж берилса адолатдан бўлади”.

Дедабаева ўзи ва икки невараси ҳозир яшаëтган низоли уй расмларини Озодликка юборди. Расмда ойна роми йўқ лойсувоқ бино акс этган. Дедабаева шу чала битган уйнинг бир хонасида дераза ўрнига клеёнка қоқилган харобада истиқомат қилаëттанидан шикоят қилди.

Гуландом Дедабаевани ўзини ëқишга мажбур қилган низоли уй
Гуландом Дедабаевани ўзини ëқишга мажбур қилган низоли уй

Гуландом нега ўзини ëққан эди?

Наманганлик 35 ёшли ёлғиз аёл Гуландом Дедабаева шу йил 29 сентябрь куни ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Яқинларига кўра, Гуландом икки ярим йил аввал сотиб олган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган МИБ ходимларига шу тариқа ўз норозилигини изҳор қилган.

Жанжал Гуландом Дедабаева 2018 йилда 13 минг АҚШ долларига сотиб олган уй устида чиққан.

Уйнинг асл эгаси бошқа киши эканлиги, ўша уйда яшаб турган уй эгасининг қариндоши Ф. Н. алдов йўли билан ҳужжатларни қалбакилаштириб, Гуландомга сотгани бу ишни кўрган Жиноят ишлари Наманган шаҳар судининг ҳукмида айтилган.

2020 йилнинг 9 июнида бўлиб ўтган бу суд Ф.Н.дан Гуландом Дедабаевага 131 миллион сўмни уч ой муддатда тўлаш ва жавобгарни 4 йилу 2 ой уй қамоғида сақлаш ҳақида ҳукм чиқарган.

Аммо орадан уч ой ўтган бўлса ҳам, жавобгар томон Гуландом Дедабаевага пулнинг бир сўмини ҳам тўламайди. МИБ суднинг бу қарорини, яъни пулни ундириб бермай туриб, оилани уйдан ҳайдаб чиқармоқчи бўлган.

Бунга эса, уй эгасининг судга мурожаат қилиши ва суд уларни уйдан чиқариш ҳақидаги қарори асос бўлган.

Уй Ф.Н.а ва унинг қариндошлари ўртасидаги жанжал объекти бўлган.

Уй Гуландом Дедабаеванинг онаси Муҳаббат Дедабаева номига сохта ҳужжатлар асосида, жанжалли уй экани яширилиб сотилган. Бу ҳаракатлар суд ҳукмида айтилган.

Озодликка юборилган видеода 29 сентябрь куни Гуландом Дедабаева МИБ ходимларидан аввал унинг пулини ундириб беришини талаб қилади ва шундан сўнг уйдан чиқишини билдиради:

“Мен бу уйни 13 минг доллар санаб бериб олганман. Менинг бошқа борадиган жойим йўқ. Мени, онамни, иккита боламни боқадиган ҳеч ким йўқ. Мени мажбур қилманглар. Пулимни ундириб беринглар, мана ҳозир беринглар беш минутда бу уйни ташлаб чиқаман. Зўр Ўзбекистон дейсизлар, қани у Ўзбекистон. Пулимни қайтариб берсин, МИБнинг ҳам кераги йўқ, маҳалланинг ҳам кераги йўқ, ўзим чиқиб кетаман. Ижрони қолдиринглар деганман, қолдиринглар. Ҳозир ўзимни ёқиб юбораман, уволимга қолиб кетасизлар”, - деган эди ҳозирда марҳум Гуландом Дедабаева.

Наманган шаҳар прокуратураси МИБ ходимлари кўзи ўнгида ўзига ўт қўйган 35 яшар Гуландом Дедабаеванинг ўлими юзасидан жиноят иши очган.

Ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 103-моддаси(Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатган.

XS
SM
MD
LG