Линклар

Шошилинч хабар
01 декабр 2020, Тошкент вақти: 08:41

Хусусий бандлик агентликлари: Фирибгарлар дастидан бизни бурчакка қисиб қўйишди!


"Korean & Migrations" фирмасига алданганлар намойиши. 12 октябрь, Мустақиллик майдони.

Ўзбекистонда ҳусусий бандлик агентликлари хизматлар учун тўловларни иш қидираётган шахслардан эмас, балки иш берувчидан ундиради. Қонунга киритилган бу меъёр келаси ойдан кучга киради.

Ушбу меъёр хусусий бандлик агентликлари ишга жойлаштириш учун одамлардан 100 фоиз тўловни ундириб, ваъдасини бажармагани билан боғлиқ ўнлаб можаролар ортидан қабул қилинган.

Озодлик билан суҳбатда бўлган айрим ҳусусий бандлик агентликлари раҳбарлари қонунга киритилган бу ўзгариш фуқароларга чет элдан иш топиш масаласини яна ҳам қийинлаштириб юборишини айтишди.

2018 йил 16 октябрда қабул қилинган "Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги қонуннинг 13-моддаси, 2-қисмига киритилган "ишга жойлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун фуқаролардан ҳақ ундиришга йўл қўйилмаслиги шарт" деган меъёр хусусий бандлик агентликлари эгаларининг қаттиқ норозилигига сабаб бўлмоқда.

Тошкентда фаолият юритаётган хусусий бандлик агентлиги раҳбарларидан бири 20 октябрда Озодлик билан суҳбатда қонунга киритилган ўзгартишга ўз эътирозини шундай ифодалади:

"Бир-икки фирибгарнинг дастидан деярли ҳамма хусусий бандлик агентликлари барбод бўлиш ёқасига келиб қолган. Чунки, мана бу қонун кучга кирса ҳаммамиз тамом бўламиз. Бизни ҳар томондан бурчакка қисиб қўйишди. Шу пайтгача ҳамма ҳаражатлар пулини фуқаронинг ўзи тўларди. Шунча ҳаражат - ҳужжат таёрланади, почта ҳаражатлари, таржимон, ҳужжатларни легаллаштириш бор. Буларнинг ҳаммаси иш қидирувчидан олинган пулдан тўлаб келинган. Жанубий Корея, Россиядаги ҳамкорлар арзон ўзбек ишчиси учун бизга пул тўламайди. Бизга пул тўламаса ҳам рози бўлиб келганмиз. Ҳозир Бирлашган Араб Амирликлари билан сўзлашув қиляпмиз, улар ҳам бандлик агентлигига ҳақ тўлашга рози бўлмаяпти".

2018 йил 16 сентябрда қабул қилинган "Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги қонунга киритилган ўзгартишлар 14 ноябрдан кучга киради.

Ўзбекистонда ҳусусий бандлик агентликлари норозилигига сабаб бўлаётган яна бир жиҳат фаолият учун лицензия олинганда заҳира жамғармаси миқдорининг тўрт баравар оширилганидир.

Бухородаги "Global" ҳусусий бандлик агентлигининг юристи Шариф Обиджонов бекор қилинган лицензиясини тиклаш учун заҳира жамғармасига 2 миллиард сўм қўйишга мажбур бўлишларини айтади.

"Шу пайтгача заҳира пули 50 минг доллар атрофида эди. Қонунга киритилган ўзгаришларга кўра, бу тўрт баравар ошяпти. 2 миллиард сўм бўляпти. Бандлик вазирлигидагилар айтяптики, агар можароли вазият юзага келса, фуқароларга шу жамғарма ҳисобидан пул қайтариб берилар экан. Лекин, биз хизмат учун фуқаролардан ҳақ олмасак қандай можаро юзага келиши мумкин? ", - дейди Шариф Обиджонов.

"Бундан буён иш қидираётганларнинг алданишига йўл қўйилмайди"

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмийларига кўра, қонунга киритилган ўзгаришлар фуқароларнинг бандлик агентликлари ва иш берувчиларга алданиб қолиши ва фирибгарлик олдини олиш мақсадида қабул қилинган.

Вазирликка кўра, сўнгги 18 ой ичида Ўзбекистонда рўйхатга олинган 103та хусусий бандлик агентлигидан 50 тасининг лицензияси бекор қилинган.

Ўндан ортиқ ширкатга нисбатан фирибгарлик бўйича жиноят иши очилган.

"Бу ўзгаришлар фуқароларимизнинг алданиб қолмаслиги учун қилиняпти. Бу ёғига қонуний талабларга мос келадиганлари қолади. Бундан буён иш қидираётганларнинг алданишига йўл қўйилмайди", - деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими.

Вазирлик маълумотига кўра, 2018 йилда ўзбекистонда ҳусусий агентликлар фаолият бошлаганидан бери икки ярим мингга яқин одам иш билан таъминланган.

Германия, Чехия, Туркия каби мамлакатларга ишга юбориш ваъдаси билан фуқаролардан бир неча ўн миллион сўмдан олган Human, International Job Organization, Trust Vision каби ўнлаб хусусий бандлик агентликлари жанжал марказида қолган эди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмий сайтида Ўзбекистонда фаолият юритган 103 та бандлик агентлиги номлари телефон рақамлари билан бирга эълон қилинган.

Шулардан лицензияси бекор қилинган ва жиноят иши очилган ширкатлар, жумладан Human, International Job Organization, Trust Vision, Korean &Migration агентликлари телефон рақамларига тушиб бўлмади.

"Ишсизлик сабаб одамлар осонгина алданиб қоляпти"

"Эзгулик" ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка айтишича, сўнгги икки йил ичида унинг ташкилотига фирбгарларнинг чет элда иш билан таъминлаш ваъдасига алданган юзлаб фуқаролардан аризалар тушган.

- Сўнгги икки йил ичида ўнлаб хусусий бандлик агентликлари очилди. Фирибгарлик ошди. Бунинг сабаби биринчидан ишсизлик. Одамлар осонгина алданиб қоляпти, фирибгарлар уларнинг вазиятидан осонгина фойдаланиб, бойиб қолишяпти. Иккинчидан Жиноят кодексида фирибгарлик учун, 168-моддада 3 йилгача қамоқ белгиланган. Баъзи ҳолларда амнистияга тушиб қамоқдан чиқишяпти. Бу жуда енгил жазо. Ҳозир биз фирибгарлик учун жазо кучайтирилишини талаб қиляпмиз, - дейди Ташанов.

2019-2020 йиллар давомида Озодлик радиоси қатор хусусий бандлик агентликлари ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан эса жиноят ишлари очилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG