Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:06

"Korean&Migrations"иши Мустақиллик майдонига кўчди. Намойишчилар ҳайдалди (ВИДЕО)


"Korean and Migrations" агентлигидан алданганлар билан мутасаддилар учрашди.
"Korean and Migrations" агентлигидан алданганлар билан мутасаддилар учрашди.

"Korean and Migrations" хусусий бандлик агентлигининг Жанубий Кореяга ишга жўнатиш ваъдаларига ишониб, алданганлардан юзга яқини 28 сентябр куни Мустақиллик майдонига тўпланди.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган шикоятчилар Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашишни талаб қилишган.

Бироқ арзчиларга кўра, улар билан фақат мутасадди ташкилотлар вакиллари учрашиб, апелляция натижасини кутишни айтишган.

Бош вазир билан учрашмагунча кетмаслик қарори билан тўпланган арзчиларга кўра, уларни тушдан сўнг майдондан ҳайдаб юборишган.

Икки ҳафта аввал “Korean and Migrations” агентлиги раҳбарларини узоқ муддатга қамаш ҳақида суд ҳукми эълон қилинди. Бир неча кун аввал судланувчилар апелляция аризаси киритган.

Ушбу агентликдан 2400га яқин жабрланувчи жами 24,2 миллиард сўм зарар кўргани аниқланган.

Жабрланувчиларга кўра, агентликка пул бериш учун фоизли қарз олиб, куйиб қолганларнинг молиявий аҳволи карантин пайти янада ёмонлашган.

Бош вазир билан учрашиш талаби

28 сентябрь куни эрталабдан Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги Шароф Рашидов ҳайкали олдига "Korean and Migrations" агентлигидан алданганлар тўпланди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган манбага кўра, майдонга 100 га яқин одам йиғилган.

Майдонга тўпланганлар билан мутасаддилар учрашди.
Майдонга тўпланганлар билан мутасаддилар учрашди.

“Мамлакатнинг турли вилоятларидан келдик. Эрталаб соат 8дан Рашидов ҳайкалининг тагига тўпландик. Юзга яқин одам бор. Талабимиз Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашиш. Учрашмагунча ҳеч қаерга кетмаймиз. Бош вазир билан учрашиб, пулларимизни тезроқ қайтаришга ёрдам сўрамоқчимиз. Жуда қийналиб кетдик. Майдондан пулимизни олиш учун тўғри банкка кетамиз. Бўлмаса, майдонда ётамиз, қанча керак бўлса шунча. Карантин пайти молиявий аҳволимиз янада ёмонлашди. Ҳозир ҳолимизга маймунлар йиғлаяпти”,- деди исмини очиқламасликни сўраган йигит.

Майдонга тўпланганлар кун давомида Озодлик билан алоқада бўлиб туришди. Уларнинг айтишича, тушга яқин мутасадди ташкилотлардан вакиллар келиб улар билан учрашган.

“Меҳнат вазирлигидан, Яккасарой судидан, прокуратурадан, шаҳар ҳокимлигидан келишди. Улар судланувчилар апелляция ёзгани сабаб пулларимизни қайтариш кечикишини айтишди. Апелляция жараёни тугагач, яна 10 кун кутишар экан. Агар судланувчилар яна ариза ёзмаса, кейин пулларимиз бериларкан. Жиноят иши очилганига ноябрда бир йил бўлади. Суд 2,5 ой давом этди. Биз яна шунча кутамизми? Деярли ҳамма процентга пул олган. Процентлар кун сайин “туғиб” ётибди. Икки мингдан зиёд одамнинг ярми уже хонавайрон бўлди. Бу кетишда қолганининг аҳволи ҳам шундай бўлади. Биз пулларимиз тезроқ берилишини талаб қиламиз”, деди аноним қолишни сўраган жабрланувчилардан бири.

Озодликка 28 сентябрь куни Мустақиллик майдонидан жўнатилган видеода жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди ходими жабрланувчилар апелляция натижасини кутиши лозимлигини таъкидлаган.

Мустақиллик майдонидаги норозилик чиқиши
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:56 0:00

Тўпланганлар: Бизни ҳайдашди

Озодликка тушдан сўнг қайта боғланган шикоятчилар уларни тарқатиб юборишганини айтишди.

28 сентябрда Мустақиллик майдонига йиғилганлар.
28 сентябрда Мустақиллик майдонига йиғилганлар.

“Соат уч яримгача турдик. Кейин келиб, бизни ҳайдаб юборишди. Формали ва формасизлар ҳам бор эди. “Кетмасаларинг, куч қўллаймиз” дейишди. Ўзи кун бўйи ҳам формасиз одамлар йигитларимизнинг олдига бирма-бир бориб, “Бу ерда турманглар, кетинглар”, деб пўписа қилишган. Яна икки қўлимизни бурнимизга тиқиб, қайтиб кетяпмиз”, деди исми очиқланмасликни сўраган яна бир жабрланувчи.

Жабрланувчилар: Аҳволимиз жуда ёмон

Расмий маълумотга кўра, “Korean and Migrations” иши бўйича 2 372 жабрланувчи ва 4 фуқаровий даъвогар мавжуд бўлиб, уларга етказилган зарар миқдори 24 миллиард 200 миллион сўмни ташкил қилади. Дастлабки тергов даврида бу зарарнинг 13 миллиард 300 миллионини қоплаш чораси кўрилган.

28 сентябрда Мустақиллик майдонига тўпланганлар норозилигини ёритиш учун маҳаллий матбуот ходимлари ҳам боришди.
28 сентябрда Мустақиллик майдонига тўпланганлар норозилигини ёритиш учун маҳаллий матбуот ходимлари ҳам боришди.

Ҳозиргача пулини қайтариб ололмаётганлардан бири, Тошкент вилоятида яшовчи йигитнинг шахсини очиқламаслик шарти билан Озодликка айтишича, Кореяга ишга кетиш орзусида “Korean and Migrations” агентлигига 4500 доллар пул берган.

“500 доллар уйда бор эди. 4000 доллар қарзга олганман. Қарзим процентли эди, тенгга тенг қайтаришга келишилган. 3 ойга олганман ва 4 минг доллар устига яна 4 минг беришим керак эди. Кета олмай қолгач, ҳар уч ойда процент “туғаверди”. Берган одам яқинда менга раҳми келиб 12 минг долларга рози бўлди. Уйимни сотиб қарзимни тўладим. Ҳозир акам билан битта уйда 10 киши тиқилиб яшаяпмиз. Тезроқ агентлик пулимни қайтарса яхши бўларди”.

Наманганлик йигит ҳам қарзга фоизли пул олган ва қарзини қайтариш учун турар-жой қураман деб олган ерини сотган.

“3200 долларни сўмга айлантириб, банкка тўлаганмиз, 3300 долларни фирма расход учун деб олди. Шу пулнинг 5000 долларини процентга қарз олгандим. Қарзнинг бир қисмини участка еримни сотиб тўладим. Бир қисмини қайтаришим керак. Бир йилдан бери пулни “ана берамиз, мана берамиз” деб, алдаб келишяпти".

Озодликка 28 сентябрь куни Мустақиллик майдонидан жўнатилган видеода агентликдан алданганлардан бири молиявий аҳволи ёмонлигини айтиб, болаларини мактабга кийинтириш учун бир тийин ҳам пули йўқлигини айтади.

"Korean and Migrations" агентлигидан алданганлар жорий йилнинг 1-2 июль кунлари ҳам Тошкентнинг Мустақиллик майдонида тўпланиб, президент Мирзиёевдан ёрдам сўраганди.

"Korean&Migration" чув туширганлар пулларини қайтариб олиш учун президентдан ëрдам сўради
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:28 0:00

Ҳукм

“Korean and Migration” раҳбарларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик 2019 йил 10 ноябрида хабар берган эди.

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди “Korean and Migrations” агентлиги мансабдор шахслари ва воситачилари устидан ҳукм ўқиди.

Ўзбекистон Олий суди маълумотига кўра, агентлик директори Қаҳрамон Отақулов ва агентликнинг Наманган вилоят филиали директори Одил Кабилов 9 йилга, агентлик таъсисчиси Хушвақт Турдиев ва агентликнинг ўқув ишлари бўлими директори Мусурмон Алиқулов 8 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

28 сентябрда Мустақиллик майдонига тўпланганлар билан учрашган мутасаддиларга кўра, ҳукм чиққанидан 9 кун ўтиб, судланувчилардан бири апелляция аризаси ёзган.

XS
SM
MD
LG