Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2020, Тошкент вақти: 16:33

Олимлар: Яқин келажакда Арктикада ёзда муз бўлмайди


Шимолий қутбда исиш ҳозирги суръатда давом этса, бир неча ўн йил ичида ёзда Арктикада умуман муз бўлмайди. Арктика, 2020, сентябрь

Якунига етган ҳафта бошида Шимолий қутбга дунёдаги энг йирик экспедиция билан борган тадқиқотчилар ортга қайтди.

Олимлар ўзлари билан Шимолий муз океани ўлиб бораётгани ҳамда музсиз ўтаётган ёзлар ҳақидаги далилларни олиб қайтди.

Альфред Вегенер номидаги Қутб ва денгиз тадқиқотлари институтига тегишли Polarstern кемаси Арктикада 389 кун бўлди.

Бу муддат давомида олимлар глобал исишнинг минтақага таъсири ҳақида маълумот тўплади.

Экспедиция етакчиси Маркус Рекс 20 давлатдан келган 100 дан ошиқ олим глобал иқлимнинг Арктикага таъсирини ўз кўзлари билан кўришга муваффақ бўлишганини айтди.

Профессор Рекс AFP агентлигига берган интервьюсида:

«Шимолий муз океани ўлиб бораётганига гувоҳ бўлдик. Ушбу жараённи деразамиз ортида, мўрт муз устида юрганимизда кўрдик».

Профессор йирик кўламдаги муз эриб кетгани учун кема узоқ масофаларга сузишга муваффақ бўлганини айтди.

«Шимолий қутбнинг ўзида эса емирилган, эриётган, юпқа ва мўрт музни кўрдик», - деди олим.

Унинг сўзларига кўра, агар Шимолий қутбда исиш ҳозирги суръатда давом этса, бир неча ўн йил ичида ёзда Арктикада умуман муз бўлмайди.

MOSAIC номи берилган экспедиция қатнашчилари бир йилдан ошиқ вақт давомида минтақадаги атмосфера, океан, денгиз музи ва экосистема бўйича маълумот тўплаган.

Экспедиция давомида кемадан 40 км радиусдаги масофада тўрт кузатиш пункти ташкил этилган.

165 миллион долларга тушган экспедиция қатнашчилари 150 терабайт маълумот ҳамда 1000 дан ошиқ муз намуналарини олиб қайтишди.

Олимлар бир йил давомида узлуксиз равишда 100 дан ошиқ параметрни қайд этиб боришган.

Тўпланган маълумотларни тўлиқ таҳлил қилиб чиқиш учун икки йил вақт керак бўлади.

Ушбу далиллар асосида минтақада бундан 20, 50 ва 100 йилдан кейин иссиқлик тўлқинлари, ёмғирлар ва пўртаналар қандай бўлиши ҳақида тахминлар ишлаб чиқилади.

Тадқиқот қатнашчилари бир неча ойга чўзилган қоп-қоронғи зулматда ва айрим ҳолатларда -39,50C совуқда ишлаганлар. Шунингдек, улар 20 та оқ айиқни кўришга муваффақ бўлишган.

OzodLive

XS
SM
MD
LG