Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2020, Тошкент вақти: 15:43

Россияда коронавируснинг иккинчи тўлқини бошланди


Москва шаҳридаги 52-сонли шифохона - 8 октябрь, 2020

Россиянинг кўплаб шаҳарларида коронавирус қайтадан тез суръатларда тарқала бошлади.

Озодлик ва Америка овози радиоларининг қўшма лойиҳаси бўлган «Настояшчее время» телеканалига интервью берган ўнлаб одам тез ёрдам учун соатлаб навбат кутишга тўғри келаётгани, шифохоналарда эса бўш ўринлар қолмаганини сўзлаб берди.

Бошқа Европа мамлакатларидаги каби, кейинги ҳафталарда Россияда ҳам коронавирусга чалинганлар сони тобора ўсиб бормоқда.

Аммо танқидчилар Россия расмийларини пандемиянинг ҳақиқий кўламини яширишда айбламоқда. Расмий маълумотларга кўра, 14 октябрь куни Россия бўйлаб 14 минг одам вирусни юқтирди. Бир ой олдин бу кўрсаткич 5 700 ни ташкил қилган эди.

15 октябрь куни коронавирус келтириб чиқарадиган COVID-19 инфекциясидан 286 нафар одам нобуд бўлгани хабар қилинди. Россияда баҳор ойларидан бери бундай кўрсаткич қайд этилмаганди.

Демография бўйича мутахассис Алексей Ракша ҳукумат баҳорда – касалликнинг илк тўлқини давомида вирус юқтирганлар ва вирус туфайли нобуд бўлганлар сонини озайтириб кўрсатгани учун аҳоли ишончини йўқотганини айтади.

Пермдаги юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси Дарья Савочкинанинг айтишича, ҳозирда вазият май ёки июнь ойларига қараганда анча ёмонлашган.

«Буни жуда кўп беморлар сонидан, касалхоналарда ётоқ етишмаётганидан, ташхислар сонидан ва умумий иш ҳажмидан кўришингиз мумкин. Камига бу сафар беморларнинг аҳволи оғирроқдек», - дейди россиялик ҳамшира.

Октябрь ойи бошидан буён Кремлга хайрихоҳ сиёсий таҳлилчи Сергей Марков коронавирус инфекциясини қандай бошдан кечираётгани ҳақида ёзиб келади. Марков Москвада яхши жиҳозланган шифохонада даволанмоқда. Унинг сўзларига кўра, шифохона коронавирусга чалинган беморларга тўлиб кетган.

«Биз эпидемиянинг янги чўққисига дучор бўлганимиз аниқ», деб ёзди у 11 октябрь куни.

«Бугунги ҳолат баҳорда кўрганимиздан бир неча жиҳати билан фарқ қилади. Кузатишларимга қараганда, вазият баҳордагидан анча ёмонроқ. Ҳамма иккинчи тўлқинни кутаётган эди, аммо у биз ўйлагандан тезроқ ва кучлироқ келди», - деб ёзди таҳлилчи.

5 октябрь куни Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко Москва иккинчи тўлқиннинг «илк зарбини» ҳис қила бошлаганини тан олди, аммо «вазиятни бошқариш мумкинлигини» айтади.

Аммо сентябрь ойи охирида RNC Pharma ширкати ҳамда «Доктор на работе» тармоғи тиббиёт ходимлари орасида ўтказган сўров вазият бошқача эканлигини кўрсатди.

Москва ва Санкт-Петербургда сўровда қатнашувчиларининг атиги 19 фоизи маҳаллий шифохоналар коронавируснинг иккинчи тўлқинига тўлиқ тайёр эканлигига ишонишларини айтишди.

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида эса, бу кўрсаткич 8 фоиздан ошмади.

Россия бўйлаб сўровда қатнашганларнинг 24 фоизи улар яшаётган ҳудуд янги тўлқинга тайёр эмаслиги ва «қоидалардан бошқа» ҳеч қандай тайёргарлик кўрилмаганини айтишган.

Сўров қатнашчиларининг 33 фоизига кўра эса, ўзлари яшаётган минтақа коронавируснинг иккинчи тўлқинига “умуман тайёр эмас”.

XS
SM
MD
LG