Россия Федерал давлат статистика хизмати (Росстат ) маълумотларига кўра, мамлакатда 2020 йилнинг илк етти ойида ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 57 961 нафарга кўпроқ киши вафот этган.
Россияда шу муддат ичида 22,6 минг одам COVID-19 инфекциясидан нобуд бўлган; 15,3 минг киши бошқа сабабга кўра вафот этган, деб қайд этилган, аммо улар ҳам коронавирусга чалинган.
Москва соғлиқни сақлаш бошқармасига кўра, пойтахтдаги ортган ўлимлар сабабчиси коронавирус инфекциясидир.
Росстат COVID-19 инфекциясидан ўлганлар статистикасида фарқлар мавжудлигини тасдиқлади.
Россия ҳукуматининг коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича тезкор штаби маълумотларига кўра, мамлакатда апрель ойидан 18 сентябрга қадар 19 195 нафар киши COVID-19 инфекциясидан нобуд бўлган. Росстат ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилнинг тўрт ойида (апрель-июль) 22 590 нафар россиялик коронавирусдан ўлган. Бу вирус юқтирганларнинг 2 фоизидан кўпроқни ташкил этади.
Марказий эпидемиология илмий-тадқиқот институти ходими Анна Иванованинг айтишича, ушбу маълумотлар бир-бирига мос келмайди.
"Чунки, - дейди у,- тезкор штаб статистикасида улар касалхоналардан ҳар куни оладиган ўлимлар сони кўрсатилган. Росстат эълон қилган маълумотлар эса тиббий ўлим тўғрисидаги гувоҳномалар асосида тўпланган".