Линклар

Шошилинч хабар
28 октябр 2020, Тошкент вақти: 13:16

Сурхондарё: Цемент «темир йўлда ташилсин» деган буйруқ ортидан 200 ҳайдовчи ишсиз қолди


Шерободда ишсиз туриб қолган цементовозлар

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида цемент ташишга мўлжалланган 100 та махсус машинанинг 200 нафар ҳайдовчиси ишсиз қолди.

Бунга портланд цемент чиқарадиган ягона завод маҳсулотини махсус цистернали «цементовозларда» ташилмасин, деган оғзаки буйруқ сабаб бўлган.

200 нафар ҳайдовчи, уларнинг вакилларига кўра, кредитга олган юк автомашинаси пулини тўлай олмаяпти.

Озодлик суҳбатлашган ҳудудий мутасаддилардан бири оғзаки тақиқ ортида Бош вазирнинг қудратли ўринбосарларидан бири турганини иддао қилди, аммо ўз иддаосини тасдиқловчи далил тақдим этгани йўқ.

Озодлик расмийлардан ушбу иддао бўйича изоҳ ололмади.

Ишсиз қолган ҳайдовчилар президентга мурожаат қилди

Озодликка юборилган видеомурожаатда ўндан зиëд ҳайдовчи юк машиналари фонида турганини кўриш мумкин.

Сурхондарё: Цемент «темир йўлда ташилсин» деган буйруқ ортидан 200 ҳайдовчи ишсиз қолди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:33 0:00

Ҳайдовчилар номидан гапирган шахс сентябрь бошидан буён 200 киши ишсиз қолганини айтади:

«Транспорт вазирлигидан одам келиб кетганидан бери шунча ҳайдовчи ишсиз, пулсиз ўтирибмиз. Оиламизни боқолмаяпмиз. Машинани кредит тўловларини ëполмаяпмиз. Қанча божхона тўловлари бор ҳар бир техникага. 30 миллион сўмдан фоиз тўлови бор. Бизга президентдан бошқа одам ëрдам беролмайди. Шавкат Миромонович¸ қонун ҳамма ерда бир бўлса керак. Нега Шерободдаги цементни машина билан ташиш тақиқлангану¸ бошқа вилоятларда, масалан, Навоий цемент заводида бемалол машиналар ташияпти? Самарқанд ва Жиззахда ҳам цементни машина ташийди. Фақат Сурхондарëда цемент фақат темир йўлда ташилсин, деган буйруқдан кейин мошинлар тўхтаб турибди ҳаммаси. Йўл туфайли деб мошинларни тўхтатиб қўйибди. Йўлни буздинг, деб. Бошқа юк машиналари оғир юк ортиб келиб юряпти-ку. Нега бизни тақиқлашди?..»

Расмий тақиқ йўқ

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Сурхондарë вилояти Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси мутахассисининг 21 сентябрь куни Озодликка билдиришича¸ «цементовоз» йўлни бузади, деган асосда "расмий тақиқ мавжуд эмас".

«Цементовоз йўлни бузади, деган чеклов ҳужжатларда акс этмаган. Юк машиналарининг ҳар бир мостига кўпи билан 13 тонна юк ортишга изн бор. Сиз айтган цементовознинг прицепида 3та, тягачида 2 та мост бор. Жаъми бешта мост. Бу машина 65 тонна юк олиши мумкин. Агар қўшимча икки олд баллон қўйилса, яна 7 тонна юкка жой бор. Жаъми 72 тонна. Шеробод заводи битта машинага максимум 50 тонна цемент юклайди. Машина оғирлиги билан 60 тоннага бориши мумкин. Бу оғирликдаги юк машинаси вилоят йўлларида юрмасин, деган чеклов йўқ. Майли, Сурхондарë иссиқ.Асфальт эрийди ëзда. Шуни ҳисобга олиб, чеклов ўрнатилса, юк ҳажмини камайтириш мумкин. Масалан 50 тонна эмас, 40 тонна юкланади. Бутунлай юрмасин, деган қонуний чеклов йўқ»,- деди мутахассис.

Оғзаки буйруқ

Шеробод цемент заводи реализация бўлими ходимининг Озодликка билдиришича¸ цементни фақат темир йўл орқали ташиш бўйича буйруқ оғзаки тарзда берилган.

«Цемент юкланган машиналар йўлларни эзиб ташлайди, деган важ билан асосланди. Ҳозир фақат вагонларга юклаяпмиз», - деди завод ходими.

Ўзбекистон транспорт вазирлигига алоқадор мулозимнинг Озодлик билан суҳбатда иддао қилишича, «цементни фақат темир йўл орқали ташиш буйруғи ортида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари турибди».

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги важидан номи тилга олинишини истамаган мулозимнинг иддаосини расман тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Шеробод цемент заводи реализация бўлими ходимининг Озодликка билдиришича¸цемент оғзаки буйруқ асосида темир йўл вагонларига ортилиб, вилоят туманларига юборилмоқда.

«Темир йўл веткалари бутун вилоятни қопламаган. Шу боис цемент Шерободдан Болдир¸ Термиз. Жарқўрғонгача темир йўл вагонида етказиб бериляпти. У ердан эса, барибир мошинга юклаб, керакли жойгача етказиляпти. Икки иш бўляптида энди. Вилоят бўйлаб цементовозларда цемент ташиш нисбатан арзон ва қулай эди. Хозир цементовозлар билан шартномани тўхтатганмиз. Одатда завод битта цементовозга 50 тонна юк ортади. Умум масса 60дан 75 тоннагача боради. Бу оғирликдаги мошин асфальтни эзғилаб йўлга зарар беради дейишди.

Шеробод цемент заводи олдида ишсиз турган машина
Шеробод цемент заводи олдида ишсиз турган машина

Бетон цехлари тўхтади

Сурхондарёдаги далаларни суғорадиган бетон ариқ-лотоклар ишлаб чиқарувчи ширкатнинг ўзини Эгамназар Панжиев деб таништирган раҳбари Озодлик билан суҳбатда иши тўхтаб қолганидан шикоят қилди.

Унинг сўзларига кўра, Шеробод цемент заводидан машина билан цемент олиб келтириш тўхтаган 2 сентябрдан буён ширкат ишламаяпти.

«Қимматга тушиб кетяпти. Вагонда Деновгача обкелиб беряпти. Деновда цементни яна машинага ортиб цехга опкелишим керак. Менга невыгодно бўлгани учун лоток ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйдим. Бетон плита¸ брусчатка ва брикет ғишт ишлаб чиқарадиган цехлар ҳам тўхтади» деди тадбиркор.

Коррупция?..

Матбуотга гапириш ваколати йўқлигини айтган Ўзбекистон транспорт вазирлигига алоқадор мулозимнинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича¸ «цементни фақат темир йўл орқали ташиш буйруғи ортида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари турибди»

«Йилига 1,5 миллон тонна портланд цемент ишлаб чиқарадиган Шеробод заводининг бутун махсулоти темир йўл билан ташилсин, деган истак ортида тор бир гурух манфаати турибди. 30 км ерга машина ўрнига темир йўлда олиб борилган цемент ўта қимматга тушади. Юклаш¸ тушириш ва яна юклаш иши. Документация. Аслида бутун дунëда қисқа масофага юк автомобилда ташилади. Цементовоз цементни вакуум тизим орқали хўплаб юклагани учун юклаш чиқими йўқ. Шеробод заводи цементи эса вилоят ичидаги заводларга етказиб берилади. Боринг ана 30 км узоқдаги Афғонистонга ҳам. Умуман цементнинг асосий харидори Афғонистон. Айнан бу ҳолатда Шерободдаги цементнинг темир йўл орқали ташилиши мантиққа зид ва таннархни оширадиган зиëнли иш...»

Бир машина 8 кишини боқади

Мулозим юк машиналарида ташишнинг мамлакат иқтисоди ва жамият учун аҳамиятини ҳам тушунтириб берди:

«Бир машина 8 кишини боқади. Битта машинани икки ҳайдовчи бошқаради. Машиналар йўлда ëнилғи қуяди ва мой алмаштиради. Бундан йўл четидаги АËҚШлар манфаат кўради. Майда ремонт эса турклар "ëн саноат" дейдиган жабҳанинг ўлмай туришини таъминлайди. Ҳайдовчилар овқатланадиган гузарлар ва бошқа инфраструктурани айтмадим. Иккинчидан, рақобат бўлади. Шерободда цемент ташийдиган машиналарнинг 90 фоизи кредитга олинган. Улар шу кредитни ëпай, деб тез ва арзон хизмат кўрсатади. Яна такрорлайман: тор гурух фойда кўрсин, дея цементни фақат темир йўлда ташиш иқтисодга зарар берадиган хато қадамдир», - деди мулозим.

Сурхондарëдаги цемент заводи Ўзбекистон президентининг 2016 йил 10 октябрдаги қарорига биноан “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан 2018 йил август ойида қуриб битказилган.

Завод технологик тармоғини Туркиянинг “Dal texnik makina tigaret ve sanayi a.s.” фирмаси амалга оширган.

Расмий матбуот портланд цемент ишлаб чиқарувчи вилоятдаги ягона завод қурилишига 212,8 миллион доллар сарфлангани ҳақида ёзган.

XS
SM
MD
LG