Линклар

Шошилинч хабар
23 сентябр 2020, Тошкент вақти: 01:17

Президент фармонидан туғилган савол: Чорвоқ ҳам олигархларга бериладими?


Бўстонлиқ тумани¸ хусусан¸ Чорвоқ кўли ҳудуди тошкентликлар тоза ҳаводан нафас олиш учун чиқадиган асосий дам олиш зонаси саналади.

Президент Шавкат Мирзиëев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида мамлакат конституциясида кўзда тутилмаган янгича бошқарув жорий этишга фармон берди.

28 август куни расмий матбуотда эълон қилинган фармонга кўра¸ “Тошкент вилоятининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш” иддаоси билан 2022 йил 31 декабрга қадар Бўстонлиқ туманида алоҳида маъмурий-бошқарув тизими жорий қилинади.

Фармонга биноан¸ Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекцияси директори лавозимини эгаллайди, шунингдек, Бўстонлиқ туман ҳокимлиги фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

“Мувофиқлаштириш” жараëнида тумандаги давлат мулки объектлари ва ер участкаларини реализация қилиш ваколати тўлиғича дирекция раҳбарига берилади¸ бу жараëнга вилоят ҳокимининг аралашуви бекор қилинади.

Фармон билан тўғридан-тўғри Бош вазирга бўйсунадиган “Чорвоқ” эркин туристик зонаси раҳбарига давлат объектларини гаровга қўйиб кредит олиш ва уни тақсимлаш ваколати ҳам берилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тоғли ва олис ҳудудларда туристик инфратузилмани ривожлантириш жамғармаси тузилиб¸ Бўстонлиқда туристик инфратузилмани ривожлантириш мақсадида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан биринчи босқичда 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит ажратилади.

Бундан ташқари президент фармони билан жамғармага халқаро молия институтлари ва хорижий молия ташкилотлари¸ жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари¸ қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалардан маблағ олишга рухсат ва қатор имтиëзлар берилди.

“Кичик Швейцария”?

Озодлик президентнинг бу фавқулодда фармонини шарҳлаб беришни сўраб бир неча мутахассисга мурожаат қилди.

Тошкентлик тадбиркорлардан бири¸ бу фармонни “Чорвоқни кичик Швейцария”га айлантириш йўлидаги илк қадам сифатида олқишлади.

Агар бу проект амалга ошса¸ Чорвоқда Швейцариядагига ўхшаган тоғ дам олиш комплекси бўлади. Президент маҳаллий инвесторларга¸ ана ер олиб¸ туристик объектлар қур¸ ўзимизнинг халқимиз пулини шу ерда қолдириб¸ шу ерда дам олсин, деяпти. Ҳозир эшитишимча¸ 54 та лот бўлади ва маҳаллий инвесторларга қурилиш учун берилади. Откат ва коррупция бўлмаса¸ биз ҳам қатнашиб¸ меҳмонхона ва ресторан қурардик. Фармондан ният яхши¸ менимча”¸ деди шахси очиқланишини истамаган тошкентлик тадбиркор.

Бу фармон ҳуқуқий экспертизадан ўтганми?

Озодлик гаплашган тошкентлик юристлардан бири¸ президент фармонининг қанчалик конституцион экани юзасидан хавотир билдирди.

Ўзбекистон конституциясида мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий тузилишига оид махсус модда бор. Унга кўра¸ бу структурага ҳар қандай ўзгартиш киритиш фақат Олий мажлис розилиги билан бўлиши керак. 93-моддага кўра¸ президентда бундай ўзгаришга оид таклиф киритиш ваколати бор. Бу фармонга кўра¸ Бўстонлиқни бошқариш мутлақ янги дирекцияга бериляпти ва туман ҳокими ваколатидаги шахс вилоятни четлаб¸ бевосита Бош вазирга бўйсунадиган қилиняпти. Бундай махсус бошқарув тизимини жорий қилиш парламентда муҳокама қилиниб¸ депутатлар розилиги олинганми? Қолаверса¸ фармон билан Бўстонлиқ туман прокурори¸ ИИБ ва солиқ инспекцияси бошлиғи бу тизимларнинг республика даражасида раҳбари ўринбосарига тенглаштириляпти. Бундай тартибни жорий этиш учун ИИВ ва прокуратура тўғрисидаги қонунларга ҳам ўзгартиш киритиш керак бўлади. Қани бу ўзгартишлар¸ шахсан мен бундан бехабарман. Шунинг учун бу фармоннинг амалдаги Ўзбекистон конституцияси ва қонунчилигига қанчалик мос келиш-келмаслигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш керак”.

Чорвоқ олигархлар қўлига топшириладими?

Шавкат Мирзиëевнинг 28 август куни расмий маълумотда эълон қилинган “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ўзбекистонлик сиëсий шарҳловчи Алишер Илҳомов томонидан кескин танқид қилинди.

Facebook саҳифасида бу фармонга муносабат билдирган Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Илҳомов¸ бу фармонни Ўзбекистонда бораëтган давлатнинг “олигархлашуви” жараëнидаги навбатдаги босқич сифатида баҳолади.

Хусусан¸ Илҳомов фармонда “Чорвоқ” эркин туристик зона раҳбарига бу ҳудудда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкасини сотиб олган инвесторларга ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқлари истисно тариқасида Тошкент вилояти ҳокимининг алоҳида қарори қабул қилинмасдан расмийлаштириш ваколати берилганига эътибор қаратди.

Ўзбекларга хос контекстдан келиб чиқилса¸ “халқаро инвестор”лар деганда кўпинча ўзимиздан чиққан ва мамлакатда ўғирланган пулларини мутлақ ношаффоф оффшор компаниялари орқали расмийлаштирганлар иш кўришади. Бу уюшган жиноий тўдалар даромади кириб келишига ҳам йўл очади. Маҳаллий сармояга келадиган бўлсак¸ бу пуллар кўпинча халқаро молия тизимлари ва банклар ëки Ўзбекистон олтин-валюта заҳираларидан фойдаланаëтган давлат назоратидаги банклардан олинган кредит бўлиб чиқади”¸ деб ëзди мустақил таҳлилчи.

Алишер Илҳомов¸ тошкентликлар учун тоза ҳавода дам олишнинг ягона маскани бўлиб келаëтган Бўстонлиқ тумани катта ҳудудининг туризмни ривожлантириш иддаоси билан “халқаро ва маҳаллий инвестор” деб тақдим қилинадиган ношаффоф компанияларга берилиши пойтахтликлар учун қимматга тушишини айтади.

Бу хавотирларда асос бор. “Чорвоқ” зонаси (бунинг ортидан бошқа ҳудудларнинг ҳам) “хорижий” инвесторлар ихтиëрига берилиши ортидан бу ҳудуддаги хизматлар нархи кескин кўтарилади ва кўп ҳудудга кириш кескин тақиқланади. (Кириш тақиқланади! Хусусий мулк.)

Бундан ташқари¸ фармонда¸ хусусий мулкдорлар ҳақларининг кафолатланиши ҳақида бир оғиз сўз йўқ. Фармоннинг бош мотиви – гўë давлат ғазнасига тушумни кўпайтириш ва маҳаллий олигархлар чўнтагини тўлдириш”.

Алишер Илҳомов¸ Бўстонлиқ туманини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида президентда бу туманни ҳокимни сайлаш орқали ўз-ўзини бошқарув ва халққа ҳисоб берадиган тизимига ўтказиш имкони бўлганини айтади.

Аммо ҳукумат халққа ҳисобдорликка бутунлай тескари йўлни танлади. Бу эса¸ янада каттароқ¸энди даражаси ҳам анча балнд бўлган коррупцияга замин яратади”.

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакатда амалга оширилган энг катта қурилиш лойиҳаси Tashkent City ҳисобланади.

Қиймати 2 миллиард долларга яқин бу лойиҳадаги саккизта лотнинг камида тўрттаси мустақил журналистик суриштирув давомида аниқланишича¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли компаниялар бўлиб чиқди.

"Хориж инвестори" мақомида улкан имтиëзлар берилган компаниялар оффшор ҳудудлар¸ хусусан¸ Шотландияда регистрация қилинган.

XS
SM
MD
LG