Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2020, Тошкент вақти: 12:15

Германиялик эксперт: Ўзбекистон аҳолиси ёш, шунинг учун коронавирусдан ўлим кам


Германиялик профессор Нисар Малек.

Германиядаги Тубинген университети касалхонасининг ички касалликларни даволаш маркази раҳбари, профессор Нисар Питер Малек Ўзбекистон ҳукуматининг таклифига кўра, сўнгги бир ой ичида учинчи бор Тошкентга сафар қилмоқда.

Профессор Малекнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши курашда халқаро тажриба ва малакали мутахассисларга эҳтиёж бор. Шу сабабли Тубинген университети ўзининг етакчи экспертлари ва тажрибали врачларидан иборат гуруҳни Ўзбекистонга юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Профессор Нисар Питер Малек Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги коронавирус билан боғлиқ вазият ва ҳукумат кўраётган чоралар ҳақидаги ўз қарашлари билан ўртоқлашди.

Доктор Малек ўтган ой охирида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан мулоқотда бўлган.

Германиялик эксперт Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги “Ўзэкспомарказ” павильонида коронавирус инфекциясини юқтириб олиб, касалликка чалинган 120дан ортиқ оғир беморга мўлжалланган интенсив ёрдам маркази очиш режалаштирилаётгани, марказда германиялик малакали врачлар беморларга хизмат кўрсатишини айтди.

Озодлик: Доктор Малек, Ўзбекистон ҳукумати коронавирус тарқалишига қарши кўраётган чораларини қандай баҳолайсиз?

Доктор Малек: Менимча, ҳукумат бошидан тўғри қадамларни қўйди. Бутун мамлакат бўйлаб карантин жорий этди, қўшнилар билан чегараларни ёпди, ҳаво қатновларини тўхтатди, аҳолига маска тақтирди. Булар - коронавирусни назорат қилиш бўйича жуда тўғри қилинган ишлар.

Озодлик: Лекин сўнгги ойларда Ўзбекистонда, айниқса пойтахт Тошкентда коронавирусга чалиниш кўпайди. Оқибатда ҳукумат қайтадан карантин эълон қилишга мажбур бўлди. Нима нотўғри бўлган деб ўйлайсиз?

Доктор Малек: Бошида кучли карантин жорий этилди. Кейин қайтадан юмшатилди. Бунинг устига қўшни давлатлардан келганлар ҳисобига коронавирус кўпайиб борди. Касаллик кўпайишининг яна бир жиҳати одамлар яшаш тарзи. Ҳудди Италияда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам шу манзарани кўряпмиз. Яъни бир оилада жамоа бўлиб яшаш тарзини назарда тутяпман. Бир оилада бир одам ўзи билан ташқаридан вирус олиб келса, бутун бошли оилага тарқалади. Бундан ташқари бозорлар, аҳоли гавжум жойлар, одамларнинг бир жойга тўпланиши ва ижтимоий масофа сақлаш тартибига амал қилинмаслик касаллик тарқалиши асосий сабаблари деб ўйлайман.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати 15 августдан карантин чораларини енгиллаштиряпти. Ҳозир шунинг мавриди деб ўйлайсизми?

Доктор Малек: Мен бу ҳақда бирон нарса дея олмайман, чунки коронавирус ҳолатлари ҳақида аниқ расмий статистика менда йўқ. Агар касаллик тарқалиши кўпаяётган бўлса, албатта карантин енгиллаштирилмаслиги керак. Агар камаяётган бўлса, бошқа гап. Ўзбекистон ҳам ўз иқтисоди ҳақида қайғуряпти, бизнесни оёққа турғизиш керак, буни тушунса бўлади. Одамлар соғлиги ва иқтисодни кўтариш масаласи орасидаги муҳим нуқтани топа билиш мушкул масала. Лекин, яна бир бор айтаман, агар юқтирганлар кўпаяётган бўлса, мен карантиннинг шошма-шошарлик билан енгиллаштирилишига қарши бўлардим.

Озодлик: Расмий статистикага қарайдиган бўлсак, бугунга қадар 33 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда коронавирус юқтирганлар 33 мингдан кўпроқ. Ўлим ҳолатлари эса 220 атрофида. Аҳоли сонига солиштирса бу бошқа мамлакатларга қараганда кўп эмасдек. Сизнингча бу статистика Ўзбекистонда сиз бориб кўрган манзарага қанчалик мос келади?

Доктор Малек: Мен четда туриб бу рақамлар тўғри, униси нотўғри дея олмайман. Мен Ўзбекистонда бўлганимда Тошкентдаги битта касалхонада бир кунда кўплаб беморлар қабул қилингани ҳолатини кўрдим. Лекин, ўлим статистикаси ҳақида ҳеч нарса айтолмайман. Ўзбекистоннинг устунлиги аҳолининг катта қисми ёшлар эканида. Мамлакат аҳолисининг кўпчилиги 33 ёшдан паст. Шу сабаб ўлим ҳолатлари кам бўлиши мумкин. Бошқа давлатларда коронавирусдан ўлаётганларнинг кўпчилиги 75 ёш ва ундан катталар. Ўзбекистонда касаллик юқтирганлар, ўлим эса аҳоли ёшлиги боис кам, деб ўйлайман.

Озодлик: Сиз Ўзбекистон Бош вазири билан учрашдиз. Нималар ҳақида гаплашдингизлар, қандай маслаҳатлар бердингиз?

Доктор Малек: Яна бир бор айтаман, коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳукуматнинг қилаётган ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Ҳукумат жуда қисқа вақт ичида коронавирус билан касалланганлар учун касалхоналар қуриб, койкалар сонини оширишга муваффақ бўлди. Ҳозирги мақсад касалланганларга ўз вақтида интенсив тиббий хизмат кўрсатиш, оғир касалларни сунъий нафас олдириш ускуналари билан жиҳозланган койкаларга ётқизиш. Шунинг учун биз ҳозир коронавирусга чалинган 120дан кўпроқ беморга интенсив тиббий ёрдам кўрсатадиган бўлим очяпмиз. У ерда малакали мутахассисларимиз ёрдам кўрсатади. Ҳукумат вазиятни яқиндан кузатиб боряпти, деб ўйлайман. Улар карантин чораларини енгиллаштираётган экан демак бунга асос бор. Айни вақтда карантин енгиллаштрилганига қарамай ижтимоий масофа, маскаларни тақиб юриш ва гигиена қоидалари сақланиб қолиши керак. Таклифларимиз шу.

Озодлик: Шифокор сифатида коронавирус юқтирмаслик учун ўзбекистонликларга нималарни маслаҳат қиламиз?

Доктор Малек: Муҳим нарса - ижтимоий масофани сақлаш. Жамоат жойида бир-биридан узоқ туриш. Одамлар бир жойга тўпланадиган жойларда ниқоб тақиш ва ниқобни тўғри тақиш керак. Мунтазам қўлни ювиб, дезинфекция қилиб туриш, албатта жуда муҳим. Мана шу энг муҳим чоралар. Бизга маълумки, бақириш, қўшиқ айтиш, жўр бўлиб қўшиқ айтиш ҳам ҳатарли, бундан масофаланиш керак. Агар мана шу тавсияларга амал қилинса, ўйлайманки касаллик камайишига ҳисса қўшган бўламиз".

XS
SM
MD
LG