Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2020, Тошкент вақти: 12:13

Нима учун коронавирус фақат муайян органларга таъсир ўтказади?


Вирус инсон ҳужайраси ичига кирганидан кейин, унинг протеинлари тана протеинлари билан уланади.

COVID-19 инфекцияси оғир кечганда ўпкадан бошқа органлар, шу жумладан, юрак, жигар, буйрак ҳамда нерв тизими зарар кўриши мумкин.

Афтидан, коронавируснинг таъсири ушбу органларга чекланган. Испаниядаги Сарагоса университети ходими Эрнесто Эстрада вирус нима сабабдан муайян аъзоларга зиён келтиришини аниқлашга уринди.

Олим ўтказган тадқиқот натижалари Chaos журналида эълон қилинди. Коронавирус инсон ҳужайралари ичига кириш учун ангиотензин ўзгартувчи фермент 2 (ACE2) деб номланувчи протеинга таянади.

- Бу рецептор инсон органларида жуда кўп. Шундай экан, вирус танада айлана бошласа, бошқа органларга кириши ва уларга таъсир ўтказиши мумкин. Аммо вирус фақат муайян органларга таъсир ўтказади, ҳаммасига эмас. Бунинг сабаби биз тилга олган механизмлардадир, - деди Эстрада.

Вирус инсон ҳужайраси ичига кирганидан кейин, унинг протеинлари тана протеинлари билан уланади. COVID-19 фақат муайян органларга таъсир кўрсатгани учун Эстрада вирус тарқалишида бошқа омиллар ҳам роль ўйнашини тахмин қилди.

Буни аниқлаш учун олим ўпкалардаги протеинлар ўрни алмашишини ҳамда улар бошқа органлардаги протеинларга қандай ўзаро таъсир кўрсатишини ўрганиб чиқди.

- Икки протеин бир-бирини топиб, ўзаро таъсир комплексини тузиши учун улар ҳужайра ичида субдиффуз ҳаракатланиши керак, - деди Эстрада.

Олим субдиффуз ҳаракатни гавжум ерда кетаётган маст одамга қиёслади. Оломон маст одамга тўсиқ бўлади ва у ўз манзилига етишини қийинлаштиради. Ҳужайрадаги протеинлар ҳам бир-бирига таъсир кўрсатиш учун бир неча тўсиқдан ўтиши керак бўлади. Қолаверса, айрим протеинлар айни ҳужайра ёки орган ичида учрайди, бошқаларида учрамайди.

Ушбу кузатишлар асосида Эстрада математик модель яратиб, ўпкада бошқа органларга таъсир кўрсатувчи асосий активаторлар вазифасини бажарувчи 59 протеин гуруҳини аниқлади. Ушбу гуруҳда бошланадиган ўзаро таъсир занжири бошқа протеинларда ўзгаришлар келтириб чиқаради.

- Мазкур протеинларнинг айримларини мавжуд дорилар ёрдамида нишонга олиш ўпкадан бошқа органларда протеинлар ўзгариши олдини олади. Бу эса бир неча орган ишдан чиқишига йўл қўймайди. Кўп ҳолатларда айнан шу нарса бемор ўлимига сабаб бўлади, - деди Эстрада.

Олим ўзгарган протеинлар бир органдан иккинчисига қай йўсинда етиб боришини аниқлаш учун қўшимча тадқиқот ўтказиш кераклигини айтди.

XS
SM
MD
LG