Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 23:46

АҚШ матбуоти: Лола Каримова Ҳолливуддаги учта вилласини қарийб 19 миллион долларга сотувга қўйди


Лос Анжелеснинг энг қиммат ҳудудида Каримованинг бирваракайига учта виллани сотувга қўйганига АҚШдаги кўчмас мулк бозоридаги жараëнларни ëритадиган бир неча интернет нашри эътибор қаратди.

Ўзбекистон марҳум президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева АҚШнинг энг қиммат ҳудудларидан бири ҳисобланган Ҳолливуд тепаликларидаги бир эмас¸ учта вилласини бир пайтнинг ўзида сотувга қўйди.

Бу ҳақда АҚШ кўчмас мулк бозоридаги воқеаларни ëритувчи variety.com интернет нашри 3 август куни хабар қилди.

Нашрнинг ëзишича¸ учала вилла 2014 йилнинг ëзида оффшор компаниялари орқали 16.1 миллион долларга сотиб олинган бўлса¸ ҳозирда улар 18.9 миллион долларга сотувга қўйилган.

Лос Анжелеснинг энг қиммат райони – Ҳолливуд тепаликарида жойлашган виллаларнинг энг арзони учун 5 миллион 995 минг¸ қиммати учун эса¸ 6 миллион 495 минг АҚШ доллари сўралмоқда. Уйлардан энг кичигининг яшаш сатҳи 305 кв. метр¸ каттаси эса¸ 411 кв.метрдир.

Айтилишича¸ уйлар сотиб олинган 2014 йилдан то ҳозирга қадар Каримова-Тиллаевлар бу виллаларнинг бирортасида яшамаган.

АҚШ нашри томонидан “диктатор” деб таснифланган Ислом Каримовнинг кенжа қизи сотувга қўйган виллалар кейинги йиллар мобайнида вақти-вақти билан ижарага бериладиган қимматбаҳо кўчмас мулк рўйхатида кўзда ташланиб турган.

Лола Каримова ва унинг эри Тимур Тиллаев сотувга қўйган бу уч вилланинг иккитаси уларда дунëга машҳур шахслар яшагани билан кўз-кўз қилинмоқда ва улар нархи ҳам шунга кўра қимматроқ баҳоланган.

Хусусан¸ қарийб 6.5 миллион долларлик виллада¸ уни Лола Каримова сотиб олгунга қадар¸ Америка футболи юлдузларидан бири Reggie Bush ва унинг собиқ маъшуқаси Kim Kardashian яшаган. Variety.comнинг ëзишича¸ сотув рекламасида вилланинг ана шу таниқли жуфтлик таъбига кўра таъмирдан чиқарилгани алоҳида таъкидланган.

Сотувга қжйилган виллаларнинг энг қимматида Америка футболи юлдузи ўз маъшуқаси билан яшаган.
Сотувга қжйилган виллаларнинг энг қимматида Америка футболи юлдузи ўз маъшуқаси билан яшаган.

Уч қаватли бу виллада¸ лифт¸ кинотеатр¸ қимматбаҳо ошхона¸ бассейн ва хос спа салони бор. Уни бошқа қиммат виллалардан ажратиб турадиган асосий жиҳат эса¸ суратлардан кўрилишича¸ адир тепасида жойлашгани боис унинг тўртала томонидан Лос Анжелес ва Тинч океани манзарасининг кафтдагидек кўриниб туришидир.

6.4 миллион долларлик иккинчи вилла¸ унинг рекламасида иддао қилинишича¸ Beatles гуруҳининг дунëга машҳур қўшиқчиси John Lennon ва рафиқаси Yoko Oko томонидан қайта қурилган. Афтидан¸ бу иддаони қўлловчи далиллар йўқлигидан¸ АҚШ нашри уни “миш-миш” деб атаган.

Жон Леннон ва Ëко Оно қайта таъмирлагани иддао қилинган иккинчи вилла.
Жон Леннон ва Ëко Оно қайта таъмирлагани иддао қилинган иккинчи вилла.

Марокаш услубидаги бу виллада ҳам¸ суратлардан кўринишича¸ қимматбаҳо паркет ва устунлар¸ 1200 донагача вино сақлашга мўлжалланган винотека¸ бассейн ва бошқа қиммат унсурлар мавжуд.

Каримовалар сотувга қўйган уч вилланинг 6 миллион доллардан сал арзони¸ гарчи унда таниқли шахслар яшамаган бўлса-да¸ реклама таснифига кўра¸ барча қулайликларга эга ва ундан ҳам Лос Анжелес ва океан манзараси кўриниб туради.

Виллаларнинг энг арзони.
Виллаларнинг энг арзони.

Ҳолливуд тепаликларидаги кўчмас мулкларини юритиш билан машғул бўлмаган пайтида Тиллаев ва Каримова Beverly Hills мавзеидаги Le Palais саройида яшашади. Эр-хотин 2013 йили 4460 метр квадратлик бу виллани 33 миллион долларга сотиб олгани билан танилган эди. Муҳаммад Ҳадид қурган бу улкан виллада ëпиқ бассейн¸ 200 меҳмонга мўлжалланган бал хонаси¸ 40 одамга мўлжалланган кинотеатр¸ ўндан ошиқ машина сиғадиган ер ости гаражи ва массаж хонаси бор”¸ дейилади variety.com мақоласида.

Каримова-Тиллаев жуфтлигининг бу қимматбаҳо кошонаси эса¸ айтилишича¸ Лола Каримованинг Лос Анжелесдаги The Harmonist деб номланган атир дўконидан бир неча минутлик масофада жойлашган. Дўкон расмий сайтида қўйилган рекламасида Каримова унда дунëдаги энг ноëб ва энг қимматбаҳо табиий унсурлардан қилингани айтиладиган атирлар сотилишини иддао қилади.

Айни пайтда АҚШ нашри¸ Каримованинг Лос Анжелесдаги уйи у эгалик қилувчи кўчмас мулк рўйхатидаги энг қиммати эмаслигини эслатиб ўтади.

Beverly Hills, Париж ва Швейцариянинг Женева кўли атрофидаги энг ҳашаматли кўчада жойлашган виллада яшовчи бу оила¸ маҳаллий нашрларнинг ëзишича¸ Швейцариядаги уйини тақрибан 47 миллион АҚШ долларига тенг швейцар франкига сотиб олган”¸ дейилади variety.com мақоласида.

Дунëнинг энг қиммат шаҳарларининг энг қиммат мавзеларида ўнлаб миллион долларлик виллалар сотиб олиши ортидан Ғарб матбуоти назарига тушган Лола Каримова-Тиллаева отаси президентлиги даврида Ўзбекистоннинг UNESCOдаги элчиси бўлган.

Унинг эри Тимур Тиллаев эса¸ Ўзбекистондаги энг йирик Абу Сахий улгуржи бозорига эгалик қилган.

Бу жуфтликнинг улкан бойлиги¸ хусусан¸ Ғарб зодагонлари орасидаги ҳашаматли ҳаëт тарзи қатор журналистик суриштирувларга асос бўлган.

Хусусан¸ The Black Sea ва Франциянинг Mediapart нашри 2017 йил эълон қилган суриштирувда¸ Абу Сахий компаниясининг Бирлашган араб амирликлари ва Швейцариядаги оффшор банк ҳисоблари воситасидаги мураккаб молиявий схемалар орқали 127 миллион АҚШ доллари миқдорида нақд пулни ўтказгани айтилган эди.

Озодлик variety.com ва АҚШнинг бошқа қатор нашрларида 3 август куни чоп этилган мақоладаги маълумотга изоҳ сўраб¸ Каримова-Тиллаевларнинг АҚШдаги адвокатига мурожаат қилди.

Ëзма мурожаатда Озодлик хусусан¸ 2014 йил ëзида бирваракайига сотиб олинган уч қимматбаҳо виллага тўланган пулнинг қаердан олингани¸ бу пулларнинг The Black Sea ва Mediapart суриштирувида айтилган 127 миллионлик нақд пулга алоқадорлиги бор-йўқлиги¸ қолаверса¸ бу виллаларнинг нима учун айнан ҳозир бирваракайига сотувга қўйилганини сўради.

Жуфтликнинг таниқли адвокати Mark Reymond ўз мижозлари бу саволларга жавоб бермаслигини айтиб¸ “no comment” деб жавоб қайтарди.

Озодликнинг Лола Каримова ўз отаси президентлиги даврида 100 миллион доллардан кўпроқ пулни нима учун Лос Анжелесдан қимматбаҳо виллалар сотиб олишга сарфлагани¸ марҳум президент кенжа қизи ва куëвининг Каримов ўлгандан сўнг Ўзбекистонда бизнеси қолган-қолмагани¸ уларнинг Ўзбекистондаги собиқ компаниялари фаолияти текширилаëтганига оид норасмий маълумотлар ҳақидаги саволлари ҳам жавобсиз қолди.

42 яшар Лола Каримова Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг иккинчи қизи.

Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримова 2014 йилдан бери Ўзбекистон суди томонидан оғир иқтисодий жиноятлар¸ хусусан¸ катта миқдордаги коррупция ва пул ювишда айбланиб¸ узоқ йиллик қамоққа ҳукм этилган.

XS
SM
MD
LG