Линклар

Шошилинч хабар
04 август 2020, Тошкент вақти: 10:39

9 ëшли қизни ўлдирганликда гумонланиб қамоққа олинган ëш аëл онаси унинг қийноқлар остида “иқрор” бўлганини айтмоқда


Асакадаги қотилликни содир этганликда гумонланаëтган 23 яшар аëл 3 ойлик чақалоғи билан бирга Тоштурмада сақланмоқда.

1 июль куни қўшнисининг 9 яшар қизини пичоқлаб ўлдирганликда гумонланиб¸ қамоққа олинган 23 яшар асакалик аëл яқинлари унинг қийноқлар¸ жинсий тажовуз ва психотроп дори воситасида қилмаган қотилликка иқрор бўлганини иддао қилмоқда.

(Ўлдирилган қиз ва қотилликда гумонланиб қамоққа олинган аëл исми-шарифи ва яшаш манзили Озодликка маълум. Шахсий маълумотлар дахлсизлиги ва айбсизлик презумпцияси боис уларни эълон қилмаëтир - таҳр.)

Қамалган аëл яқинлари ўтказилган суд-тиббий экспертиза хулосаси қизчанинг ўлимидан олдин жинсий зўрлангани ва унинг танасидан сперма қолдиқлари топилгани қотилликни аëл киши содир этмагани далили эканини таъкидламоқда.

Озодликка тақдим этилган расмий тиббий экспертиза хулосасида¸ дарҳақиқат¸ жасаддан сперматозоид топилгани ëзилган.

Андижон вилоят, Асака туман Кужган МФЙ Мўдай маҳалласида 21 июнь куни 9 яшар қиз жасади ўз уйида қонга беланган ҳолда топилган ва Бош прокуратура у пичоқ билан урилган 16 та зарбадан ўлдирилганини хабар қилган эди.

Бош прокуратура ҳозирча бу қотилликка оид бошқа баëнот бермади. Андижон ИИБ ва прокуратураси мулозимлари Озодликнинг бу иш бўйича мурожаатларига “тергов сири” сифатида маълумот бермади.

Суд-тиббий экспертиза хулосаси

Нусхаси Озодликка юборилган 9 яшар қизнинг мурдасида ўтказилган суд-тиббий экспертиза хулосаси қотиллик содир этилган 21 июнь куни ўтказилган.

Соат 21:50 ва 23:30 орасида ўтказилгани қайд этилган экспертиза хулосасига кўра¸ қизнинг кўкрак бўшлиғига 17 марта пичоқ урилган¸ унинг орқа пешобидан “саноқли сперматозоид” топилган.

Бу ҳужжатни Озодликка тақдим қилган гумонланувчи яқинлари айни шу хулоса¸ қотилликда айбланаëтган 23 яшар аëлнинг ҳақиқий қотил эмаслиги тасдиғи эканини иддао қилмоқда.

Мазкур ҳужжатда ўлдирилган қизга оид шахсий маълумотлар мавжудлиги боис Озодлик уни чоп этмаëтир.

Қийноқ иддаолари

Уч ойлик чақалоғи бўлган ëш келинчак¸ тергов иддаосича¸ 30 июнь куни воқеа жойида жиноятни қилганига иқрор бўлган. Аммо аëлнинг яқинларига кўра¸ гумонланувчи ўша куннинг ўзидаëқ адвокатига¸ эртаси - 1 июль кунги дастлабки судда эса судьяга қотилликни қилмагани ва қўрқитув остида унга иқрор бўлганини айтган.

Гумонланувчи аëлнинг онаси Озодликка қизининг тергов пайтида қийноқ ва қўрқитишлар¸ шунингдек берилган психотроп дори таъсирида қотилликка иқрор бўлганини иддао қилди.

23 ёшли қизимни қийноқлар билан бўйнига олдиришган. Қизимни бир кеча оёқда турғизишган¸ агар бўйнингга олмасанг болангни ўлдирворамиз¸ эрингни 30 йилга қамаворамиз¸ сени эрингнинг жиянига ўйнаш қилиб номингни чиқарворамиз¸ дейишибди. Орқа пешовингга ҳозир зўрлайман¸ деб ерга ётқизиб¸ оғзига оёқларини тиқиб қийнашибди. Икки марта укол қилишган¸ тинчлантирадиган деб. Андижон жиноят қидирувидагилар қилган бу ишларни. Гувоҳлик бераётган салончи қизни ҳам адирга олиб боришиб қийнашиб қўрқитишибди. Гап ўргатишибди қизимга қарши. 1200 та ёшу қаридан қон¸ анализию сперма олишган экан. Лекин 40 та эркак кишини спермасини олинган¸ деб қўйишибди¸ холос. Энди бўлса қиз болани қўл орқали бузган деяпти”¸ деди қотилликда гумонланиб қамоққа олинган ëш аëлнинг онаси.

Яқинларига кўра¸ 24-25 июнь кунлари Асака ИББда қилинган икки кунлик дастлабки сўроқ-жавобда терговчилар уч ой аввал биринчи фарзандлик бўлган ëш онанинг икки оëғи орасига тепган¸ жинсий тегажоқлик қилган ва ниҳоятда қўпол сўзлар билан ҳақорат қилган¸ аëл ҳушидан кетган ва унга тиббий ëрдам ҳам кўрсатилган.

Она: Видеокамерага фақат ўргатилган иқрор ëзиб олинган!

Гумонланувчининг онасига кўра¸ Андижон вилоят ИИБ жиноят-қидирув бўлими терговчилари аввалига ëш аëлни “фирибгарлик”да айблаб¸ Андижон шаҳридаги тергов изоляторида қамаб қўйган. Ҳаммаси эркак бўлган бир неча терговчи бирваракайига унга ҳам руҳий¸ ҳам жисмоний босимни бу сўроқ-жавоблар давомида янада кучайтирган.

Подвалда қизимни икки сутка туни билан деворга турғизиб қўйишган. Начальник дегани ҳамма ëғига қўл солган. Бузуқ хотинсан¸ деб оғзига оëғини тиққан. Эринг иқрор бўлди¸ бўйнингга олсанг¸ болангни кўрасан¸ бўлмаса йўқ. Ўғриликка киргансан¸ олдинги 4000 долларниям сан олгансан¸ бу гал 1¸5 миллион сўмни олиш киргансан¸ билмасдан ўлдириб қўйгансан¸ деймиз бўйнингга олсанг¸ дейишган. Бўйнингга олсанг¸ уч йиллик қамоқ билан қутулиб кетасан¸ уй қамоғи берамиз¸ боланг ҳам ëнингда бўлади¸ эринг билан кўришиб турасан¸ дейишган. Кўнмаганидан кейин¸ уришган¸ зўрлаш билан таҳдид қилишган¸ токка қўямиз дейишган. Ухлатмасдан шунча қийноққа солинганидан кейин боласини кўриш учун¸ терговчилар нимани айт деган бўлса¸ шуни айтган. Тошкентдан келган терговчи олдига опчиқиб¸ ўргатилган гапларни айтиб бердиришган. Кейин бу гапларни прокуратурадаги сўроқ пайтида айттиришиб¸ камерага ëздириб олишган”.

Яқинларининг Озодликка айтишича¸ 9 июль куни ëш аëл психологик экспертизадан ўтказиш учун Тошкентга олиб келинган ва ҳозирда Тоштурмада сақланмоқда. Жорий ҳафта унинг суд қарори билан бир ойга психиатрик клиникага ëтқизилиши ва бу ерда тиббий текширувдан ўтказилиши кутилмоқда.

Озодлик гумонланувчи яқинларининг бу иддаолари бўйича 21 июнь кунги қотиллик терговини олиб бораëтган Андижон прокуратурасидан изоҳ ола олмади.

Асака туман ИИБ мулозими Озодликка “аëлнинг қотилликка иқрор бўлгани ва қотиллик қуроли пичоқнинг топилгани”ни билдирди.

23 яшар гумонланувчи яқинлари эса¸ шов-шувли қотилликни тезда топдик¸ деб Тошкентга ҳисоб бериш мақсадида ëш онанинг қурбон қилингани¸ ҳақиқий қотилнинг ҳамон очиқда қолаëтганини иддао қилмоқда.

Асакалик келинчак оиласига кўра¸ улар бу арз ва эътирозларини президент порталидан то Бош прокуратурага қадар юборган¸ аммо ҳозирча бирор инстанция шикоятларини жиддий қабул қилмаган.

Қийноқлар¸ хусусан¸ Андижон ИИБдаги қийноқлар хроникаси

Ўзбекистон тергов изоляторлари ва ҳибсхоналарида қийноқларнинг кенг тарқалгани муаммосини президент Мирзиëевдан тортиб Бош прокуратура раҳбарларига қадар эътироф этган.

Бу ҳақда жорий йил бошида ўтказилган брифингда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова¸ кўрилаëтган чора-тадбирларга қарамай¸ қийноқларнинг камаймаëтгани¸ аксинча¸ кўпайганини эътироф қилди.

Асакадаги қотиллик бўйича дастлабки терговни ўтказган Андижон вилоят ИИБсига 30 май куни сўроққа олиб келинган шахснинг қийноқлардан ўлгани жамоатчилик орасида жиддий норозиликларга сабаб бўлди.

Андижон ҳибсхонасидаги ўлим ҳолати юзасидан Бош прокуратура очган жиноят иши доирасида 3 нафар ички ишлар ходимига нисбатан ЖКнинг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.

XS
SM
MD
LG