Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2021, Тошкент вақти: 18:49

Ўзбекистон хабарлари

Ички ишлар ходимларининг фуқаролар билан суҳбати видеога ёзилади

Ўзбекистондаги ҳар бир ички ишлар бўлимида ходимларнинг одамлар билан мулоқотини видеога олиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда ички ишлар вазири ўрнбосари Рустам Хотамов маълум қилди.

“Биз ҳозир ҳар бир туман ички ишлар бўлимларида фуқароларнинг ходимлар билан суҳбати аудио ва видеоаппаратурага ёзиб олинадиган махсус хоналарни тайёрлаяпмиз. Умуман, биз зўравонлик ва таҳдид ҳолатларининг олдини олиш учун барча чораларни ишга соламиз”,-деди вазир ўринбосари.

Унга кўра, махсус хоналарни ташкил этилишига Андижондаги ички ишлар бўлимида қийноққа солинган шахснинг вафот этгани туртки берган.

Озодлик радиоси 13 июнь куни шу йилнинг 30 майида Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага ётқизилган 32 ёшли Алижон Абдукаримов 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани тўғрисидаги маълумот ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Ички ишлар вазирлиги Андижондаги ҳолат юзасидан уч нафар ички ишлар ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва улар ҳибсга олинганини, беш киши лавозимидан бўшатилганини ва 19 кишига интизомий жазо қўлланилганини билдирган.

Кун янгиликлари

Афғонистондаги нотинчлик ортидан Ўзбекистонда Мудофаа вазирлиги ҳарбий машқлар бошлади

Ўзбекистон армиясига тегишли ҳарбий машиналар (Мудофаа вазирлиги фотоси)

Афғонистонда Толибон ҳаракати Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонга бевосита чегарадош туманларни ишғол қилгани ортидан Мудофаа вазирлиги “қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича амалий машғулотлар бошлаган”.

Вазирлик матбуот хизмати маълумотига кўра, хусусан, мудофаа вазири раҳбарлигида шу кунда Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округлари ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий қисм ва бўлинмаларида қўққисдан текширувлар бўлиб ўтяпти.

“Бунда шахсий таркиб ва жанговар техникаларнинг шайлиги текширувдан ўтади”, дейилган Мудофаа вазирлиги хабарномасида.

Шунингдек, “Ангрен” ва “Термиз” умумқўшин дала майдонлари ҳудудида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонликлари тасарруфидаги ҳарбий қисм ва ҳамкорликдаги куч тузилмалари ўртасида ўзаро тажрибалар алмашиш ҳамда ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг амалий дала кўникмаларини такомиллаштириш мақсадида батальон тактик ўқувлари ўтказилиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, тактик ўқувлар давомида “Тревога” сигнали берилганда шахсий таркибнинг ҳаракатлари, белгиланган йўналиш бўйича ҳимояни кучайтириши, қўйилган жанговар ўқув вазифаларини сифатли бажариш борасидаги кўникмалари синовдан ўтказилади ҳамда шартли душманнинг эҳтимолий жойлашган ҳудуди аниқланиб, кейинчалик улар томонидан олиб борилиши мумкин бўлган фаол ҳаракатларни бартараф этиш мақсадида улар жойлашган ҳудудларга авиация ҳамда артиллерия бўлинмаларининг куч ва воситалари ҳамда миномётчилар батареяси томонидан зарбалар берилади.

Вазирлик ўқув машғулотлари давом этганини маълум қилган, бироқ улар қачон поёнига етишини очиқлаган эмас.

Афғонистонда Толибон ҳаракати Марказий Осиё давлатлари чегарасидаги 20 га яқин туманни ишғол этгани, шу жумладан Ўзбекистонга бевосита чегарадош Балхда беш туманни эгаллагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Тўрақўрғонда газ портлаши оқибатида 12 яшар болакай нобуд бўлди

Иллюстратив сурат

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган уйлардан бирининг ошхонасида газ портлаши натижасида 12 яшар бола вафот этди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Тўрақўрғоннинг “Соҳилобод” маҳалласи Ниёзбоев кўчасида 23 июнь куни баллонли газ портлаган. Чиққан ёнғин пайтида уйнинг анчагина қисми ва уй-рўзғор буюмлари куйиб кетган.

“Дастлабки суриштирувлар кўрсатмоқдаки, хонадон эгалари суюлтирилган баллонли газдан фойдаланиш қоидаларига умуман риоя этмаганлар. Уй ертўласидан ошхона сифатида фойдаланишган, бу ерда мўри ёки ҳаво алмаштиргич мосламаси бўлмаган”, дейилган ҳокимлик хабарномасида.

Портлаш болакай ошхонага чой қўйиш учун кириб, гурурт чаққан пайтда содир бўлгани айтилмоқда.

Депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилган андижонлик Каримов қамоққа олинди

Дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган Aндижон шаҳар халқ кенгашининг депутати Шуҳрат Каримов қамоққа олинди. Бу ҳақда Газета.уз нашри хабар қилди.

Избоскан тумани прокуратураси томонидан “Alliance R.C.” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида депутат Ш. Каримов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168, 192-11 ва 228-моддалари билан гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилингани, суд ажрими билан унга "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилганини Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлаган. Мулозимга кўра, мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Андижонлик депутатга нисбатан бундан бир ой муқаддам мамлакат Жиноят кодексининг қатор моддалари бўйича жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Ўшанда бошқа депутатлар Ш. Каримовнинг ёнини олиб чиққан, унинг “ерлар ноқонуний сотилаётганини фош қилиб, шаҳар прокурорини аттестациядан ўтказилишини талаб қилгани учун” тазйиққа учраганини иддао қилишганди. Депутатнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилиши Адлия вазирлиги ва Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан ҳам қораланганди.

Бош прокуратура эса Андижон шаҳар ҳокими ва прокурори ҳимоясига чиқиб, депутатни “ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини бошлаган”ини иддао қилган.

Қашқадарёда “Афросиёб” поезди йўлини тўсган норозилар судланади

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида электр таъминотидан норози бўлиб, “Афросиёб” поезди йўлини тўсганлардан 13 нафари судга чақирилган.

“Дарё” нашрининг хабарига кўра, поезд йўлини тўсганлар иши 2021 йил 25 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судида кўриб чиқилади.

Чироқчи туман “Айритом” МФЙ профилактика инспектори Аҳрор Дўстқулов нашрга мазкур иш доирасида 50 нафар фуқарога чора кўрилаётганини маълум қилган.

ИИБ вакили ҳодиса юзасидан 37 нафар фуқарога огоҳлантириш берилганини қўшимча қилган.

Чироқчидаги “Айритом” қишлоғининг электр таъминотида кузатилаётган узилишлардан норози бўлган турғунлари шу йилнинг 7 июнь куни темир йўл устида йиғилгани, поезд келишидан тахминан 28 минут олдин Чироқчи туман ҳокими келиб, темир йўл атрофида йиғилган қишлоқ аҳлини Маҳалла фуқаролар йиғинига олиб кетгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

ТИВ: Ўзбекистон ҳудудига кирган 53 нафар афғонистонлик ватанига қайтарилди

Ўзбек-афғон чегараси (архив сурати)

Жорий йилнинг 23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ўтди. Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, “зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилган”.

Ўзбек дипломатлари қайдича, Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилади, давлат чегарасини бузганларга эса энг кескин чоралар кўрилади.

Ўзбекистон Афғонистондаги, жумладан, чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганини урғулаган ТИВ ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳамда тинч аҳоли орасида қурбонлар келиб чиқишига йўл қўймасликка чақирган.

“Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини асраш, бетарафликни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилади”, дейилган вазирлик баёнотида.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари 23 июнь куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида тожик-афғон чегарасида юзага келган вазиятни муҳокама қилишган эди. Тожикистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда юзага келган вазиятни “ўта кескин” дея баҳолашган.

Пайшанба куни Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари мамлакат ҳудудига Афғонистондан 134 нафар ҳукумат аскари қочиб ўтгани, улар “инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларига амал қилган ҳолда” Тожикистонга қўйилгани ҳақида маълумот тарқатганди.

Сирдарёда 8 ёшли қизга тегажоқлик қилган шахс 10 йилга қамалди

Иллюстратив сурат.

Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида 8 ёшли қизни мактаб хожатхонасига олиб кириб жинсий алоқа қилмоқчи бўлган шахс 10 йил 1 ойга қамалди. Бу ҳақда “Сукут сақлама” лойиҳаси хабар берди.

Хабарда суд қаерда бўлиб ўтгани айтилмаган. Билдирилишича, суд мазкур шахсни Жиноят кодекси 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми билан айбдор деб топган. Суд томонидан судланган шахс ўта хавфли рецидивист деб эълон қилинган.

2020 йилнинг октябрида Сайхунобод туманида истиқомат қилувчи аёл ўзининг 8 ёшли қизига номаълум эркак ахлоқсиз ҳаракатлар қилгани, аммо ҳуқуқ-тартибот органларининг эътиборсизлиги оқибатида “жиноятчи очиқда қолаётгани” тўғрисидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган эди.

Мазкур хабарлар ортидан жиноят ишида олға силжишлар бўлган ва 28 ёшли йигит қўлга олинган.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 15 июль куни уйи яқинидаги дўконга чиққан 8 ёшли қизалоқни 28 ёшли шахс велосипедда 35-сонли мактабга олиб келган ва хожатхонага олиб кириб ечинтирган. Кейин қизалоққа нисбатан “ахлоқсиз ҳаракатларни амалга оширган”.

Буни пайқаб қолган мактаб қоровулига эса, эркак қизалоқ синглиси экани ва ҳожатга чиққиси келганини айтган. Шундан сўнг, эркак қизни велосипедга ўтқазиб, кўча бошига ташлаб кетган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 108 мингга яқинлади

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3513 нафар бемор даволанмоқда.

Ўзбекистонда 23 июнь куни яна 442 кишида коронавирус аниқлади ва инфекция қайд этилганлар сони 107708 нафарга етди.

Коронавирусга янги чалинганларнинг 138 нафари Тошкент шаҳрида яшайди. Бундан ташқари Самарқанд вилоятида 86, Тошкент вилоятида 46, Сурхондарё вилоятида 33, Жиззах вилоятида 31 кишида коронавирус топилди. Қолган вилоятларда ҳам камида 2 нафардан 18 нафаргача бемор аниқланган.

Касалликдан соғайганлар жами 103472 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.

23 июнда 1 нафар бемор вафот этиб, касалликдан ўлганлар сони 723 нафарни ташкил қилди. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3513 нафар бемор даволанмоқда.

Мирзиёев ва Раҳмон тожик-афғон чегарасидаги вазиятни “ўта кескин” деб баҳолади

Мирзиёев ва Раҳмон суҳбати Афғонистон ҳукумати қўшинларининг 100 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчиси Тожикистон ҳудудига қочиб ўтгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлган бир вақтда ўтказилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 23 июнь куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти пайтида тожик-афғон чегарасида юзага келган вазиятни муҳокама қилди.

Тожикистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, президентлар Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда юзага келган вазиятни “ўта кесин” деб баҳолашган.

Икки давлат президентлари Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнини олға суришга кўмаклашиш йўналишида ҳамкорликдаги ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олди.

23 июнь куни Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳам икки давлат раҳбарлари ўзаро телефон мулоқоти ўтказгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ Ўзбекистон президенти матбуот хизмати учрашувда 10-11 июнь кунлари Тожикистонга амалга оширилган олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилганини таъкидлаш билан чекланган.

Мирзиёев ва Раҳмон суҳбати Афғонистон ҳукумати қўшинларининг Қундуз вилоятида “Толибон” ҳаракати жангарилари билан жангга кирган 100 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчиси Тожикистон ҳудудига қочиб ўтгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлган бир вақтда ўтказилди.

Ўзбекистон олтин қазиб олиш бўйича жаҳонда 8-ўринга чиқди

Ўзбекистон 2020 йилда 101,6 тонна олтин қазиб олиб, жаҳон давлатлари орасида 8-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Бутунжаҳон Олтин Кенгаши маълумотларига таянган ҳолда Forbes журнали 23 июнь куни хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон илк бора бундай катта ҳажмда олтин қазиб олди. 2019 йилда қазилган олтин миқдори 94,6 тонна бўлган.

“Бу Марказий Осиё давлатида жаҳонда майдони бўйича энг йирик бўлган очиқ олтин қазиб олинувчи Мурунтов кони мавжуд. Бу ерда, шунингдек, феруза ва маргумишининг катта захираси бор. Кўпчилик геологларнинг фикрича, бу ерда жаҳондаги олтиннинг энг катта захираси бўлиши мумкин”,-деб ёзди Forbes.

Бутунжаҳон Олтин Кенгаши рейтингида 1-ўринни ўтган йили 368,3 тонна олтин қазиб олган Хитой эгаллади. Иккинчи ўринда Россия (331,1 тонна), учинчи ўринда Австралия (327,8 тонна) қайд этилди.

Жаҳонда энг кўп олтин қазиб олувчи давлатлар ўнлигидан, шунингдек, АҚШ (190,2 тонна), Канада (170,6 тонна), Гана (138,7 тонна), Бразилия (107 тонна), Мексика (101,6 тонна) ва Индонезия (100,9 тонна) ҳам жой олди.

ИРВ мулозими Ўзбекистонда коронавируснинг “ҳиндча” штамми аниқланганини очиқлади

Ўзбекистонда коронавируснинг “хитойча” ва “британча” штаммларидан ташқари COVID-19 нинг энг хавфли кўринишларидан бири бўлмиш “ҳиндча” штамми ҳам аниқланган. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази директорининг ўринбосари Алишер Абдуллаев podrobno.uz нашрига маълум қилган.

Мулозим тахминича, “ҳиндча” штамм Ўзбекистон ҳудудига Россиядан кириб келган.

Мамлакатда сўнгги кунларда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиб бораётганини А. Абдуллаев эмланганлар сонининг камлиги, одамларнинг эмланишни истамаётгани ҳамда ижтимоий масофани сақлаш ва бошқа карантин чекловларига кўпчилик томонидан риоя қилинмаётгани билан изоҳлаган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходими Насиба Тоирова эса нашрга Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар орасида вирусни юқтириб олиш ҳолати қайд этилмаганини билдирган.

ССВ қайдича, ўтган кеча-кундузда Ўзбекистонда 442 нафар киши коронавирусга чалинган, шу тариқа вирус юқтириб олганларнинг умумий сони 107 минг 708 нафарга етган.

Ўртачирчиқда тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилган раҳбар жаримага тортилди

Иллюстратив сурат

Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги 55-сонли оилавий поликлиника раҳбари ўз ходимларини ҳудудни тозалаш ишларига мажбуран жалб этгани важидан жаримага тортилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ўртачирчиқлик тиббиёт ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилганига оид хабар ижтимоий тармоқларда тарқалгани ортидан бошқарманинг Давлат меҳнат инспекцияси ҳолатни ўрганган.

Ўрганиш давомида мазкур поликлиниканинг етти нафар ходими 15 июнь куни ҳудудни тозалаш ишларига мажбуран жалб этгани аниқланган. Шундан сўнг поликлиника раҳбарига нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1 қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари (12 миллион 250 минг сўм) миқдорида маъмурий жарима жазоси қўлланилган.

Самарқандда 19 ёшли қизнинг зўрлангани билан боғлиқ ҳодиса прокурор назоратига олинди

Самарқандда иш вақтида 19 ёшли қизнинг зўрлангани билан боғлиқ иш вилоят прокурори томонидан назоратга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят прокуратураси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Аввалроқ вилоят Ички ишлар бошқармаси Пастдарғомдаги текстиль корхоналаридан бирида ишлайдиган қизнинг номусига теккан 28 ёшли А.Ф. га нисбатан 12 июнь куни мамлакат Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани, айбланувчига нисбатан сирттан қамоққа олиш тарзида эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида маълум қилганди.

Маълумотларга кўра, 19 ёшли қизнинг номусига тегиш билан боғлиқ ҳодиса шу йил 23 майида рўй берган. А.Ф. қизни ишлаётган жойидан олиб кетиб, корхона яқинидаги қурилиши тугалланмаган 9 қаватли бино олдига олиб бориб зўрлаган.

Вилоят прокуратураси хабарномасида ҳодиса 23 июнь куни вилоят прокурори Равшан Машарипов ва сенатор Фармон Тошев бошлигида вилоят прокуратураси ва ИИБ раҳбарларининг соҳавий ўринбосарлари, тармоқ раҳбарлари, ИИБ терговчилари, жабрланувчи, айбланувчи, уларнинг вакиллари ва ҳимоячилари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида муҳокама қилингани айтилган.

Муҳокама жараёнида вилоят прокурори жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари малакали ўтказилмагани, муқаддам шунга ўхшаш ҳолатларда йўл қўйилган камчиликлар ҳанузгача такрорлаб келинаётганлигини, айбдор аниқ бўлса-да ҳолат ижтимоий тармоқларда ёритилган сўнг айбланувчига нисбатан 21 июнь куни эҳтиёт чораси танланганлигини таъкидлаган ҳамда ишни шахсан ўзи назоратга олишини билдирган.

Янги ўқув йилида ОТМлар бакалавриатига қарийб 158 минг талаба қабул қилинади

Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг бакалавриатида 2021/2022 ўқув йилида давлат бюджети ҳисобидан ўқитиш учун 57 минг 755 та жой ажратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилдагисидан 17 минг 805 тага кўпдир. 2020/2021 ўқув йили учун бакалавриатга 139 минг 950 та ўрин ажратилганди.

Янги ўқув йили учун қабул квоталари мамлакат президенти томонидан шу йил 22 июнида қабул қилинмиш “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021/2022 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари қуйидагича белгиланган:

Бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

кундузги таълим шаклига – 113 минг 530 нафар;

сиртқи таълим шаклига – 37 минг 675 нафар;

кечки таълим шаклига – 6 минг 550 нафар.

Магистрлар тайёрлаш бўйича – 12 минг 900 нафар.

Хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича – 500 нафар.

Қарорда абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш жорий йилнинг 22 июнидан 22 июлига қадар бўлган муддатда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилиши қайд этилган.

Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этишга оид қарорни имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни “Янги Ўзбекистон” университетида таълим жараёнини ташкил этишга оид тақдимот билан танишган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур университет давлат олий таълим муассасаси шаклида ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари – нуфузли хорижий ўқув юртларининг таълим дастурлари асосида юксак касбий билим ва малакаларга эга бўлган истиқболли кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, бунинг учун ҳар томонлама қулай муҳитни шакллантириш экани айтилмоқда.

Университетда 5 та – муҳандислик, табиий фанлар, бошқарув, агротехнологиялар ва ахборот технологиялари факультетлари бўлади. Дарслар ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилади.

Қайд этилишича, президент университетда қабул ва таълим жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини самарали йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берган.

“Университет талабалари 1-курсдан ўз соҳаси бўйича иқтисодиёт тармоқлари ва илмий марказларга бириктирилиши керак. Вазирликлар, нуфузли институт ва йирик компаниялар университетнинг васийлик кенгашига кириши муҳим. Улар ўз эҳтиёжларини билдириб, таълим жараёнига интеграциялашиши, бўлғуси мутахассисга олдиндан сармоя киритиши зарур”, деган Шавкат Мирзиёев.

Тақдимот билан танишган президент “Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этишга оид қарорни имзолаган.

Афғон ҳарбийлари Тожикистонга қочгани ортидан Мирзиёев ва Раҳмон телефонда суҳбатлашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10-11 июнь кунлари Тожикистонга расмий ташриф билан борган эди.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари 23 июнь куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида минтақавий хавфсизлик масалалари юзасидан фикр алмашдилар ҳамда Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш мақсадида яқин мулоқот ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентларининг телефон мулоқоти Афғонистон ҳукумати қўшинларининг Қундуз вилоятида “Толибон” ҳаракати жангарилари билан жангга кирган 100 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчиси Тожикистон ҳудудига қочиб ўтгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлган бир вақтда ўтказилди.

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг билдиришича, тожик чегарачилари “инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларига амал қилган ҳолда, афғон ҳарбийларига Тожикистон ҳудудига тўсиқсиз кириб олишга рухсат беришган”.

Бироқ Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарда бу воқеалар эсланмаган.

Президент матбуот хизмати учрашувда 10-11 июнь кунлари Тожикистонга амалга оширилган олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилганини таъкидлаш билан чекланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10-11 июнь кунлари Тожикистонга расмий ташриф билан борган эди.

Махсус поезд 25 ва 28 июнь кунлари Россиядан ўзбекистонликларни Тошкентга олиб келади

Иллюстратив сурат.

Россиядан ватанига қайтиш ниятида бўлган ўзбекистонликларни олиб келиш учун 25 ва 28 июнь кунлари иккита махсус поезд қатнови амалга оширилади.

Ўзбекистон темир йўллари”нинг билдиришича, 25 июнь куни Волжский-Тошкент, йўналишидаги биринчи поезд соат 20:57 да Волжский вокзалидан Тошкентга йўлга чиқади.

28 июнь куни 22:28 да Москванинг Қозон вокзалидан Тошкент йўналишида поезд ўз ҳаракатини амалга оширади.

Йўловчилар ёки уларнинг яқинлари е-ticket.railway.uz сайти орқали чипталарни электрон тарзда харид қилишлари мумкин.

Россия Бош вазири Ўзбекистонни Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишга даъват этди

22 июнь куни Москвада Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари Абдулла Арипов ва Михаил Мишустин

Россия Бош вазири Михаил Мишустин 22 июнь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан Москвада бўлиб ўтган учрашувда Евросиё иқтисодий иттифоқи – ЕОИИга қўшилиш расмий Тошкент учун манфаатли бўлиши ҳақида гапирди. Ҳозирда Ўзбекистон Россия назоратидаги мазкур ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Россия ҳукумати расмий сайтида маълум қилинишича, Мишустин: “Ишонаманки, Евросиё иқтисодий иттифоқида тўлақонли иштирок этиш ўзбек иқтисодиётининг ривожланиши учун қўшимча имкониятлар яратади ва Ўзбекистон фуқаролари учун сезиларли даражада фойда бўлади”, - деб айтган.

Мишустин ўз сўзида бу ташкилотга аъзо бўлган давлатлардан Россияга ишлаш учун келган муҳожирларга берилаётган имтиёзларни алоҳида таъкидлаган.

Айни пайтда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўз нутқи давомида: “Ишонаманки, бизнинг давлат раҳбаримиз амалга оширадиган ташриф доирасида ўзбек-рус ҳамкорлигининг асосий магистраль йўналишлари белгилаб берилади”, - деб айтган.

22 июнь куни Москвада Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари Абдулла Арипов ва Михаил Мишустин икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия мажлисини ўтказишганди.

Ўзбекистон президентининг Москвага навбатдаги сафари 2021 йилга белгиланган. Бироқ бу сафар қачон амалга оширилишига оид аниқ муддат ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистонда “Коррупционерлар қора рўйхати” шакллантирилиши иддао қилинди

Иллюстартив сурат.

“Коррупционерлар қора рўйхати шакллантирилади, давлат хизматчилари даромадлари декларация қилинади, ишга қабул фақат очиқ танлов асосида бўлади, раҳбар кадрлар мажбурий ротацияси йўлга қўйилади – коррупцияга қарши ўта аҳамиятли ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилди!”

Адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова ўзининг Telegram’даги каналида 23 июнь куни мана шундай баёнот билан чиқди.

Унга кўра, Адлия вазирлиги “президент топшириғи билан коррупцияга қарши муросасиз муҳит яратишга қаратилган Фармон ва қарор лойиҳалари ишлаб чиқди”. Бу лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Шаҳноза Соатованинг иддао қилишича, мазкур ҳужжатлар қабул қилинган тақдирда, 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади.

Декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва нотўғри маълумот киритиш давлат хизматидан бўшатиш ва жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Бундан ташқари давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисобрақамларини очиш, нақд пул маблағларини сақлаш ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади. Шунингдек, 2021–2022 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури тасдиқланиши кутилмоқда.

Kun.uz сўз эркинлиги бўғилаётганига норозилик сифатида 2 кун ўз сайтини янгиламади

Иллюстратив сурат.

Kun.uz нашри Ўзбекистонда сўз эркинлигини бўғишга қаратилган қонун меъёрлари мавжудлигига тоқатсизлик сифатида ўз сайтини 21-22 июнь кунлари янгиламади. Бу ҳақда нашр 23 июнга ўтар кечаси расмий баёнот тарқатди.

21 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида Kun.uz сайтида эълон қилинган диний мақолалар билан боғлиқ маъмурий иш кўриб чиқилган эди.

Суд жараёнида нашр эълон қилган диний мақолаларда қонунчиликка зид келувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги эътироф этилган. Айни пайтда нашр бу мақолаларни диний экспертизадан ўтказмай туриб эълон қилгани учун Kun.uz раҳбари 12 миллион 250 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.

Ушбу суд жараёни муносабати билан Kun.uz 21-22 июнь кунлари ўз фаолиятини тўхтатиб, хабарлар лентаси янгиланмади.

“Мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ айрим қонунчилик меъёрлари (жумладан, Kun.uz’нинг жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган қонун нормалари) ҳамон эски қолипларда қолаётганига кўз юмиб бўлмайди. Бундай камчиликлар исталган вақтда сўз эркинлигига қарши қурол сифатида фойдаланилиши мумкин.

Kun.uz фаолияти билан боғлиқ сўнгги воқеалар ҳам буни кўрсатиб берди. Таҳририят бунга тоқатсизлик билдирди ва фаолиятида танаффус қилиш орқали ўз норозилигини ифодалади”,-дейилади баёнотда.

Ўзбекистон Туркий тилли мамлакатлар парламент ассамблеясига қўшилишга қарор қилди

ТУРКПАга аъзо мамлакатлар вакилларининг Қирғизистонда ўтган мажлисларидан бири, Бишкек, 2017 йил декабри

Ўзбекистон Туркий тилли мамлакатлар парламент ассамблеясига (ТУРКПА) кириш ҳақида қарор қабул қилган. Бу ҳақда, Туркиянинг “Онадўли” агентлиги хабарига кўра, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Тошкентга борган ТУРКПА делегацияси билан учрашув чоғида билдирган.

Туркия Буюк миллат мажлиси депутати Исмет Учма бошчилигидаги делегация таркибига қозоғистонлик, қирғизистонлик ва туркиялик депутатлар кирган.

Томонлар Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар билан Ўзбекистон ўртасидаги икккин томонлама алоқалар ҳамда Ўзбекистон парламенти ва ТУРКПА ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилганлар.

Учма Ўзбекистон ўтмишда бўлгани каби ҳозир ҳам турк дунёсида алоҳида ўрин тутишини қайд этган.

“ТУРКПА Ўзбекистон билан ҳар соҳада ҳамкорликни ривожлантириш ниятида”, дея билдирган туркиялик депутат Ўзбекистоннинг ТУРКПАга қўшилиши мазкур ташкилот кучига куч қўшишини қўшимча қилган.

Ўз навбатида, Содиқ Сафоев Ўзбекистон Туркий кенгаш билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини урғулаган.

“Ўзбекистон парламенти ТУРКПА билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш ниятида”, деган Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

Сафоевга кўра, Ўзбекистон келажакда ТУРКПАга қўшилишга қарор қилган.

Туркий тилли мамлакатлар парламент ассамблеясига 2008 йил ноябрида Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон вакиллари иштирокида Истанбул шаҳрида асос солинган.

Коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 107 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, жорий йилнинг 22 июнь ҳолатига кўра, 107 минг 266 нафарни ташкил этган.

ССВ маълумотига мувофиқ, ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг истисносиз барча ҳудудларида 419 киши коронавирус инфекциясини юқтириб олган.

Айни пайтда сешанба куни Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 528 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 103 минг 74 нафарни ташкил этган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса шу кунда 3 минг 470 нафарни ташкил этмоқда.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда Ўзбекистон бўйлаб коронавирусга чалингани ортидан 2 киши вафот этгани, хасталик қурбонларининг умумий сони эса 722 нафарга етганини билдирган.

Ўзбекистон ва Россия бош дипломатлари Мирзиёевнинг Москвага сафари масаласини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирлари А. Комилов ва С. Лавров шу йил мартида Москвада учрашишганди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 22 июнь куни россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқот қилган.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг томонларни қизиқтирган соҳалардаги долзарб жиҳатлари муҳокама қилинган, турли даражадаги бўлажак расмий учрашувлар жадвали кўриб чиқилган, минтақавий хавфсизлик ва халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Россиялик дипломатлар қайдича, мулоқот пайтида вазирлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига бўлажак давлат сафарига ҳозирлик масаласини, имзолаш режаланаётган икки томонлама ҳужжатлар рўйхатини муҳокама қилишган. Бироқ ТИВ хабарномасида Мирзиёевнинг қайси санада Москвага ташриф буюриши очиқланган эмас.

Ўзбекистон президентининг Россияга сафари 2020 йилга режаланганди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли ташриф муддати ўзгарган. Кейинроқ президент матбуот котиби Шерзод Асадов Ш. Мирзиёевнинг Россияга сафари 2021 йилда бўлиб ўтишини маълум қилган.

Сешанба куни Москвада Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари Абдулла Арипов ва Михаил Мишустин икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия мажлисини ўтказишганди. Учрашув чоғида томонлар 12 та ҳужжат имзолашган. Тадбирда бош вазир А. Арипов Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми яқинда 10 миллиард долларга етиши мумкинлигини билдирган.

Судьялар маоши ошгани ортидан суд тизимида коррупция камайгани иддао қилинди

Ўзбекистонда судьяларнинг ойлик иш ҳақлари ошгани оқибатида тизимда коррупция ҳолатлари камайган. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши раиси ўринбосари Алишер Жалилов 22 июнь куни журналист ва блогерлар учун Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

Qalampir.uz нашри хабарига кўра, матбуот анжумани чоғида А. Жалилов жорий йилдан бошлаб Ўзбекистонда судьяларнинг маоши оширилгани, бироқ улар олаётган маош миқдорини хизмат сири бўлгани учун ошкор қилиб бўлмаслигини қайд этган.

Айни пайтда мулозим бугунги кунда ўзбекистонлик судьялар камида 16 миллион сўм (шу кундаги расмий курс бўйича 1,5 минг АҚШ долларидан кўпроқ – таҳр.) маош олаётганини очиқлаган.

“Aйрим ҳолатларда хизмат сири ёки давлат сири бўлгани сабабли маошлар ошкор қилинмайди. Судьянинг яшаб турган ҳудуди, иш ҳажми ҳисобга олиниб, 18-21 разрядларда ойлик иш ҳақи белгиланади. Мисол тариқасида айтиш мумкин - 18 разрядда ишлайдиган судьялар ойлик иш ҳақи 16 миллиондан бошланади. Ҳар бир судья кўрадиган ишининг ҳажмига қараб 17-18 млн ва ундан ортиқ маош олиши мумкин. Ойлик маошлари оширилган, ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниш даражамиз кўтариляпти”, дея иқтибос келтирган А. Жалилов сўзларидан онлайн нашр.

COVID-19 чекловлари: Транспортга ниқобсиз чиқиш, оромгоҳларга ПЗР-тестсиз кириш тақиқланди

Ўзбекистонда бундан буён йўналишли автобус ҳайдовчилари (кондукторлари) ва метро кузатувчилари ниқобсиз бўлган шахсларни транспорт воситалари салонига чиқармаслик чораларини кўриши лозим. Бунга оид қарор Республика махсус комиссияси томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Транспорт вазирлиги ва бошқа қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига биноан қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, мунтазам равишда микрофон орқали шахсларни масъулиятни ошириш бўйича тушунтириш ишларини олиб борилиши, жамоат транспортларининг охирги бекатида дезинфекция-тозалаш ишларини амалга оширилиши зарурлиги кўзда тутилган.

Айни пайтда мутасаддиларга темир йўл вокзаллари ва аэропортларда санитария-эпидемилогия талабларига амал қилинишини қатъий назоратга олиш, жумладан дезинфекция ва тозалаш тадбирларини мунтазам равишда йўлга қўйилишини таъминлаш вазифаси юкланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Республика махсус комиссияси қарори билан, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, энди Ўзбекистонда алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар фуқароларни санаторий, пансионат ва болалар оромгоҳларига қабул қилишдан олдин охирги 72 соат давомида топширилган ПЗР (полимер занжирли реакция) таҳлили талаб этилиши тартиби жорий этилади.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар аввалги декадага нисбатан икки баробар (ўртача 200 тадан 400 тага) ортгани кузатилмоқда.

Аввалроқ Озодлик Республика махсус комиссияси қарори билан Ўзбекистонда коронавирусга қарши давлат ҳисобидан эмланувчилар рўйхати кенгайтирилгани, эндиликда ёши 50 дан ошганлар ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари коронавирусга қарши бепул эмланиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган.

Прокуратура олтин қазувчилар ҳалок бўлгани тўғрисидаги Озодлик хабарини тасдиқлади

Ноқонуний олтин қазувчилар ўта хавфли ибтидоий усулларидан фойдаланади.

Навоий вилоят прокуратураси 22 июнь куни Хатирчи туманидаги Олтинсой тоғ тизимларида очиқ ҳолатда ташлаб кетилган ташландиқ конда олтин қазиётган 4 кончи ҳалок бўлгани ҳақида Озодликда 19 июнь куни эълон қилинган маълумотни тасдиқлади.

Прокуратуранинг билдиришича, 12 июнь куни Хатирчи туманида яшовчи 7 киши Олтинсойдаги ташландиқ конда “электродвижок”дан чиққан ёқилғи тутунидан заҳарланган. Оқибатда кончилардан 4 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, 3 нафари касалхонага ётқизилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Хатирчи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади билдирувда

Озодлик радиоси сайтида 19 июнь куни эълон қилинган мақолада бу биринчи ҳолат эмаслиги, бундан аввал ҳам ташландиқ конларда олтин қазиш билан шуғулланган шахслар ҳалок бўлгани, ички ишлар органлари эса бу каби воқеаларнинг олдини олиш ўрнига эътиборсизлик қилаётгани ҳақида айтилган.

Навоий вилоят прокуратураси Озодлик радиосида кўтарилган бу муаммолар юзасидан муносабат билдирмади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG