Линклар

Шошилинч хабар
02 апрел 2020, Тошкент вақти: 16:26

Коронавирус пандемияси ва мавсумий грипп ўртасидаги фарқ нима?


COVID-19 пандемияси инсонлар аввал учратмаган вирус туфайли юзага келди. Инсон организмида ҳозирча унга қарши иммунитет шаклланмаган.

Грипп пандемиялари ҳамда мавсумий грипп эпидемияларига таянган ҳолда муҳим хулосаларни чиқариш мумкин бўлса-да, коронавирус пандемияси янги касаллик бўлгани учун уни олдинги эпидемия ва пандемиялар билан солиштириб бўлмайди. Шу сабаб пандемия келажагини башорат қилиш ҳамда унга қарши самарали курашиш анча мушкул кечмоқда.

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари маълумотларига кўра, 2019-2020 йилги мавсумий грипп вируси камида 38 миллион одамга юқди, уларнинг 390 минг нафари шифохонага ётқизилди, 23 минг нафари эса вафот этди.

АҚШ Аллергиялар ва юқумли касалликлар миллий институти директори Энтони Фаучи карьераси давомида кўплаб юқумли касалликларни учратгани, аммо COVID-19 кўлами уларнинг барчасидан катталигини айтди.

Ўтган ҳафта Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусни оғир грипп эпидемияси холос, дея менсимаслик оқибатлари ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Ташкилот беморлар сони тез суратда ўсиб бораётгани туфайли дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш тизимлари уни назоратга олишга улгурмаëтганини билдирди.

Ташкилот директори Майк Раян:

- Бу оддий ҳолат эмас. Шунчаки ёмон грипп мавсуми эмас, — деди.

Мавсумий грипп вируси ҳам, коронавирус ҳам ўхшаш касалликларни келтириб чиқарса-да, уларнинг ўртасида муҳим фарқлар бор.

Хусусан, грипп вируси инкубация даври 2-3 кунни ташкил қилади. Коронавирус танага юққанидан кейин касаллик аломатлари пайдо бўлгунича ўртача 5-6 кун вақт ўтади. Яъни, коронавирусни юқтирган одам аломатлар пайдо бўлгунича анча одамга вирусни юқтириши мумкин.

Шунингдек, гриппни қўзғовчи аксар вирусга қарши вакциналар, уни даволаш йўллари ишлаб чиқилган. Аммо COVID-19 учун ҳали тасдиқланган вакцина йўқ. Муҳими, COVID-19 сабаб бўлаётган ўртача ўлим сони гриппникига солиштирганда 10-40 баробарга юқоридир.

Бу орада Хитой каби пандемиядан олдинроқ азият чеккан давлатлар тажрибасини кўриб чиқиб, қандай чоралар самара бериши ҳақида ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

Масалан, олимларнинг айтишича, Жанубий Кореяда анализлар тез суратда ўтказилгани ҳамда беморларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилгани касаллик юқтирганлар эрта аниқланишига ëрдам берган. Италияда эса ижтимоий масофа сақлаш кампанияси ўтказилди, аммо вирусни юқтирганларни карантинга олиш чоралари ўз вақтида ва етарлича кўламда бажарилмагани учун мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида тиббий бўҳрон юзага келди.

Жоржтаун университетининг Глобал соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик маркази ходими Жулие Фишер 1918 йилги испан гриппи каби пандемиялардан ҳам айрим хулосалар чиқариш мумкинлигини айтди. Хусусан, Фишер пандемия давомида аҳоли руҳини кўтариш мақсадида парад ўтказилган Филадельфияда касаллик тез тарқалгани, аммо карантин жорий қилинган Сент-Луисда эпидемия кўлами кичикроқ бўлганини айтади.

Шунингдек, Фишер испан гриппи пандемияси давомида ўз вақтида мактабларни ёпиш катта самара берганини қўшимча қилди.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG