Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2019, Тошкент вақти: 20:47

Қандхўр бактерия гени ўзгартирилиб, CO2 истеъмол қиладиган бактерия яратилди


Олимлар одатда шакар истеъмол қиладиган бактерияларни генетик ўзгартириб, уларни углерод диоксидини (карбонат ангидридини) еб кун кечирадиган қилишга эришишди.

Исроилда яратилган E. Coli бактерияси органик бирикмалар ўрнига CО2 истеъмол қилади.

Буни амалга ошириш учун бактерия гени ўсимликларникига ўхшаш қилиб ўзгартирилган. Хусусан, бактерияларга углерод диоксидини ҳал қилувчи генлар қўшилган, шакар бирикмаларини парчалайдиган генлар эса олиб ташланган.

Тажрибани ўтказган олимлар гуруҳи эришилган натижа бактериялардаги метаболизмнинг мослашиш қобилиятини кўрсатишини айтишмоқда.

Тадқиқот муаллифларидан бири, Вейцман фан институти биологи Рон Мило:

- Асосий мақсадимиз CО2 фиксациясини яхшиловчи қулай илмий платформа – озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда ёқилғиларни барқарор ишлаб чиқариш ҳамда CО2 газлари туфайли иқлим исиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга кўмаклашадиган платформа яратишдан иборатдир, - деди.

- Биотехнологияларнинг ишчи отлари ҳисобланувчи E. Coli бактериясининг углерод манбасини органик углероддан2 алмаштириш бундай платформа тузиш сари ташланган йирик қадам, десак бўлади, - дея қўшимча қилди олим.

Тажрибада қатнашган олимлардан бири Шмуэль Глейзер бундай жараён илк маротаба амалга оширилганини таъкидлади.

- Тадқиқотимиз бактериянинг ўсиш жараёни муваффақиятли равишда ўзгартирилган илк тадқиқотдир, - деди Глейзер.

Олимларнинг айтишича, айни дамда энг катта камчилик ўзгартирилган бактерия углерод фиксацияси орқали истеъмол қилган CО2 миқдори айни жараён давомида чиқарилаётган CО2 миқдоридан озлигидир. Шунингдек, янги услубдан кенг кўламда фойдаланишни бошлашдан аввал кўпроқ изланиш олиб бориш керак бўлади.

Тадқиқотчилар кейинги қадам ўлароқ жараён давомида атроф-муҳитга чиқарилаётган CО2 миқдорини озайтириш учун энергияни қайта тикланадиган манбалардан олишни ҳамда бактерия эркин кўпайиши учун лозим бўлган муҳитни аниқлашни режалаштирмоқда.

Тадқиқот натижалари Cell журналида чоп этилди.

XS
SM
MD
LG