Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2019, Тошкент вақти: 09:53

Ҳисобот: Антарктида денгиз музлари эримоқда


Антарктида атрофидаги денгиз музлари уч йил ичида рекорд даражада камайган. Бу ҳақда НАСА эълон қилган ҳисоботда айтилди.

Шимолий Муз океанида музлар эриса, Антарктида атрофида акси, яъни кўтарилиб бораётган эди. 2014 йилдан бошлаб вазият ўзгарди.

"2017 йил ҳолатига кўра, уч йилда муз 40 йил ичидаги энг қуйи нуқтага тушди: 10,7 миллион квадрат километр. Шу вақт ичида икки миллион кв. км. муз эриб кетди. Бу Мексика ҳудудидан каттароқ майдон", - дейди НАСА тадқиқотчиси Клейр Паркинсон.

Антарктиданинг 40 йилда тўпланган музлари уч йилда ғойиб бўлди. Бу ерда муз ҳатто Арктика минтақасидан ҳам тез эримоқда.

Олимлар Арктика денгиз музининг эришини ҳаво ва сувнинг исиши билан боғлашади. Аммо Антарктидадаги ўзгариш тадқиқотчилар учун жумбоқлигича қолмоқда.

"2014 йилдан кейин бундай кескин қисқариш рўй беришини баъзилар атмосферада ёки океанда юз берган ўзгаришларга боғлашга уринди. Уэддел денгизидаги ўзгаришга шимолдан келаётган илиқ ҳаво айбдор, Росс денгизида эса сабаблар бошқа бўлиши мумкин, деган қарашлар бор", - дейди Паркинсон.

Сабаби нима бўлишидан қатъий назар, бу ўзгариш ер ва қутб экотизими учун жиддий оқибатларга олиб бориши мумкин. Қуёш нурини қайтарувчи муздан фарқли равишда, сув нурни ўзига сингдириб олади. Бу эса океан сувининг исишда давом этишига сабаб бўлади.

Олимлар Антарктидадаги муаммо сабаби ва ечимини топиш устида ишни давом эттирмоқда.

XS
SM
MD
LG