Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:53

ФНПЗ собиқ директорига ҳужум қилганларга узоқ йиллик қамоқ жазолари берилди. Судланувчилар ҳукмдан норози.


Журъат Мелиқулов
Журъат Мелиқулов

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Пискент туман суди беш кишини Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНПЗ) собиқ директори Журъат Мелиқуловдан товламачилик йўли билан пул ундириб олишга уриниш ва унга ҳужум қилишда айбдор деб топди.

Суд Тошкент яшовчилари 46 яшар Бахтиёр Бакаевни 14 йилга, 32 яшар Зафар Икромов, 30 яшар Музаффар Ҳасанов ва 30 яшар Отабек Мираҳмедовни 13 йилга ҳамда 29 яшар Сардор Тиллабаевни 5 йилга озодликдан маҳрум этди.

2014 йилнинг 20 августида суд ҳукми билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган 55 яшар Журъат Мелиқулов жазо муддатини ўтаётган Тошкент вилояти Пискент туманидаги 64/75 манзил колониясида ўтган йил 3 июлда калтаклаб кетилган эди.

Бу ҳақда Озодлик 6 июлда хабар берган эди.

Аммо, тергов қонунчиликка хилоф равишда ўтказилгани ва дастлабки суд ҳукми ҳам “адолатсиз” бўлганини иддао қилган Бахтиёр Бакаевнинг адвокати Озодлик билан суҳбатда дастлабки суд ҳукми Тошкент вилоят судида жорий ҳафта бошидан буён қайтадан кўриб чиқилаётганини билдирди.

“Жанжал”

Озодлик қўлга киритган суд ва тергов ҳужжатларига кўра, Бахтиёр Бакаев “тергов пайтида аниқлаш имкони бўлмаган шахсларга катта миқдорда қарзи бўлган Журъат Мелиқуловга нисбатан зўрлик ишлатиб”, ундан қарзни ундириб бериш эвазига Тошкент шаҳри яшовчилари Зафар Икромов, Музаффар Ҳасанов ва Отабек Мираҳмедовга 10 минг доллар “мукофот пули таклиф қилади”.

Отабек Мираҳмедов ўша пайтда Тошкент вилоятидаги 64/72 жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган маҳкум Сардор Тиллабоевдан Журат Мелиқуловнинг қаерда эканини билиб олади.

Тергов хулосаларига кўра, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг собиқ директори Журъат Мелиқулов 2018 йил 3 июль куни тонгги соат 5да жазо муддатини ўтаётган Пискент туманидаги 64/75 жазони ўташ муассасасига қарашли бедазор ҳудудида уч шахс – Зафар Икромов, Музаффар Ҳасанов ва Отабек Мираҳмедов томонидан калтакланган ва пичоқланган.

Тошкент вилоят суд тиббий экспертизаси бюросининг 2018 йил 31 июль кунидаги 376-сонли хулосасига кўра, Журъат Мелиқуловга “ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати” етгани аниқланган.

Унинг “бош мияси ёпиқ жароҳат олган, энгак соҳаси йиртилган, чап сон соҳасига пичоқ санчилган,” дейилади тиббий экспертиза хулосасида.

Айни куннинг ўзида Журъат Мелиқулов Пискент шошилинч тиббий ёрдам касалхонасига ётқизилган ва операция қилинган.

Ҳибс ва тергов

Журъат Мелиқуловга қилинган ҳужумдан бир неча ҳафта ўтиб бирин-кетин Бахтиёр Бакаев, Зафар Икромов, Музаффар Ҳасанов, Отабек Мираҳмедов ва Сардор Тиллабаев қўлга олинади.

Аммо, ҳужум ташкилотчиси сифатида кўрилган Бахтиёр Бакаев тергов пайтида ҳам, суд жараёнида ҳам ўзига қўйилган айбловларнинг бирортасига иқрор бўлмайди.

Бакаев суд пайтида унинг жиноий шериклари дея кўрилган шахсларни “танимаслигини, улар билан мулоқотда бўлмаганини, Журъат Мелиқуловни танимаслигини, унга тан жароҳати етказиш ҳақида топшириқ бермаганини, унга тан жароҳати етказилганлиги ҳолати юзасидан ўзига ҳеч нарса маълум эмаслигини билдириб, суддан оқлов тайинлашликни” сўрайди.

Қолган судланувчилар ўзларига нисбатан эълон қилинган айбга қисман иқрорлигини билдирган эса-да, дастлабки терговда “тазйиқ ва тан жароҳатлари олганлиги сабабли бошқача кўрсатма” берганликларини билдирганлар.

Суд мажлисларида уларнинг барчаси Бахтиёр Бакаев билан таниш эмасликларини, аммо тергов пайтида “ИИБ ходимларининг тазйиқи остида” унга қарши кўрсатма беришга мажбур бўлганликларини айтганлар.

Судланувчи Зафар Икромовга кўра, “тахминан июль ойи бошларида ўзининг уяли воситасидан танишига қўнғироқ қилган вақтида бошқа бир шахсга тушиб қолган, шунда бу шахс (Журъат Мелиқулов – изоҳ.) унинг онасини ҳақорат қилганлиги сабабли унинг қаердалигини танишлари орқали билиб," Пискент туманига танишлари Музаффар Ҳасанов ва Отабек Мираҳмедов билан борган.

Cудланувчи Музаффар Ҳасановнинг судда берган кўрсатмасига кўра, Журъат Мелиқулов уларнинг ўнгига “бир қўлида ўроқ билан” чиққан.

Музаффар Ҳасанов ўзи билан олиб борган пичоқни жанжал пайтида Мелиқулов шерикларидан ҳимоя қилиш учун ишлатганини айтган.

“Адолатсиз ҳукм”

Суд ҳукми нусхаси
Суд ҳукми нусхаси

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Пискент туман суди беш судланувчини Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 104 моддаси (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) ва 165 моддаси (“Товламачилик”) назарда тутган жиноятларни содир этишда айбдор деб топган.

26 июнда Озодлик суҳбатлашган Бахтиёр Бакаев адвокати Бердибой Муҳаммедов ҳозирда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида дастлабки суд ҳукмига эътирозан киритган шикоят аризаси кўриб чиқилаётганини айтди.

Унинг ишонишича, “суд ҳукми адолатли чиқмаган”.

- Менинг эътирозим – айблов асоссиз равишда қўйиляпти. Аниқ далиллар билан исботланмаган. Кассация тартибидаги судда ҳам жабрланувчи кимдир келиб ундан пул талаб қилганини айтаяпти. Лекин дастлабки суд жараёнида жабрланувчидан пул талаб қилинганини ҳеч ким гапиргани йўқ. Бахтиёр Бакаев олдин ҳам жабрланувчи билан кўришмаган, ҳужум пайтида ҳам бўлмаган. Қандай қилиб, Бакаев товламачилик ва танага шикаст етказишда айбдор бўлади? - деди адвокат Бердибой Муҳаммедов.

Унинг иддао қилишича, жабрланувчи Журъат Мелиқулов Бахтиёр Бакаевни суддан олдин на кўрган ва на гаплашган.

-Жабрланувчи умуман танимайди уни. Кўрмаганам, танимайдиям, билмайдиям Бакаевни. У кассация судида ҳам бу нарсани тан олиб айтди. Тергов жараёнида ҳам айтган бу нарсани, биринчи инстанцияда ҳам айтган, - деди Бердибой Муҳаммедов.

Озодлик 25 июнда Тошкент вилояти кассация судини кўриб чиқаётган судья Дилшод Таджибаевга боғланишга уринди.

Суд вакили Бакаев шикояти бўйича якуний ҳукм чиқмагунича муносабат билдирилмаслигини айтди.

Озодлик жабрланувчи Журъат Мелиқуловнинг ўзидан изоҳ ололмади.

ФНПЗ директори

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида 2012-2013 йилларда директор бўлиб ишлаган Журъат Мелиқулов 2013 йил 21 октябрь куни хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

2014 йилнинг 20 августида Тошкент шаҳар суди ҳукми билан, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми (ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан айбдор деб топилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Озодлик Мелиқулов устидан олиб борилган 1-472/2014 рақамли жиноят иши хулосасини қўлга киритди.

Журъат Мелиқулов устидан қўзғатилган тергов ҳужжати
Журъат Мелиқулов устидан қўзғатилган тергов ҳужжати

Жиноят иши хулосасида Ўзбекистон собиқ президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг эри Рустам Мадумаров ва Журъат Мелиқулов ҳамкорлигига алоҳида тўхталган.

Унда жумладан бундай дейилади:

2012 йил октябридан Р.Мадумаров топшириғи билан ФНПЗда ишлай бошлади. Бунинг учун Мадумаров ундан ҳар ой 8 миллион доллар тўлаб боришни талаб қилди”.

Жиноят ишидаги айбловда яна таъкидланишича, Журъат Мелиқулов ФНПЗда масъул вазифаларни бажарган беш киши билан бирга “жиноий тил бириктирган ва ўз вазифаларини суиистеъмол қилган ҳолда… ФНПЗ пул маблағларини тизимли тарзда ўмариш, пора олиш, Ўзбекистон иқтисодий манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ва йирик миқдордаги солиқлардан бўйин товлаш билан шуғулланган”.

55 ёшли Журъат Мелиқулов жазога тортилишидан уч йилдан сал кўпроқ вақт ўтиб, 2018 йилнинг февраль ойида Қаршидаги 64/49 жазони ижро этиш муассасасидан Пискентдаги 64/75-манзил колонияга ўтказилди.

XS
SM
MD
LG