Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:38

Исроилнинг илк Ой миссияси Флоридадан учирилди


Пайшанба куни Исроилнинг Beresheet фазо кемаси ортилган автоном ракета Флориданинг Канаверал бурнидан учирилди. Ушбу ракета ўз манзилига етиб борса, хусусий ширкат Ойга юборган илк кема бўлади. Қолаверса, бу Исроилнинг Ойга юборган илк миссиясидир.

585 кг вазнга эга кема тадбиркор Илон Маскка тегишли SpaceX ширкатининг Falcon 7 ракетаси бортида учирилди.

Исроил миссияси илк қадам ўлароқ Ер орбитасига чиқарилди. Бунинг ортидан кема ўз двигатели ёрдамида 11 апрель куни Ойдаги кенг текисликка қўнади.

Ракета бортига Индонезия сунъий йўлдоши ҳамда АҚШ Ҳаво кучлари тадқиқотлар лабораторияси йўлдоши ҳам юкланган.

Лойиҳани тадбиркор Моррис Хан молиялаштирди. Бу эса ҳукумат молиялаштирмаган илк Ой миссиясидир.

Бошида 10 миллион доллар бўлиши айтилган лойиҳага 100 миллион доллар сарфланди.

Миссия ҳамкорлари орасида Israel Aerospace Industries ҳамда Исроил Илм-фан ва технология вазирлиги ҳам бор.

Бугунга қадар фақат Россия, АҚШ ҳамда Хитой Ердан 384 минг масофада жойлашган Ойга космик кема қўндиришга муваффақ бўлган.

Йил бошида тарихда биринчи марта Хитойнинг “Чанъэ-4” станцияси ойнинг орқа томонига қўндирилган эди.

Америкаликлар Ойга қадам қўйган ягона халқдир. Аммо 1972 йилдан бери Ер йўлдошига АҚШ миссия юборгани йўқ.

Исроилнинг асосоий мақсади Ойга кемани қўндиришдир. Шундай бўлса-да, кемага илмий асбоб-ускуналар ўрнатилган. Улар ёрдамида Ойнинг магнит майдони ўрганилади.

Beresheet бортига Библия нусхаси, ёш болалар чизган расмлар, Исроил қўшиқлари, Холокостда тирик қолган шахс хотиралари ва мамлакат байроғи сақланган рақамли капсула ортилган.

Бу орада Ҳиндистон ҳам Ойга кема юбориш устида ишламоқда. Мамлакат баҳорда бортига ойюрар ўрнатилган Chandrayaan-2 миссиясини учиришни режалаштирмоқда.

Япония эса 2020-21 йилларда Ойнинг вулқонли ҳудудини ўрганиш учун SLIM кемасини юборишни режалаштирмоқда.

XS
SM
MD
LG