Линклар

Шошилинч хабар
20 июн 2019, Тошкент вақти: 01:48

Қариялар ва консерватив одамлар фейк хабарларни кўпроқ улашади


Чоршанба куни эълон қилинган ҳисоботда ёзилишича, Facebook ижтимоий тармоғида ёши 65 дан ўтган ҳамда консерватив қарашларга эга фойдаланувчилар ёшларга ёки либерал қарашга эгаларга солиштирганда кўпроқ ёлғон хабарларни бўлишади.

Принстон ҳамда Нью-Йорк университетлари тадқиқотчилари 2016 йилги АҚШ сайловлари ортидан ўз постлари ва маълумотларини бўлишишга рози бўлган тақрибан 1200 шахснинг тармоқдаги постларини ўрганиб чиқишган.

Хусусан, фойдаланувчилар бўлишган линклар BuzzFeed каби ширкатлар тўплаган ёлғон маълумотларни бўлишувчи манбалар рўйхатлари билан солиштирилган.

Тадқиқот натижалари Science Advances журналида чоп этилди. Мақолада ёзилишича, тадқиқотда қатнашган фойдаланувчиларнинг атиги 8,5 фоизи фейк маълумот тарқатиб турадиган сайтлардан олинган материалларни бўлишган.

Аммо фейк хабарларни асосан ёши катта ҳамда консерватив сиёсий қарашларга эга шахслар бўлишиши кузатилган.

Сиёсий қарашлардан қатъи назар, 65 ёшдан ўтган фойдаланувчилар 18-29 ёшдагиларга солиштирганда етти марта кўпроқ ёлғон хабарларни пост қилган.

Тадқиқот муаллифлари бошқа ҳеч қандай демографик хусусият билан фейк хабар бўлишиш ўртасида боғлиқлик аниқламаган. Уларнинг хулоса қилишича, ёши катта америкаликлар онлайн манбалардаги хабарларнинг ишончлилигини аниқлашни билмаслиги мумкин. Бундан ташқари, ушбу ҳолат қариш хотирага кўрсатадиган салбий таъсир билан боғлиқ бўлиши мумкин, чунки қари одамларда “ҳақиқат иллюзияларига” қаршилик кўрсатиш қобилияти сустроқ бўлади.

Фойдаланувчилар сиёсий қарашларига таянган ҳолда таҳлил қилинганида, республикачилар демократларга солиштирганда кўпроқ фейк хабарларни бўлишиши, ёлғон хабарларни энг кўп бўлишадиган гуруҳ консерватив қарашларга эга шахслар эканлигини кузатилган. Бу ҳолат президентлик кампанияси давомида яратилган фейк хабарларнинг аксари Трампни қўллаб ёзилгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Тадқиқот муаллифлари агар ёлғон хабарлар Клинтон ҳақида кўпроқ ёзилганида, кўпроқ либерал қарашга эга шахслар фейк хабар бўлишган бўларди, дея тахмин қилишган.

Facebook ўз платформасида маълумот манипуляцияси ҳамда ёлғон хабарлар тарқалишига қарши етарлича курашмагани учун танқидга учраб келади.

Ширкат етакчилари АҚШ Конгресси олдида берган кўрсатма бериб, шаффофликни ваъда қилганидан кейин, сайтда сохта ҳисобларга ҳамда хориж давлатларининг бошқа давлатларга таъсир ўтказиш кампанияларига қарши кураш кучайтирилди.

XS
SM
MD
LG