Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:39

Жаҳоннинг машҳур физиги Стивен Хокинг вафот этди


Жаҳонга танилган машҳур инглиз назариётчи физиги Стивен Уильям Хокинг.
Жаҳонга танилган машҳур инглиз назариётчи физиги Стивен Уильям Хокинг.

Жаҳонга танилган машҳур инглиз назариётчи физиги Стивен Уильям Хокинг 14 март куни саҳарга яқин Кембриждаги уйида 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ахборот агентликларига марҳумнинг оиласи хабар берди.

Хокинг назарияси: Қора туйнуклар аслида унча ҳам қора эмас

Хокинг 1988 йилда “Вақтнинг қисқа тарихи” китобини чоп этганидан сўнг машҳур бўлиб кетган эди. Жаҳонда бу китобнинг 10 миллион нусхаси сотилган.

Хокинг коинотда сингулярликннинг пайдо бўлиши – Борлиқнинг бирламчи ҳолати ва Катта портлаш назариясига мувофиқ бирламчи ҳолатнинг кенгайиши муаммосини ўрганган.

Стивен илмий жамоатчилик томонидан қабул қилинган космологик концепцияни барбод қилди. У коинотдаги қора туйнуклар, унчалик ҳам қора эмаслигини, улар нур таратишини исботлади.

Хокинг назариясига кўра, қора туйнуклар, илгари тахмин қилинганидек, боши берк йўл бўлмай, балки бошқа коинотларга ўтиш йўлидир. Аммо шу билан бирга, у орқали ўтган буюмлар ва одамлар ҳеч қачон ортга қайта олмайди.

Оғир касаллик ва илмий фаолият

1963 йилда 21 ёшли Хокинг ёнтомонлама амитрофик склероз касаллигига учраб, фалаж бўлиб қолган. Шифокорлар унинг 2 йилдан сўнг вафот этишини башорат қилишган эди. Бироқ бу башорат амалга ошмади. Хокинг 2 марта уйланиб, уч фарзандли бўлди.

Хокинг фалаж аҳволда ҳам фаол илмий фаолият билан шуғулланишда давом этди. У жаҳон бўйлаб ўтказилган турли илмий анжуманларда компьютер нутқ синтезатори воситасида чиқишлар қилди.

1942 йилнинг 8 январида туғилган Хокинг 1959 йилда Оксфорд университети стипендясига сазовор бўлган эди. Уч йилдан сўнг эса у коинотни ўрганиш бўйича илмий тадқиқотларини Кембриж университетида давом эттирди.

Хокинг 32 ёшида Британиянинг энг нуфузли Лондон Қироллик жамияти аъзолигига сайланган.

Хокинг: Одамзод тирик қолиши учун коинотни забт этмоғи лозим

2016 йилда Хокинг россиялик миллиардер Юрий Мильнер билан ҳамкорликда Ерга энг яқин Альфа Центавра юлдузлар системасига кирувчи юлдузга робот учириш учун қиймати 100 млн. долларлик Breakthrough Starshot лойиҳаси устида иш бошлаган эди.

Ердан учириладиган робот Альфа Центавра юлдузлар системасига кирувчи юлдузга етиб боргунча 40 триллион км (4,37 ёруғлик йили) масофани 20 йилда босиб ўтиши режалаштирилаётган эди. Қиёслаш учун: мавжуд космик кемаларнинг энг тез учари бу масофани 30 минг йилда босиб ўтади.

Стивен Хокинг кино ва илмий -оммабоп фильмлар "юлдузи"

Хокинг иштирокидаги “Стивен Хокинг олами”, “Борлиққа Стивен Хокинг билан”, “Стивен Хокинг Буюк мақсад ҳақида”, “Стивен Хокингнинг келажак илми” каби ўнлаб илмий-оммабоп фильмалар томошабинларга яхши таниш.

2014 йилда Хокинг ҳаёти ҳақида АҚШ, Япония ва Британия киночилари ҳамкорлигида “Ҳамма нарсанинг назарияси” бадиий фильми суратга олинган.

2015 йилда Лондон Қироллик жамияти Стивен Хокинг номидаги медални таъсис этган. Мазкур медаль ҳар йили илм-фан тарғиботида ютуққа эришган олимлар ва санъат арбобларига берилади.

XS
SM
MD
LG