Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:45

NRC: Ироқда Талафарда таслим бўлган 16тага яқин ўзбек оила сақланмоқда


Мосул яқинидаги лагерда яшаётган ироқлик болалар (иллюстратив сурат)
Мосул яқинидаги лагерда яшаётган ироқлик болалар (иллюстратив сурат)

Норвегияда Қочқинларга ёрдам ташкилоти - The Norwegian Refugee Council (NRC) вакили Ироқнинг Мосул шаҳри жанубидаги вақтинчалик бошпанада ўзбекистонлик 16тага яқин оила сақланаётганини маълум қилди. Ташкилот вакили Мелани Мархамга кўра, марказдаги жами оилаларнинг баъзиларида 1-2, баъзиларида эса 5-6тагача бола бор.

Ўзбекистонлик оилалар

NRC ташкилотининг Ироқдаги вакили Мелани Мархамнинг Озодликка айтишича, Талафардаги амалиётлар пайтида хорижлик жангариларнинг оиласи, деб гумон қилинган 1400 киши Мосул жанубидаги вақтинчалик сақлаш марказида ушлаб турилибди.

- Буларнинг орасида 16 тага яқин ўзбекистонлик оила бор. Афсуски, мен уларнинг бирортаси билан ҳали гаплаша олмадим, чунки инглиз тилини билишмайди. Билишимча, улар ўзбек, рус тилларида гаплашишади, лекин мен бу тилларда гаплашолмайман, - деди Мелани Мархам Озодлик радиоси туркман хизмати раҳбари Фаррух Юсуфий билан суҳбатда.​

Талафардан борганлар

Норвегиялик ҳуқуқ фаолининг айтишича, вақтинчалик сақлаш марказида ушлаб турилган 1400 нафарнинг ҳаммаси Талафардан борган аёллар ва болалардир.

- Уларнинг 3 дан 2 қисми болалар, дейиш мумкин. Булар асосан, аёллар ва болалардир. Уларнинг орасида Тожикистон, Ўзбекистон ва доғистонликлар бор. Улар Талафарнинг "Ислом давлати" (ИД) экстремист гуруҳи назоратида бўлган ҳудудлардан олиб келинган. Яъни, қайсидир кўринишда, ИД жангариларига алоқадор. Ҳозирча уларнинг жангарилар сафида бўлгани ҳақидаги бир маълумотдан хабарим бор, аммо бу ҳали тасдиқлангани йўқ, - деди Мелани Мархам.

Унга кўра, Ироқ ҳукуматига қарашли бўлган марказда сақланаётган оилалар кундалик эҳтиёжи бўлган энг зарур нарсалар - егулик, сув, ётоқ жойи ва тиббий хизмат билан таъминланган.

Шахс ва фуқаролиги ноаниқ оилалар

Меланинг Мархамнинг айтишича, ҳозир бу оилаларнинг шахси ва фуқаролигини аниқлаш жараёни бормоқда.

- Бизга берилган рўйхатда уларнинг қайси давлатдан экани ёзилган. Аммо, ҳозир буларнинг шахсини аниқлаб, расман рўйхатга олиш жараёни кетаяпти. Бу жараён тугагандан кейингина уларнинг шахси ва фуқаролиги ҳақида якуний аниқ маълумотни беришимиз мумкин, - деди Мелани Мархам.

Талафар ҳикоялари

Норвегиялик фаол марказда сақланаётган аёлларнинг қанчаси билан суҳбатда бўлгани, уларнинг қандай қилиб Талафарга бориб қолгани, ҳалифликдаги ҳаёти қандай кечгани ҳақидаги ҳикояларини тинглаганини айтади.

- Масалан, бир доғистонлик аёл билан гаплашган эдим. Унинг ўз юртида диний эътиқоди боис, таъқибга учрагани, Ироқда ҳалифалик тузилганини эшитгач, нажот излаб, 2 боласи билан бу ерга келганини айтиб берди. Аксар аёллар Талафардаги ҳаёти август ойидаги ҳукумат кучлари амалиётига қадар, умумиятла, тинч кечганини айтмоқда. Егулик қиммат бўлган, аммо "Ислом давлати" ғазнасидан кундалик асосий эҳтиёжлари учун пул, озиқ-овқат ажратилганини айтишяпти,- дейди Мелани Мархам.

ИДнинг бузуқ тарғиботи

Бунга қадар Reuters агентлиги Талафардаги жангларда ИД жангарилари оилалари билан Курд пешмерга жангчиларига таслим бўлгани ҳақида хабар қилган эди.

Агентлик хабарида айтилишича, курд жангчилари аёллар ва болаларни Ироқ ҳукуматига топширган, аммо, эркакларни олиб қолган. Ироқ хавфсизлик хизмати расмийси агентлик билан суҳбатда, буни ИДга қарши кураш чоғида ушланган хорижликларнинг энг катта гуруҳи, деб қайд этган эди.

"Бу бегуноҳ одамларни ўлдирган энг ваҳший жиноятчиларнинг оилаладир. Лекин, сўроққа тутганимизда, уларнинг деярли ҳаммаси ИДнинг бузуқ ғоясига алданиб юрганини кўрдик", дея иқтибос келтиради Ироқ армияси полковниги Аҳмад ал-Таъий.

Ортга йўл қидирилмоқда

Мосул яқинидаги марказда сақланаётганларнинг аксарида шахсини тасдиқловчи ҳужжат йўқ ва Ироқ ҳукумати айни пайтда, дипломатик йўллар билан, аёллар ва болалар шахсини аниқлаш ҳамда уларни юртига қайтариш йўллари устида ишламоқда.

Бунга қадар NRC ташкилотининг Ироқдаги махсус вакили Мелани Мархам бу марказда 10 тожикистонлик сақланаётганини маълум қилган эди.

Талафардаги жанглар вақтида, шунингдек, ИД жангарилари девони қўлга киритилгани ва ундан ўзбекистонлик ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан борган жангариларнинг ҳужжатлари топилгани ҳам хабар қилинган.

Бундан ташқари, Талафар амалиётлари бошланиши олдидан, бу шаҳарда қамалиб қолганини айтиб, ижтимоий тармоқлар орқали ёрдам сўраган ўзбек жангарилари ҳамда уларнинг оилалари ҳақида Озодлик аввал хабар қилган эди.

Ўзбекистонда назорат кучайган

"Ислом давлати" экстремист гуруҳи дунёнинг аксар давлатлари, хуссусан Марказий Осиё ва Россияда ҳам террор ташкилоти сифатида тақиқлангани боис, бу ҳудудлардан Сурия ва Ироққа кетган радикал кайфиятдаги шахсларни ортда узоқ муддатлик қамоқ жазолари кутмоқда.

Марказий Осиё ҳукуматлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам 2015 йилдан буён фуқароларнинг жангари гуруҳларга қўшилиши олдини олиш, айниқса, Россия ва Туркияга кетаётганлар ёки бу давлатлардан қайтаётганлар устидан назоратни кучайтирган.

Расмий матбуотда ИДга алоқадорлик, одам ёллаганлик каби айбловлар билан судланган фуқаролар ҳақидаги хабарлар тез-тез учрайди.

Расмий рақамлар

Қўшни республикалардан фарқли равишда Ўзбекистон ҳукумати бу борадаги аниқ расмий рақамларни эълон қилмай келаётир. Халқаро ташкилот ва тадқиқот марказлари кузатувича, 2016 йил бошида Сурия ва Ироқ ҳудудидаги ўзбекистонлик жангарилар сони 500 атрофида бўлган.

Тожикистон ва Қирғизистон ИИВлари эса Ўзбекистондан фарқли равишда йилда бир неча бор бу борадаги рақамлар ва амалиётлари натижаларини матбуотда эълон қилмоқда.

Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари ўтган йили берган берган рақамларга кўра, бу давлатларнинг ҳар биридан 500дан ортиқ фуқаро Сурия ва Ироқ ҳудудидаги жангари гуруҳларга қўшилган.

XS
SM
MD
LG