Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:30

Тожикистонлик ИД жангариларининг фарзандлари Ироқдаги қамоқдан уйига қайтмоқчи


ИД жангариларидан озод этилган Мосул шаҳри
ИД жангариларидан озод этилган Мосул шаҳри

Рейтер агентлигининг Ироқ ҳукумати ва халқаро гуманитар ташкилотларга таяниб хабар қилишича, Туркия, Тожикистон, Озарбайжон ва россиялик жангариларнинг 1400 дан ошиқ аёли ва фарзанди Мўсул шаҳридаги қамоқда ушлаб турилибди.

Ушбу аёллар ва болалар Ироқ шимолида жойлашган Тал-Афар шаҳри яқинидаги курд Пешмерга жангчиларига Ислом давлати (ИД) гуруҳи таркибида жанг қилаётган эрлари ва оталари билан бирга асир тушган. Агентликка кўра, курдлар аёллар ва болаларни Ироқ қўшинларига топширган, улар орасида Франция ва Германия ватандоши бўлган аёллар ҳам бор.

КЕРАКСИЗ ОДАМЛАР

Ироқ хавфсизлик кучлари вакилининг айтишича, улар ИД билан боғлиқ энг кўп сонли чет элликлар бўлиб, мамлакат қўшинлари жангариларни Мўсул шаҳри ва шимолий туманлардан ҳайдаб чиқараётган пайт қўлга олинган.

– ИД жангарилари оилалари хавфсизлигини таъминлаб турибмиз ва ҳукуматнинг фармойишини кутяпмиз, – деди Ироқ армияси полковниги Аҳмад ат-Тайе. – Улар - бегуноҳ одамларни ўлдирган шафқатсиз жиноятчиларнинг оилалари. Лекин, сўроқ қилиб кўрилганда, деярли барчаси ИДнинг нотўғри тарғиботига ишониб, алдангани маълум бўлди.

Ироқ хавфсизлик кучлари зобитининг Рейтер агентлигига хабар қилишича, қўлга олинганлар кўпчилигининг ҳужжати йўқ. Ҳокимият идоралари дипломатия каналлари орқали улар шахсини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Расмий Бағдод аёллар ва болаларни ватанига қайтариш учун элчихоналар билан музокара қилишни режалаштирмоқда.

Чеченистонда туғилиб ўсган бир аёл агентлик мухбирига бу ерга Франциядан эри билан келиб қолгани, эри ИД жангариларига қўшилиб кетгани, айни пайтда қаерда эканини билмаслигини айтди. У Францияга қайтиб кетмоқчи, лекин бунинг учун нима қилиш кераклигини билмайди.

ОРТГА ҚАЙТИШ МАШАҚҚАТИ

Тожикистон Бош прокуратураси вакилининг 11 сентябрда “Озоди” радиосига маълум қилишича, ҳукумат собиқ ИД жангариларининг аёллари ва фарзандларини ватанига қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун Қозоғистон тажрибасидан келиб чиқиб, махсус гуруҳлар ташкил этишга ва уларни Сурия ва Ироққа жўнатиб, ортга қайтмоқчи бўлган ватандошларнинг шахсини аниқлашга тайёргарлик кўрилмоқда.

Тожикистон ҳукуматининг БМТ Қочқинлар масалалари бўйича бошқармасига тайёрлаган маълумотига кўра, айни пайтда Сурия билан Ироқ ва бошқа можароли ҳудудларда 234та оила ёки 840 нафар Тожикистон ватандоши бор.

Сўнгги 2 йил мобайнида Тожикистон ҳокимият идоралари жанглар давом этаётган ҳудудлардан 19та оила ёки 61 киши олиб чиқилди ва уйига қайтарилди.

Тожикистоннинг болалар омбудсмени Ражабмо Бадриддинованинг хабар қилишича, ота-оналар ўзи билан 206 нафар фарзандини Яқин Шарққа олиб чиқиб кетган.

“ҲОЗИРЧА МАРЯМНИНГ ҚАРИНДОШЛАРИ ТОПИЛМАДИ”

Ўтган ойда Россия ҳокимият идоралари расмий Душанбега Ироқдаги бир бошпанада сақланаётган уч боланинг шахсини аниқлашда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ушбу тожик тилида сўзлашадиган етим болалар Мўсул шаҳри ИД жангарилардан тозалангандан сўнг Бағдодга олиб келинди.

Russia Today телеканали Бағдод шаҳридаги бошпанадан репортаж бергандан сўнг ўша болаларнинг қариндошларини излашга киришилди.

Ироқ ҳокимият идораларига кўра, Россия ва МДҲ мамлакатларидан Ироққа ота-онаси билан келиб қолган 400дан ошиқ бола бор. Улардан бирининг исми Марям бўлиб, отаси Тожикистондан экан.

Тожикистон ҳокимият идоралари вакиллари Ироқ ҳукумати билан алоқага чиқиш имкони бўлмагани учун ушбу масала юзасидан Россиянинг Ироқдаги элчихонаси билан ҳамкорлик қилмоқда.

Тожикистон ИИВ матбуот котиби Умаржон Эмомали “Озоди” радиоси мухбирига айни пайтда Марямнинг қариндошлари қидирилаётганини билдирди.

Қизчанинг айтишича, ўзи Мисрда туғилган, лекин отаси – тожик. Айни пайтда ИИВ 7-8 йил олдин Мисрга кўчиб кетган кишиларнинг рўйхатини тузмоқда. Бироқ ҳозирча бу иш ҳеч бир натижа бергани йўқ.

2015 йилдан бери Тожикистондан ИД сафида жанг қилиш учун 1150 киши жўнаб кетган, уларнинг камида 300 нафари бегона юртлардаги жангларда ҳалок бўлди.

XS
SM
MD
LG