Линклар

Шошилинч хабар
29 сентябр 2022, Тошкент вақти: 18:56

Ўзбекистон Украинадан Каримов қайинжиянини экстрадиция қилишни сўради


Акбар Абдуллаев суд залига кишанланган ҳолда келтирилди

Украина Бош прокуратурасидаги прокурорлардан бирининг Озодликка маълум қилишича, февраль ойи бошида Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакатнинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қайинжияни Акбарали Абдуллаевни экстрадиция этишни сўраб, Украина Бош прокуратурасига талабнома жўнатган. Ушбу хабарни Ўзбекистон Бош прокуратураси ходими ҳам Озодликка тасдиқлади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси айблов хулосасига кўра, Абдуллаев ўзгалар мулкини ўзлаштириш, чет эл валютасини яшириш, мансабга совуққонлик билан қараш ва жиноий фаолиятдан олинган юзлаб миллион долларни легаллаштиришда айбланмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 33 яшар Акбарали Абдуллаевни "Интерпол" орқали халқаро қидирувга берган.

Абдуллаев 2013 йил 10 октябрда оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб, шахсан Ислом Каримовнинг буйруғи билан ҳибсга олинган ва 2014 йил ноябрида дастлаб 15 йилга озодликдан маҳрум этилган, сўнгра жазо муддати 6 йилу 6 ой этиб белгиланган эди.

Озодлик ўз суриштируви жараёнида Абдуллаев қамалишидан икки ярим йил ўтиб шартли озод этилгани, бироқ, президент Ислом Каримов 2 сентябрда вафот этишидан кўп ўтмай, қонунга хилоф равишда Ўзбекистондан чиқиб кетганини аниқлади.

Абдуллаев 14 январда Киев аэропортида паспорт текширувидан ўтаётган пайтда чегарачилар томонидан ҳибсга олинди.

Абдуллаев ёнидан Доминикан Республикаси ва Ўзбекистон паспортлари чиққан.

Абдуллаев ҳибсга олинганидан икки кун ўтиб, яъни 16 январда Киев шаҳар Соломенский туман судида бўлиб ўтган тинглов Ўзбекистонда қўзғатилган жиноий ишга ойдинлик киритади.

Суд реестридан маълум бўлишича, Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди 2016 йил 15 октябрда Акбарали Абдуллаевни тутиш ва Ўзбекистонга келтириш ҳақида қарор чиқарган.

Киев суди Абдуллаевга нисбатан қўзғатилган жиноий иш жиддийлиги ва Минск халқаро шартномасини инобатга олиб, уни 40 кун давомида ҳибсда сақлаш ажримини чиқарган.

1993 йилда имзоланган Минск шартномасига мувофиқ, МДҲга аъзо давлатлар, жумладан Ўзбекистон ва Украина ўзаро ҳуқуқий ёрдам бериш масъулиятини олган.

Суд ажримига кўра, Ўзбекистондаги "ваколатли органлар талабномаси келгунга қадар" Акбарали Абдуллаев 22 февралга қадар ҳибсда сақланади.

Суд тўртинчи марта қолдирилди

Киев суди 15 февралда Акбарали Абдуллаев ишини кўриб чиқишни охирги тўрт ҳафта ичида тўртинчи марта қолдирди.

Бу гал судья бемор бўлиб қолгани туфайли Акбарали Абдуллаев ишини кўриб чиқиш 20 фервалга қадар кечиктирилди.

Олдинги галларда Абдуллаевга оид иш ҳужжатларининг тайёр бўлмагани, унга ўзбек тили таржимонининг топилмагани ва адвокатининг бемор бўлиб қолгани суднинг қолдирилишига сабаб бўлганди.

16 январда Киев шаҳар Соломенский туман судида бўлиб ўтган илк ва ҳозиргача ягона тинглов чоғида Абдуллаев ва унинг адвокати Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан қўзғатилган ишни "бутунлай асоссиз", дея баҳолаганлар.

Хусусан, Абдуллаев маҳкама пайтида айни айбловлар билан аллақачон Ўзбекистонда жазо муддатини ўтаб чиққанини билдирганди.

Адвокат эса ҳимояси остидаги шахс Ўзбекистонга экстрадиция этилса, қийноққа солиниш эҳтимолидан хавотир изҳор этган ва судьядан Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланишига оид халқаро ҳисоботларга эътибор қаратишни талаб қилганди.

XS
SM
MD
LG