Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:57

Ўзбекистон Украинадан Акбар Абдуллаевни экстрадиция қилишни ҳозиргача сўрамади


Расмий Тошкент Ўзбекистон ватандоши Акбарали Абдуллаевни эктрадиция этиш талаби билан Украинага мурожаат қилгани йўқ. Бу ҳақда Озодликка Киев шаҳар прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Надежда Максимец маълум қилди.

Акбарали Абдуллаев Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг беваси Татъяна Каримованинг жиянидир.

Киев суди матбуот хизматининг 19 январь куни тарқатган хабарига кўра, Ўзбекистон Акбарали Абдуллаевни кўп миллион долларлик иқтисодий жиноятларда айблаб халқаро қидирувга берган.

40 кунлик қамоқ

Киев шаҳар прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Надежда Максимецнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон томони ҳозирга қадар Акбарали Абдуллаевни экстрадиция этиш талаби билан расман мурожаат қилгани йўқ.

- Бугунга қадар Ўзбекистон ваколатли органлари бу ватандошни экстрадиция қилиш талаби билан расман ариза йўллагани йўқ. - деди Надежда Максимец. ​

Унинг илова қилишича, ​Киев суди Акбарали Абдуллаевни ҳибсда 40 кун давомида ҳибсда сақлашга қарор қилган.

- Ушбу муддат ичида экстрадиция масаласи кўриб чиқилиши зарур, - деди Надежда Максимец.

Ҳозирда Акбарали Абдуллаев Киев шаҳар Соломянский туманидаги 13-изоляторда сақланмоқда.

Озодлик экстрадиция масаласида Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонасидан муносабат ололмади, Ўзбекистон Бош прокуратурасига боғланиш уринишлари ҳам ҳеч қандай натижа бермади.

33 ёшли Акбарали Абдуллаев Ўзбекистоннинг марҳум президенти беваси Татъяна Каримованинг тўнғич опаси Тамара Собированинг ўғлидир.

Киев суди матбуот хизматининг 19 январь куни тарқатган хабарига кўра, Ўзбекистон Акбарали Абдуллаевни кўп миллион долларлик иқтисодий жиноятларда айблаб, халқаро қидирувга берган.

Акбарали Абдуллаев 2013 йил 10 октябрда оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб, шахсан Ислом Каримовнинг буйруғи билан ҳибсга олинган ва 2014 йил ноябрида номаълум муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

Озодлик ўз суриштируви жараёнида Абдуллаевнинг амнистияга мувофиқ ўтган йил шартли озод этилгани, бироқ, президент Ислом Каримов 2 сентябрда вафот этишидан кўп ўтмай, қонунга хилоф равишда Ўзбекистондан чиқиб кетганини аниқлади.

Доминиканлик ўзбек

Украинанинг fakty.ua нашри хабарига кўра, Акбар Абдуллаев бир неча кун аввал Кариб оролларидан бири - Муқаддас Мартинда жойлашган Малика Жулиана халқаро аэропорти орқали Украинага кирган.

Киев суди матбуот хизматининг 19 январь куни билдиришича, Акбарали Абдуллаевнинг ёнидан Доминикан Республикаси ва Ўзбекистон паспортлари топилган.

Киев аэропортида паспорт назоратидан ўтаётган пайтида чегарачилар унинг Интерпол қидирувида эканини аниқлаган ва қўлга олган.

Озодлик Акбар Абдуллаев ишини кузатишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG