Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:38

Риштонда давлат нархидаги ёғ пахта теримига чиқмаганларга сотилмаяпти


Пахта ёғи
Пахта ёғи

Фарғона вилоятининг Риштон туманида давлат белгилаб қўйган қатъий нархли ўсимлик мойи пахта теримига чиқмаган оилаларга сотилмаяпти.

Теримда иштирок этганларга эса, уларни рағбатлантириш мақсадида, саноат моллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилмоқда.

Озодлик тингловчиларидан бирининг хабар қилишича, ёғ махсус рўйхат асосида маҳалла оқсоқоллари томонидан тарқатилмоқда.

“Ҳозирги кунда Фарғона вилояти Риштон туманида пахта теримига чиқмаганларга давлат магазинларида маҳсулотлар чегирилиб берилаяпти. Ёғ ҳам ўлчаб оиладаги одам сонига қараб жон бошига ярим литрдан берилаяпти”, деб ёзди Озодлик мухлисларидан бири ижтимоий тармоқ орқали йўллаган хабарида.

Маълум бўлишича, ҳозирги кунда Риштон туманидаги тижорат дўконларида 4 литрли пахта ёғи 45 минг сўмга пулланаётган бўлса, “Риштон матлуботсавдо” ташкилотига қарашли давлат дўконларида унинг нархи 32 минг сўмни ташкил этаяпти.

“Риштон матлуботсавдо” жамиятидаги исмини ошкор қилмаган манба пахта ёғи махсус рўйхатлар асосида маҳалла қўмиталарига топширилишини тасдиқлади.

- Ёғ 5-6 дўконимизга етиб борган савдога. Ўтган ойда давлат резервидан берилган эди. 22 тонна тарқатилаяпти ҳозир. Маҳаллаларга ажратилган ёғ ҳаммаси рўйхат асосида маҳалла қўмиталари орқали тарқатилади. Ёғ-мой маҳсулоти пахтага ажратилган махсус фонд асосида кетади, деди ташкилот расмийси.

Озодлик суҳбатлашган Риштон тумани Оқ Олтин қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Озодахон ёш бола билан уйда ўтиради.

У эмизикли боласи борлиги ва пахта теримида иштирок эта олмагани сабабли ҳукумат томонидан ажратилаётган имтиёзлардан мосуво қолганини айтиб, деди:

- Ёш болам бор. Ёғ фақат пахтага чиққанларга берилаяпти. Ўтган йили ҳам шундай эди, хато қилмасам. Ўзимиз бозорлардан сотиб оламиз. Энди берилади, дейишаяпти. Иккинчи теримдан беришни бошласа керак. Ҳозир бизга берилгани йўқ. Пахта мавсуми бошлангунгача талон ёғини олиб келганмиз. Ҳозир биринчи терим пулини олди – бериб қолса керак энди, деди Озодахон.

Айни пайтда, Фарғона вилоятида Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг келиши олдидан деярли барча давлат ва нодавлат ташкилотлари пахтага сафарбар қилинди.

Риштон тумани пахта штаблари орқали пахта мавсумига жалб қилинаётган теримчилар турли буюм ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан рағбатлантирилаётгани маълум бўлди.

Туман пахта штабларидан бирида Озодликка буюмлар ва маҳсулотлар теримчилар сонига қараб тарқатилишини билдиришди.

- Пахта теримига чиққанларни рағбатлантиришга атлас, адрас, калиш, сервиз ва бошқа ҳар хилдаги нарсалар тарқатилаяпти.Ундан ташқари, рўйхат асосида фақат теримчиларга макарон, тухум, гуруч, ёғ безотказ берилаяпти. Вилоят томонидан махсус группа назорати остида бўлади бу. Бу ҳаммаси одам сонига нисбатан тарқатилади, деди туман штаб бошлиқларидан бири.

Штаб вакили ёғ-мой маҳсулотлари пахта теримида иштирок этаётган ташкилотларга давлат нархида сотилишини ҳам қўшимча қилди.

Шавкат Мирзиёев 16 сентябрдан бошлаб мамлакат бўйлаб сафарларини давом эттирмоқда.

Фарғона вилоятида ҳам вақтинчалик президент вазифасини бажарувчи, шу билан бирга Бош вазир келиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG