Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:56

Говорит Москва: "Жиноятларнинг асосий қисмини муҳожирлар содир этмоқда"


Президент Каримов вафоти ортидан Ўзбекистонда ҳокимиятнинг янги қўлга ўтгани Россия истеблишментида Ўзбекистонга нисбатан баёнотларнинг янгича риторикада янграшига сабаб бўлди. Озодлик радиоси ўзининг янги "ГОВОРИТ МОСКВА" рукнида бу баёнотларни савол остига олади.

Россияда яна “мигрантлар хавфи” масаласи кўтарилмоқда. Нолегал муҳожирликка доир маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кўп ҳолларда текширилмаган ва асосланмаган хабарлар тарқатилаётир. Кузатувчилар эса бу рақамларга жиддий шубҳа билан қарашни тавсия этмоқда.

Мигрантлар – яна нишонда

Россияда меҳнат муҳожирларига қарши навбатдаги ахборот ҳужуми бошланди.

Сайлов кампанияларида “мигрантлар хавфи” муаммоси яна кўтарилмоқда. Россия оммавий ахборот воситаларида эса ҳукумат расмийлари томонидан узатилаётган текширилмаган “статистика маълумотлари”дан кенг фойдаланиш урф бўлди.

“Москвадаги 70 фоиз зўрлашлар Марказий Осиёдан келган мигрантлар томонидан содир этилмоқда”, дейилади Москва полицияси расмий хабарида.

Бироқ, прокуратура ва Россиянинг бошқа идораларида Ички ишлар томонидан тарқатилаётган бу рақамларга жиддий шубҳа билдирилмоқда.

Москва шаҳар Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Михаил Трубников Россия пойтахтида содир этилаётган зўрлашларнинг аксарига марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари алоқаси борлигини айтди.

Умумий статистика олиниб, жиноят содир этаётганлар сонига тақсимланса, 75 фоизи Москва минтақасида яшаётганлар томонидан содир этилмаётир. Уларнинг 90% Осиёдан: Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистондан”, Москва полицияси расмийси сўзларидан иқтибос келтирди “Новости” ахборот агентлиги.

Жаноб Трубников жорий йилда зўрлаш ҳолатларининг камайиб бораётганини иқтисодий инқироз туфайли меҳнат муҳожирларининг пойтахтни тарк этаётгани билан боғлади.

Қизиғи, айнан бир хил "полиция маълумоти" Россия оммавий ахборот воситаларида турлича берилиши ҳам мумкин.

​"Ижевск Инфо" ахборот порталидаги "ИИБ: Москвада 70% зиёд зўрлашларни мигрантлар содир этади" хабари

РИА Новости талқинида "Осиёдан келганлар Москвада 75% зиёд зўрлашларни содир этади" кўринишга эга бўлди.

Полиция статистикасига биноан, Москвада қотиллик, талон-тарож, тан жароҳати етказиш каби оғир жиноятларнинг 45 фоиздан зиёдида ҳам мигрантлар қўли бор.

Айтиш жойизки, Россияда содир этилаётган жиноятларнинг асосий қисмида мигрантларни айблаш тенденцияси анча йиллардан буён кузатилади. Одатда бундай мавзуда ёзилган мақолалар сарлавҳалари қуйидаги кўринишга эга:

Москвада 60 фоиз жиноят четдан келганлар томонидан содир этилади” (“Новости” АА, 2005 й.);

Гастарбайтерлар армияси қароқчилар армиясига айланиб қолиши мумкин” (Известия, 2008);

70 фоиз зўрлаш ва 30 фоиз қотилликни Москвада гастарбайтерлар содир этади” (Правый взгляд, 2009)

Зўрлашларнинг аксар қисми гастарбайтерлар томонидан содир этилаяпти” (Newsland, 2010)

"Москвада ҳар иккинчи зўрлашга мигрант алоқадор" (РБК, 2013).

Россия телеканалларидан бирида "миграция масаласи" муҳокамаси

Бундай хабар ва рақамлар асосан полиция ва тергов хизматлари келтирган рақамларга таянади.

Баёнот – бир, статистика - бошқа

2009 йилда Россия Интерполи бошлиғи Владимир Овчинский мигрантлар жиноятчилигига оид Россия милицияси бераётган рақамларни мутлақо инкор этиб чиққанди.

Фактларга зид келтирилаётган бу рақамларга ҳатто ФМС собиқ директори Константин Ромодановский ҳам чиққан эди:

- Йилдан-йилга битта гапни қайтаравериш жонга тегди: Россияда содир этилаётган жиноятларнинг 3,5 фоизигина мигрантларга тўғри келади. Айни пайтда, бу ҳуқуқбузарликлардан учдан бир қисми ҳужжат қалбакилаштириш билан боғлиқ, деб эди расмийлар томонидан эшитилмаган Ромодановский.

Москва ҳуқуқ мухофазачилари рақамларидан фарқли ўлароқ, Россия Ички ишлар вазирлиги рақамларига кўра, мамлакатдаги жами жиноятларга атиги 1,5 фоиз МДҲ давлатлари фуқаролари алоқаси бор.

Соҳа кузатувчилари умумроссия ва Москва полицияси келтираётган статистика рақамларида жиддий тафовут борлигига анчадан буён эътибор қаратиб келади.

Санкт-Петербургдаги Европа Университети профессори, мигрантлар масалалари бўйича йирик тадқиқотчи, тарих фанлари доктори Сергей Абашин миграция масаласи ва мигрантларга қарши риторика сайлов олдидан сунъий равишда янгиттан авж олдирилаётганини билдирди.

Унинг Фейсбукдаги саҳифасида у Россиядаги деярли барча партиялар ва номзодлар сайловолди кампанияси давомида яна “мигрантлар хавфи” масаласини кўтариб чиқаётганига эътибор қаратди.

Россияда номзодларнинг сайловолди плакатлари (С.Абашин сурати)
Россияда номзодларнинг сайловолди плакатлари (С.Абашин сурати)

У “мигрантлар” деганда одатда Россиянинг Шимолий Кавказ минтақасидан келган россияликлар ҳам тушунилиши мумкинлигини инкор этмади.

Озодлик билан суҳбатда Сергей Абашин Россия кучишлатар тизим ходимларининг бундай баёнотларини тасдиқловчи бирорта расмий рақамлар йўқлиги тўғрисида гапирди.

Профессор Сергей Абашин
Профессор Сергей Абашин

- Бизга маълум бўлган расмий статистика маълумотларидан 2016 йилнинг биринчи ярим йилида 87 та зўрлаш ҳолати қайд этилган (ўтган йили бу кўрсаткич 138 кўрсатган). Полиция статистикани яхшилашга интилаётгани аниқ. Бу баёнотлар ҳақиқатни эмас, қоғозбозликка кўмилган тизимнинг ички ҳолатидан дарак беради. Охирги 6-7 йилда биз мигрантлар, айниқса марказий осиёликлар ҳақидаги бундай салбий хабарларни вақти-вақти билан эшитиб турибмиз. Бундай баёнотларсайлов олдидан қилинаётган бўлиши ҳам мумкин. Қолаверса, бу ўша рақамларни келтираётган расмийнинг ксенофоб кайфияти инъикоси ҳам бўлишини инкор этмайман, деди профессор Абашин.

Профессор Сергей Абашин билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:07 0:00
Бевосита линк

Россия Ички ишлар вазирлиги расмий маълумотларига қараганда, 2016 йилнинг январ-июл ойларида мамлакатда 747,5 минг жиноят содир этилган. Бу жиноятларнинг 27,6 фоизига хориж фуқаролари алоқаси борлиги қайд этилган.

Бу қонунбузарликларнинг учдан бир қисми – маъмурий жиноятлардир.

XS
SM
MD
LG