Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:31

Россияда жиноятчи-мигрантлар сони камаймоқда


Меҳнат муҳожирлари кўпроқ Россия шаҳарларида қонунни бузади, демоқда ФМС бошлиғи.
Меҳнат муҳожирлари кўпроқ Россия шаҳарларида қонунни бузади, демоқда ФМС бошлиғи.

Россия бўйича меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилаётган жиноятларнинг энг кўпи Москва шаҳрига тўғри келмоқда. Россия бўйича мигрантлар жами жиноятларнинг 3,5 фоизига қўл урмоқда.

22 феврал куни Россия Федерация Кенгашида бўлиб ўтган ҳукумат расмийларининг ҳисобот йиғилишида сўзга чиққан Федерал миграция хизмати директори Константин Ромодановский мамлакатда олиб борилаётган миграция сиёсатининг асосий йўналишлари ва бу соҳада мавжуд ҳолатга тўхталиб ўтди.

ФМС раҳбари келтирган рақамларга кўра, Россияда меҳнат муҳожирлари томонидан жиноятлар асосан йирик шаҳарларда содир этилмоқда. Жумладан, Москва шаҳрида мигрантлар томонидан жиноятларнинг 18,6 фоизи содир этилган бўлса, Москва вилояти бўйича бу кўрсаткич 9,2 фоизни ташкил этади.

Ромодановский Россияда мигрантлар қўл ураётган жиноятлар сони умумий ҳисобдан 3,5 фоизни ташкил этаётганини таъкидлади.

“Хусусан, бу жиноятларнинг учдан бир қисми ҳужжат қалбакилаштириш билан боғлиқ”, деди Константин Ромодановский.

- Бизнинг миллий уюшмалар билан олиб борган ҳамкорлигимиз туфайли бирор муаммосиз ўтган йилда 5600 та хориж фуқароси чиқариб юборилди. Биз уларни махсус изоляторга жойлаштирмадик, улар эса кўнгилли равишда жаримани тўлаб Россияни тарк этдилар, деди Константин Ромодановский.

ФМС раҳбарининг сўзларига кўра, мигрантлар Россиянинг йирик шаҳарларида жойлашиб бормоқда. Ўз чиқишида Ромодановский Марказий Осиё мамлакатлари билан виза жорий қилишга мутлақо қарши эканини гапириб ўтди. У депутатларга Россия Европа Иттифоқи билан виза тизимини бекор қилишга интилаётгани ва айни пайтда Евросиё иттифоқини тузишга ҳаракат қилаётганини эслатди.

- Биз келажакда бу Иттифоққа Қирғизистон ва Тожикистон аъзо бўлиши мумкинлигини тушуняпмиз. Бундан чиқди бу мамлакатлар билан виза жорий қилишни катта хато, деб ҳисоблайман, деди Россия ФМС директори Константин Ромодановский.

У, шунингдек, сенаторларга ўзи бошқараётган идоранинг миграция соҳасидаги ташаббусларига жиддий эътибор билан қарашларини сўради. Бу ташаббуслар қаторида у маъмурий жазо тарзида Россиядан чиқариб юборилган хориж фуқароларининг киришга чеклов муддатларини камайтиришни, шу билан бирга миграция қонунчилиги бузилишига нисбатан жавобгарликни ошириш каби таклифлар борлигини гапириб ўтди.

Шу билан бирга ФМС раҳбари паспортлар ўрнига электрон пластик карточкалар жорий этишга шошилмасликка ва бу тадбирни техник ва ҳуқуқий жиҳатдан ўта пухта ишлаб чиқишга чақирди.

Россия ижтимоий муаммолари ечимига ихтисослашган “Профиль” журнали бош муҳаррири Михаил Логинов Озодлик билан суҳбатда миграция қонунчилигини янада кескинлаштириш самара бермаслигини бундай тушунтиради.

- Менимча, қоидалар кескин ёки нисбатан юмшоқроқ бўлиши мумкин, лекин гап уларнинг бажарилишида. Россия воқелигининг асосий муаммоси – қонунларнинг қаттиқлигида эмас, афсуски уларнинг бажарилиши мажбурий бўлмаганида. Ҳақиқат шундан иборатки, ҳар қандай кескин қоидани бизда пора билан айланиб ўтиш мумкин. Шу сабабли мен мигрантларга қарши қонун-қоидаларнинг кескинлаштирилиши эмас, мавжуд қоидаларнинг ижро этилишида тартиб ўрнатилиши тарафдориман, дейди жамиятшунос Михаил Логинов.

Миграция соҳасида содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни ошириш тарафдорларидан бири Москва шаҳар прокуратураси ҳамдир. Пойтахт прокурори Сергей Куденеевга кўра, 2010 йилга нисбатан Москвада мигрантлар томонидан содир этилган оғир жиноятлар - қотиллик, зўрлаш ва талон-тарожлар умумий сони 26 фоизга камайган бўлсада, содир этилганлари ўзининг ўта вахшийлиги ва шафқатсизлиги билан ажралмоқда.

Москва прокурори 2011 йилда шаҳарда айнан миграция қонунчилигида мигрантлар жиноятлари икки баробарга ошганини маълум қилди.

Россия Федерал Миграция хизмати келтираётган рақамларга кўра, йилига Россияга 14 миллион хориж фуқароси кириб келади, улардан 77 фоизи – МДҲ давлатларидан, 10 фоизи – Европа Иттифоқидан. Доимий равишда яшаб келаётган мигрантлар сони расман 700 минг кишини ташкил этади.

Айни пайтда, Россияда яшаб меҳнат қилаётган муҳожирларнинг 9,5 миллионидан 3,5 миллиони – ноқонунийдир.
XS
SM
MD
LG