Линклар

Шошилинч хабар
01 июл 2025, Тошкент вақти: 03:47

Ходимларини "ҳароми" деб сўккан Риштон милицияси бошлиғи бошқармага чақиртирилди


Риштонлик милиция ходимларининг бошлиқлари устидан шикояти Озодликнинг Sizdan Telegram рукнида икки кун аввал эълон қилинган эди
Риштонлик милиция ходимларининг бошлиқлари устидан шикояти Озодликнинг Sizdan Telegram рукнида икки кун аввал эълон қилинган эди

Фарғона вилояти Риштон тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Озодликда эълон қилинган мактуб ортидан вилоят бошқармасига чақиртирилди. Риштон милициясининг бир гуруҳ ходимларининг туман бўлими бошлиғи подполковник Аҳмаджон Насриддинов устидан шикоят қилиб, Озодликка йўллаган мактуби 28 ноябрь куни Sizdan Telegram рукнида эълон қилинган эди. Мактубда ИИБ раҳбари ўз қўли остидаги ходимларни ҳақорат қилиб камситиши, иш жйоида ичкиликбозлик қилиши, маошлардан ушлаб қолиши тўғрисидаги иддаолар битилган эди. Риштонлик милиция ходимларининг айтишича, подполковник 30 ноябрь куни Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасига чақиртирилиб, суҳбатдан ўтказилган.

Риштон туман Ички ишлар бўлими бошлиғи устидан шикоят қилган милиция ходимлари 1 декабрь куни Озодлик билан алоқага чиқишди. Милициячиларнинг айтишларича, Озодликнинг Sizdan Telegram рукнида шикоят мактуби эълон қилиниши ортидан подполковник Аҳмаджон Насриддинов 30 ноябрь куни Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига чақиртирилган.

“Бу одам (подполковник Аҳмаджон Насриддинов-таҳр.) ҳақиқатан шунақа ҳақорат қилиб, ҳаммани камситиб келаётган эди. Лекин кеча (30 ноябрь куни) уни УВДга (Фарғона вилояти ИИБ-таҳр.) чақиртиришиб, бошлиқ-раҳбарлар у билан суҳбатлашишди. Менимча, у ўзига тегишли хулосани чиқариб олди. Чунки икки кундан бери ҳомуш, лекин ҳушмуомала бўлиб қолган. Хатимиз Озодликда эълон қилинганидан кейин чақиртиришди уни”, дейди риштонлик милиция ходими.

Озодлик Риштон милицияси бошлиғи Аҳмаджон Насриддиновнинг ўзи билан ҳам телефон орқали боғланди. Лекин подполковник ўзи устидан тушган шикоятларга муносабат билдиришдан бош тортди.

Подполковник Насриддиновнинг қўл остида хизмат қиладиган милиция зобитларидан яна бири, Озодлик билан суҳбатда, ҳамкасблари билан бошлиқлари устидан шикоят ёзишларига сабаб бўлган ҳолатлар ҳақида гапириб берди.

“Ўзи бу одам шу йил бошида, январь ойларида бизга бошлиқ бўлиб келди. Кўп ўтмай ҳаммани ҳаромидан олиб ҳаромига соладиган одат чиқарди. “Бошлиқ ундай ҳақорат қилманг”, десак. “Ҳамманг ҳаромисан. Маҳлуқсан”, деб сўкади. Шахсий таркибни тўплаб олиб, “Ҳамманг ҳаромисанлар”, деб сўкади. Ҳаммани ишидан бездириб юборди”, дейди милиция ходими.

Унинг яна айтишича, подполковник сўнгги ярим йил давомида туман ички ишлар бўлими шахсий таркибидаги 75 ходим маошидан 50 минг сўмдан пул ушлаб қолиш одатини чиқарган.

“Апрель ойидан бери ҳар бир ходим ойлигидан 50 минг сўмдан ушлаб қола бошлади. Ўзича бинони яхшилаймиз, ошхона қурамиз, деган баҳоналарни қилди. Ошхона қурдидирди, унинг ичида ўзи учун алоҳида хона ясатиб олган. Бойваччадек, ичига кириб олиб, кунда ичкиликбозлик, маишатдан бўшамайди. Ичиб олиб, ходимларга бақради, ҳақорат қилади”, дейди риштонлик милиционер.

Ўзбекистонда ҳокимият вакилларининг қўл остидагиларни таҳқирлаши ёки уларга зўравонлик қилиши одатий ҳолга айланган. Жумладан куч ишлатар идораларда ҳам раҳбарнинг лавозими қанчалик баланд бўлса, унинг манманлик ва зўравонлик даражаси юқори бўлишини кўриш мумкин.

Шу йил сентярь ойида Ўзбекистон Ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоев Фарғона вилоятига келганида ўртадан пастроқ мансабларни эгаллайдиган милиция ходимлари панага яширинишган эди. Фарғоналик милиция ходими бунинг сабабини “вазир майда-чуйда ходимлар кўзига тушиб қолишини хуш кўрмас экан” дея изоҳлаган эди.

Келаси йилдан Ўзбекистон ички ишлар тизимининг амалдаги ходимлари ва янги ишга ёлланаётганлар орасида руҳий беқарор шахсларни аниқлаш мақсадида полиграф текширувининг жорий этилиши айтилмоқда.

Кейинги пайтларда милиция ходимлари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари тез-тез учраётганига эътибор қаратиш жоиз.

28 ноябрь куни Самарқанд вилояти Нуробод тумани ИИБ ходими, 30 яшар Ойбек Мамараҳимов ва унинг янга бир ҳамкасби ўзини осиб ўлдирди.

Ундан бир ҳафта аввал 20 ноябрь куни Тошкент вилояти Янгийўл туманида милиция капитани Шарофиддин Темиров иш жойида хизмат тўппончасидан ўзини отиб ўлдирган эди.

Апрель ойида эса Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғи подполковник Бахтиëр Отаев ўзини осиб қўйган эди.

XS
SM
MD
LG