Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:15

Обид қорига ўқ узганликда гумон қилинаётган Жуковский айбловни рад этмоқда


Юрий Жуковский имом яшаган шаҳарга етиб олгунча меҳмонхона ва дўконларда кузатув камераларига тушиб қолглан
Юрий Жуковский имом яшаган шаҳарга етиб олгунча меҳмонхона ва дўконларда кузатув камераларига тушиб қолглан

Обид қори Назаровга суиқасдни бевосита амалга оширганликда гумон қилинаётган Юрий Жуковский пайшанба куни Швеция прокуратураси терговчиси томонидан сўроқ қилинади.

Суиқасдни тергов қилаётган прокурор Кристер Петерсоннинг Озодликка айтишича, ўтган ҳафта Россиядан Швецияга экстрадиция қилинган Ўзбекистон фуқароси Жуковский ҳозирча ўзига қўйилаётган айбловларни инкор қилмоқда.

Лекин прокурор унинг имомга қарата ўқ узгани ва буни Ўзбекистон махсус хизматлари буюртмаси билан амалга оширганини исботловчи далилларни судга тақдим қилиш ниятида эканини айтмоқда.


Ўтган ҳафта Россиядан Швецияга экстрадиция қилинган Юрий Жуковский суд қарорига кўра қамоққа олинди. 2012 йил 22 февраль куни Стромсунд шаҳарчасида ўзбекистонлик таниқли имом Обид қори Назаровга суиқасдни амалга оширганликда гумон қилинаётган Жуковский пайшанба куни прокуратура терговчиси томонидан сўроққа тутилади.

Терговчи Кристер Петерсоннинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, Ўзбекистон фуқароси 37 ёшли Юрий Жуковский аллақачон бир неча марта сўроқ қилинган ва у ўзига қўйилаётган айбловларни рад этган. Лекин 3 сентябрь куни ўтказиладиган сўроқ пайтида гумонланувчининг суиқасдга алоқадорлигини кўрсатувчи далиллар унга тақдим этилади.

Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерсон суиқасд буюртмачилари Ўзбекистонда эканига шубҳа қилмаслигини айтади
Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерсон суиқасд буюртмачилари Ўзбекистонда эканига шубҳа қилмаслигини айтади

- Гумонланувчи Швеция суди томонидан қамоқда қолдирилди. Суд унинг ёлланган қотил деб гумон қилишимиз учун етарли асос келтирганимизни тан олди. Эртага (3 сентябрь) уни давомли сўроққа тутишни бошлаймиз.Тергов давом этмоқда, лекин шу пайтгача аллақачон кўплаб далилларни тўплаганмиз. Дастлабки сўроқлар пайтида ва судда у суиқасд учун масъулиятни, ўқни айнан у узганини инкор қилди. Энди биз ўзимиздаги далилларни унга тақдим этамиз ва аввалги кўрсатмаларидан тонадими, йўқми кўрамиз. Ҳозирча у суиқасдга алоқадорлигини инкор қилмоқда,- дейди швед терговчиси.

Тергов жараёнига оид тафсилотларнинг кўпчилигини ошкор қила олмаслигини айтган Петерсон, айни пайтда, гумонланувчини суиқасд билан боғлаши мумкин бўлган ДНК анализлари натижаларини кутаётганини очиқлади.

- Гумонланувчи суиқасд амалга оширилган жойда ижарага олган уй ва жиноят жойида ташлаб кетилган рюкзакдан ДНК намуналарини олишга муваффақ бўлганмиз. Бу ДНК намуналари бир-бирига мос келган. Энди гумонланувчидан олинган ДНК аввалгиларига мос келадими, йўқми бунинг натижаларини кутяпмиз,- дейди Кристер Петерсон.

Обид қори Назаров 2012 йил 22 февраль куни суиқасдга учраган
Обид қори Назаров 2012 йил 22 февраль куни суиқасдга учраган

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиси, Швецияда муҳожиратда яшаган имом Обид қори Назаров 2012 йил 22 фвераль куни Стромсунд шаҳарчасидаги уйи йўлагида отиб кетилган эди.

Суиқасдни айнан Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский амалга оширгани тўғрисидаги иддаолар 2012 йилда бу иш юзасидан ўтказилган дастлабки судда илгари сурилган эди. 2012 йил май ойида суиқасд ижрочисига кўмаклашганлик айби билан қўлга олинган ўзбекистонлик эру-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова Жуковскийни таниганларини тан олган, лекин унинг ниятларидан бехабар бўлганлари тўғрисидаги кўрсатмалари суд тарафидан қабул қилиниб, улар озод этилган эди.

Озодлик манбаларига кўра, Пўлатов ва Аминова Швецияни тарк этган. Энг қизиғи, Аминова жорий йил январь ойида, Жуковский Россияда қамоққа олинган пайтда Ўзбекистонга кетиб қолган. Унинг эри Пўлатов эса, шу йил ёз ойларида, Жуковский Швецияга экстрадиция қилинишидан бир неча ҳафта аввал мамлакатни тарк этган.

Терговчи Кристер Петерсон ҳам Пўлатов ва Аминова Швецияни тарк этганини тасдиқлар экан, Швецияни ларзага солган суиқасд терговида кўмаклашиш сўрови билан Ўзбекистонга қилинган мурожаатлари жавобсиз қолаётганидан таассуф билдирди.

- Мендаги маълумотларга кўра, уларнинг иккаласи ҳам (Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова-таҳр.) Ўзбекистонга кетиб қолишган. Лекин мен учун муаммо, бу ишни тергов қилиш жараёнида Ўзбекистон расмийларидан ҳеч бир жавоб ёки кўмак ололганим йўқ. Уларга камида 10 марта расмий хат билан мурожаат қилдим, лекин мурожаатларим мутлақо эътиборсиз қолмоқда. Шунинг учун Ўзбекистон расмийларидан бирор кўмак олишдан умидимни узганман. Бу икки гумонланувчи ҳақида гапирадиган бўлсак, улар устидан икки марта суд бўлиб ўтган. Уларни қайта судга тортиш учун, бош прокурор орқали олий суддан рухсатнома олиш керак бўлади. Лекин улар Ўзбекистонга кетиб қолгани боис, бу борада ҳаракат қилишимиз бесамар бўлишини айтишим мумкин,- дейди Петерсон.

Обид қори Назаровга қилинган суиқасд тергови билан Швеция махсус хизматлари шуғулланди ва ҳукумат вакиллари уни фош қилиш учун барча имкониятлар ишга солинишини ваъда қилишди.

Терговчи Кристер Петерсон ўша пайтда имомга суиқасд буюртмачиси Ўзбекистон махсус хизматлари эканига шубҳа қилмаслигини таъкидлаган эди.

Орадан уч йил ўтиб, Озодлик билан суҳбатда, Петерсон бугун ҳам бу фикридан қайтмагани ва буни судда исботлашга ҳаракат қилишини таъкидлайди.

- Аввал бир нарсага аниқлик киритишим керак. Бу жиноят ортида Ўзбекистон режими турганига ишора қилувчи кўплаб факт ва далиллар бор. Лекин ҳозирча бунга жаноб Жуковскийнинг судда ҳали исботланмаган айбидан алоҳида қарашимиз керак. Лекин мени қизиқтираётгани, Ўзбекистон расмийлари суиқасд қурбонини террорчи, деб атаган. Уни 1999 йилда 15 кишининг ўлими ва юзга яқин одамнинг жароҳатланишига сабаб бўлган портлашларда айблаб, Интерпол орқали халқаро қидирувга ҳам беришган. Лекин бундай жиноятларда айбланаётган шахсни охиригача қидириш ўрнига Ўзбекистон негадир 2011 йилнинг ёз ойларида уни халқаро қидирув рўйхатидан олиб ташлаганларини эълон қилишади. Орадан 7 ой ўтиб эса, уни Швецияда отиб кетишади. Бундан ташқари Ўзбекистон томонидан бу терговда бирор ёрдам ололмаганимдан ҳам, улар бу жиноятни фош этишимни исташмаяпти, деган хулоса келиб чиқади. Шунинг учун бу суиқасд буюртмачиси Ўзбекистонда эканига оид кўплаб ишоратлар бор, деб айтишимиз мумкин, деб ўйлайман. Лекин одимиздаги сўроқ ва суриштирувлар давомида гумонланувчини Ўзбекистон расмийлари билан боғловчи дилалларни юзага чиқаришимиз керак бўлади,- дейди Швеция прокуратураси терговчиси Кристер Петерсон.

XS
SM
MD
LG