Линклар

Шошилинч хабар
29 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:42

Йил якунлари: Обид қорига суиқасд уриниши


2012 йилнинг 22 февралида Обид қори Назаровга нисбатан суиқасд уриниши кечаëтган йилда Озодликнинг ўзбек тингловчилари учун муҳим воқеа сифатида кўрилади.


2012 йилнинг 22 февралида Обид қори Назаровга нисбатан суиқасд уриниши кечаëтган йилда Озодликнинг ўзбек тингловчилари учун муҳим воқеа сифатида кўрилади.

Ўзбекистон мусулмонлари орасида алоҳида эътиборга лойиқ¸ Ўзбекистон режими тарафидан хавфли жиноятчи сифатида таъқиб қилинган Обид қорига қарата ўқ отилиши воқеаси йил мобайнида Озодлик муштарийлари диққат марказида қолди.

Обид қорига суиқасд уриниши билан боғлиқ Швецияда ўтган маҳкама мажлислари эса одил суд қанақа ўтади, деган саволга жавоб берди.

Айни пайтда бу воқеа атрофида бир-бирини инкор қилувчи маълумот ва xабарлар ҳам пайдо бўлди. Бу маълумотларга аниқлик киритиб¸ Обид қорига суиқасд уриниши билан боғлиқ воқеалар силсиласини йил сарҳисоби ўлароқ эътиборингизга тақдим қиламиз.

Воқеалар силсиласини Обид қорининг ўртанча ўғли 26 яшар Довудхон биргаликда қайта тикладик.

Суиқасдга уриниш. 22 феврал Швециянинг Стромшунд шаҳри. Соат 12:25

Таниқли имом Обид қори Назаров соат 12:30 га режаланган пешин номозига чиқаëтган пайтда унга овоз чиқармайдиган русча русумдаги кичик калибрли тўппончадан ўқ узилади.

Қорининг жияни 11 яшар Муҳаммад Обид қорини қонга беланган ҳолда чўккалаб ўтирганини кўриб одамларни ëрдамга чақиради.

Ўшандан кейин қорининг ўғли Довудхон отасини кўришга шошилганини айтади:

- Мен борганимда отамнинг ҳуши ўзида эди. Чўккалаб ўтирарди. Хаëлимга илк келган нарса тажовуз эҳтимоли бўлди¸ дейди Довудхон Озодлик билан суҳбатда.

Сусткаш полициячилар ëки Лагман кўчасидаги жиноят

Östersund Posten газетаси мухбири Торд Андершон ўз журналистик суриштируви мобайнида Обид қорига ўқ узилганидан бир соат ўтганидан кейин полиция суиқасд эҳтимолини ўргана бошлаганини ëзди.

Полициячилар Обид қорини йиқилиб лат еган¸ деб ҳисоблашган. Мақола муаллифи 22 феврал куни Обид қорининг қадамларини секинлаштирилган кинолентадаги каби аниқ тасвирлайди.

“Назаров 22 феврал кунининг ўртасида масжидга боришга шайланди. У пешин намозига имомлик қилиш учун кийиладиган бош кийимини кияётган пайт жиноятчи уни подъезд зинапоясида кутаётган эди.

Аниқроғи¸ номаълум кимса (кейинроқ Юрий Жуковский дея гумон этилаëтган шахс) қоронғу ва тор ертўлага борадиган зинапояда ертўла йўлагига ўтиладиган темир эшиги ёнида турган эди.

Назаров уйининг эшигини ёпиб зинадан тушиб кетаётган пайтда жиноятчи унга орқа томондан ўқ узди.

Қуролнинг товуш пасайтирадиган мосламаси бор эди ва қулоққа фақат гурс этиб биров зинада йиқилгандек овоз эшитилади.

Жиноятчи ертўладан чопиб ўтиб, ўша уйнинг бошқа эшиги орқали ташқарига чиқади. У қадамини секинлаштириб, елкасидаги рюкзагини қуроли билан биргаликда ташлайди ва машинасига ўтириб, ҳудудни тарк этади.”

Мақола давомида муаллиф уй йўлагига тасодифан кирган қўшни болакайнинг энсасидан қон оқаëтган Назаровга дуч келгани ҳақида ëзади.

Гап жиянимиз Муҳаммад ҳақида кетаяпти¸ дейди Довудхон:

- Суиқасдни хаëлига ҳам келтирмаган қўшнилар тез ëрдам чақиришади. Улар кекса муҳожир зинапоядан йиқилиб лат еган¸ холос деб ўйлашди¸ деб таъкидлаган Обид қорининг ўртанча ўғли 26 яшар Довудхон эса нима бўлганлигини дарров тушуниб етганини айтади:

- Отамни илк бор кўрган жияним кўп қон кетаяпти¸ деб бақирди. Мен борган заҳотиёқ нима воқеа рўй берганини тушуниб етдим. У ерда жуда кўп қон кетганди. Мен дарров тушундимки, кимдир уни ўлдиришга ҳаракат қилган¸ дейди Довудхон.

Кейин Довудхон полицияга хабар берганини айтади:

- Полиция бир кексароқ муҳожир эркакнинг зинапоялардан тушиши каби бахтсиз ҳодиса деган маълумотни олиш билан кифояланди. Вақт ўтарди. 30 минут, 45 минут, бир соат. Бу вақт ичида воқеа гувоҳлари буни бир бахтсиз ҳодиса деб ўйладилар. Кичик калибирли қуролдан отилдан ўқ жойи қулоқнинг ортидан кўринмасди. Ҳеч ким ҳақиқатда нима бўлганлигини тушуниб етмасди¸ дейди Довудхон

Бу пайтга келиб Лагман кўчасидаги жиноят содир этилган жой, жиноят жойи сифатида кўриб чиқилмайди.

Подъезд тўсиб олинмайди. Жиноятчининг изи кўпгина одамларнинг бу ерга кириб чиқиши натижасида йўқ бўлиб кетади.

Ердаги қон қатрони қирилиб, спиртли ювиш воситаси билан тозаланади.

Бу маълумотларни ўрганган швед журналисти Торд Андершон Озодлик билан суҳбатда суиқасд уюштирган жиноятчи кўздан бемалол ғойиб бўлиш учун бир соат вақтга эга бўлганини таъкидлайди.

Қорининг ўғли Довудхон айнан бир соатдан кейин полициячилар воқеанинг суиқасд эканини тушуниб етишганини айтади:

- Бу пайтга келиб биродарларимиздан бири уйнинг ёнидаги машина тўхташ жойидан рюкзак ва қурол топиб олганди¸ дейди суҳбатдош.

Аммо¸

“Воқеа руй берганидан икки соат ўтган бўлса ҳам Назаровнинг отилганлиги ҳақида тиббиёт ходимлари томонидан тасдиқловчи хабар келмайди. Соат 13.40 да полиция бир сайтда кичик хабар қўяди. Хабарда иккиланиш нафаси сезилиб турарди. Гап “жароҳат олган бир киши” ҳақида, ”жароҳат тўғрисидаги ноаниқлик ҳолати” ва воқеага яқин жойда “револьверга ўхшаган предмет” топилганлиги ҳақида борарди.

Яна бу воқеаларнинг асосий гувоҳи Довудхон гапига қулоқ соламиз:

- Тингвалланинг катта қисми тўсилиб, ўраб олинади. Ҳодиса жойига техниклар чақиртирилиб ўша атрофда яшовчиларнинг уйига бирма-бир кириб чиқилади. Аммо бу тўсиқ деворлари ва ўраб олинишлар бефойда эди. Жиноятчи бир соат олдин қочиб улгурган эди¸ дейди афсус билан суҳбатдош.

Бу ҳақда маҳаллий газетага мақола ëзган журналист Торд Андершон Озодлик билан суҳбатда бундан кейин нима бўлганини полицияга ҳавола қилди.

Суҳбат асносида швед полицияси гувоҳлардан ҳодиса ҳақидаги 300 дан ортиқ маълумотлар йиғиб олингани маълум бўлди.

Торд Андершон ўз мақоласини Обид қори тарафдорларининг тили учида турган айблов билан якунлайди:

“Назаров ҳали ҳам Остершунд касалхонасида кома ҳолатида ётибди. Назаров мухлисларининг фикри аниқ : Қори ўзбек Миллий хавфсизлик хизмати томонидан юборилган ёлланма қотил томонидан отилган!"

Суиқасд уринишидан 8 ой ўтиб қорининг ўғли бу гапни яна бир марта такрорлади.

Кома

22 феврал куни Озодлик мухбири Остершунд касалхонасига қўнғироқ қилди. Жавоб қисқа бўлди:

- Обидхон Назаров исмли бемор 22 феврал куни тушдан кейин шифохонага келтирилган ва айни дамда ҳам шифохонада қолмоқда¸ деган шифохона ходимлари беморнинг аҳволига оид бирорта маълумот берилмаслигини айтди.

Қорининг ўғли эса отаси Обидхон қорининг ўша куни кечқурун Умеодаги шифохонага зудлик билан вертолетда олиб кетилганини айтади.

Бу пайтга келиб Ўзбекистон мусулмонлари орасида катта нуфузга эга имомга суиқасд уюштирилгани аниқ бўлган эди.

Швеция хавфсизлик идоралари бизни дарҳол махсус ҳимоя остига олишди¸ деб эслайди Довудхон:

- Биз истиқомат қилган ҳудуд швед полицияси ва махсус хизматлари ходимларининг қаттиқ назорати остига олинди¸ дейди Довудхон.

54 ёшли Обидхон қори ўша кундан бери кома ҳолатида ëтибди.

Ўзбек имомига суиқасд уриниши Швециянинг овлоқ ва сокин қишлоқларида фавқуллода воқеа бўлди. Бу мавзу маҳаллий газеталар сарлавҳасига чиқди.

Торд Андершоннинг 12 май куни чоп қилинган мақоласи ўзбек имоми Обидхон қори Назаров яшаган Стромшунднинг Тингвалла деб номланган сокин гўшасига ваҳима руҳи оралагани тасвиридан бошланади.

Суиқасд гувоҳлари билан суҳбатларига асосланган Торд Андершон шу пайтгача номаълум бўлган тафсилотларни мақола давомида очиқлайди.

Шубҳали меҳмон

Мақолада эҳтимолий жиноятчининг Струмшондга сафари ҳақидаги қисми диққатга сазовор.

“Феврал бошида шарқий Европадан учиб келган самолёт Швеция аэропортларидан бирига қўнади. Йўловчилардан бири махсус топшириққа эга. У божхона назоратидан ўтганидан сўнг тўғри машина ижара берадиган фирмалардан бирига бориб, ижарага машина олади ва Е4 автомагистралида ўзига белгиланган йўналиш бўйича шимол томон ҳаракатланади.

Бир кеча-кундуздан кейин у Струмшондга бориб Тингвалла аҳоли яшаш пунктидаги машиналар тўхташ жойига бурилади. Бу ҳудудда, Лагман (Lagmansgatan) кўчасидаги коммунал ижара уйларидаги хонадонлардан бирида унинг қурбони, ўзбек режими танқидчиси, Ўзбекистон ҳукумати томонидан қидирилаётган ва Ўрта Осиё мусулмонларнинг пешқадам лидерларидан бири бўлган Обид қори Назаров яшайди.”

Мақола давомида Торд Андершон ўз журналистик суриштируви мобайнида бу номаълум шахс зиммасига юкланган топшириқни бажариш мобайнида ўзини билдирмай ҳаракат қилганини тасвирлайди.

“Бу одамни кейинги ҳафталарда қишлоқнинг турли гўшаларда кўриш мумкин бўлади. У бир кун ижарага олинган машинаси билан Ваттудал (Vattudalsskolan) мактабининг машина тўхташ жойида пайдо бўлди ва ўзини газета ўқиётгандек кўрсатиб, атрофга олазарак қаради. Бу вақтда Обидхон Назаров мактабда эди ва ўқитувчилик учун практика машғулотларида иштирок этаётган эди.”

Мақола муаллифи Торд Андершон Озодлик билан суҳбатда бу шубҳали меҳмон ҳақида Струмшонддаги кўп кишидан эшитганларини бир мантиқ занжирига улаб¸ манзаранинг кемтик жойларини тўлдирганини айтади:

- Бир неча гувоҳ машина русуми ва бу одамнинг юз тузилишини эслашди. Уларнинг аксарияти бу одам швед эмас, Болтиқбўйидан дейишди¸ дейди мухбир.
Кейинчалик маҳкама давомида Торд Андершон тасвирлаган шубҳали меҳмоннинг Россияда истиқомат қилувчи Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский экани айтилади.

Виола Фон Крамон: Имомга суиқасд жиддий тергов қилиниши керак

Бу пайтга келиб таниқли имомга суиқасд қилингани ҳақидаги хабарлар Ўзбекистон сиëсати билан қизиққан халқаро сиëсатшунос ва сиëсат арбобларини ташвишга солди.

Германия парламентидаги Яшиллар партияси вакили Виола Фон Крамон Швеция ҳукуматини ўзбекистонлик имом Обид қори Назаровга нисбатан суиқасд уриниши юзасидан жиддий тергов ўтказишга чақирди.

“Швецияда қувғинда яшаб келган ўзбек ҳукумати мухолифининг ўққа тутилгани ҳақидаги хабар жуда хавотирлидир”, дея баёнот берди немис депутати.


Гумондорлар қўлга олинди. 15 май¸ Швеция жанубидаги Скене шаҳри

Швеция полицияси таниқли имом Обидхон қори Назаровни ўлдиришга уринган шахсга ëрдам берганликда айбланаëтган икки Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди.

Обид қори Назаровга уюштирилган суиқасд бўйича тергов олиб бораётган Швеция прокурори Кристер Петерсоннинг Озодликка айтишича, асли ўзбекистонлик бўлган икки шахс 15 май куни Швеция жанубидаги Скене шаҳрида қўлга олинди.

18 май куни Швециянинг Стромшунд шаҳар суди Обид қори Назаровга қилинган суиқасдга алоқадорликда гумон қилинаётган икки ўзбекни ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарди.

Швед матбуоти қўлга олинганлар исмини ошкор қилмади. Қўлга олиш пайти акс этган ва матбуотда чоп қилинган суратларда гумондорлар устига сариқ мато ташланган.

19 май куни Uznews.net сайти, гумонланаётганлар исмларини Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова, деб тақдим қилди.

Айни пайтда швед полицияси тарафидан Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовага очилган жиноий иш варақларини Озодлик мухбири Skype тармоғи орқали кўришга муваффақ бўлди.

18 май куни Остершунд маҳкамаси тарафидан 14 кун муддатга ҳибс қилинган Баҳодир Пўлатов 1981 йилнинг 12 январида туғилган.

Айни ҳукм билан ҳибс қилинган Нодира Аминова (баъзи маълумотларда Саятовна) 1981 йилнинг 20 июлида Бухорода туғилган.

Аминова Малмо университетида ўқиган ва инглиз ва рус тилидан хусусий дарс берган.

Ўзбекистон фуқаролари бўлган эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар 19 июл куни Швециядан чиқмаслик шарти билан, 26 июл кунига қадар, яъни суд ҳукми эълон қилингунгача озодликка чиқарилди.

Ҳакам Марит Окербломнинг бу борадаги қарорини айбланувчиларнинг адвокатлари ўз мижозларининг мутлоқ оқланиши нишонаси ўлароқ кўришди.

Швед прокурори Кристер Петерсоннинг кескин айбловлари фонида Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларнинг маҳкама қарори билан ҳукм эълон қилингунгача озод этилиши кутилмаган ҳолат бўлди.

Остершунд шаҳрида маҳкама сўнгги паллага кирган пайт прокурор Кристер Петерсон айбланувчиларга камида 8 йиллик қамоқ жазоси сўраган эди.

18 июл кунги маҳкама мажлисида жаноб Петерсон имомга қилинган суиқасд ўзбек махфий ҳизматлари тарафидан уюштирилган бўлиши мумкинлиги бир қанча далиллар билан тасдиқланиши ва бу билан боғлиқ бошқа фаразлар йўқлиги, суиқасдга кўмаклашганликда гумонланаётган ўзбекистонлик жуфтлик Ўзбекистон томонидан юборилган одамлар бўлиши мумкин, деб айтган эди.

"Биз тақдим этган фактлар ҳужум ўзбек хавфсизлик хизматлари топшириғи билан амалга оширилганига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди. Хавфсизлик ҳизматлари имомни катта хавф сифатида кўрган",- деган эди прокурор.

Айбланувчи томон адвокати Ян-Оке Нистрёмнинг айтишича, прокурор маҳкама давомида бу иддаоларни тасдиқловчи бирор далил келтиролмаган.

- Унинг айтганлари тахминлар холос, далиллар йўқ,- дейди адвокат Нистрём.
Обид қорига суиқасдда гумонланган ўзбеклар оқланди

Швециянинг Остерсунд шаҳар суди таниқли уламо Обидхон қори Назаровга суиқасд уюштирган шахсга ёрдам берганликда гумонланган икки ўзбекистонликни айбсиз деб топди.

Судя Марит Окерблом таниқли имом Обид қори Назаровга суиқасд қилган шахсга ëрдамлашганликда айбланган икки Ўзбекистон фуқаросини 26 июл куни айби тасдиқланмагани учун оқлади.

Маҳкама Баҳодир Пўлатов ҳамда Нодира Аминоваларни Ўзбекистонга депортация қилиш борасидаги прокурор талабини ҳам рад этди.

Озодлик тасарруфига пайшанба куни келиб тушган 40 варақлик суд ҳукмида 1981 йили туғилган Баҳодир Пўлатов ҳамда Нодира Аминоваларнинг эҳтимолий қотилга¸ўзлари билмасдан ва ëмон ниятда бўлмасдан ëрдам бергани боис оқлангани урғуланади.

Маҳкама қарорида диссидент имомга қилинган ҳужум ортида Швециядан ташқаридаги ташкилот тургани ва ҳужумнинг сиëсий сабабга эга эканлиги эътироф қилинган.

Судя билан гаплашган Озодлик мухбири Ричард Ëзйакга кўра, айбланувчилар устидан чиқарилган қарор Швед адлиясининг асосий тамойили айбсизлик презумпциясига уйғун.

Ҳар иккала айбланувчи эҳтимолий қотилга ëрдам беришганида уларнинг ҳеч бирида Обид Қори Назаровни ўлдириш нияти бўлмаган.

Айни вақтда судланувчиларнинг суиқасд ижрочиси ниятидан ҳабардор бўлгани ҳам судда тасдиғини топа олмаган.

Ҳакамлар судланувчилар ўзлари билмаган ҳолда эҳтимолий қотилга ëрдам берди деган версияга ишонган.

Қораловчи прокурор ҳар иккала айбланувчининг айбли эканини етарли даражада исбот қила олмагани ҳам судянинг оқлов қарори учун асос бўлган.


Ўзбекистон фуқаролари бўлган Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар 19 июл куни Швециядан чиқмаслик шарти билан суд ҳукми эълон қилингунгача озодликка чиқарилган эди.

Ўтган ҳафта айбланувчиларнинг адвокатлари Озодликка ўз мижозларининг мутлақ оқланиши борасида ишонч билдирган эди.

Суд жараёнида Баҳодир Пўлатовни ҳимоя қилган адвокат Ян-Оке Нистрём ўз мижозининг билмаган ҳолда эҳтимолий қотилга ëрдамлашганига ҳакамларни ишонтира олганини айтган эди.

- Мен ўз мижозимнинг (Баҳодир Пўлатов демоқчи - таҳр.) айбсизлигига ишонаман. Суд ҳайъати ҳам ана шундай фикрда эканига ишонаман. У суиқасд ижрочисининг асл ниятлари ҳақида билмаган¸ деган эди Озодлик билан суҳбатда Баҳодир Пўлатовнинг адвокати Ян-Оке Нистрём.

Нодира Аминованинг адвокати Эрик Боберг ҳам ўз ҳимояси остидаги шахс 26 июл куни авф этилади, деган ишончда собит эканлигини билдирган эди.

Ҳукм чиқди¸ аммо шикоятга ўрин бор

Прокурорларнинг суд ҳукми юзасидан апелляция судига мурожаат қилиши ёки мурожаат қилмаслиги ҳозирча маълум эмас.

Маҳкама прокурори Кристер Петерсон айбланувчиларга 8 йил қамоқ жазоси сўраган эди.

Бироқ жабрланувчи томон - Обидхон қорининг ўғли Довудхон Озодликка суд қарори юзасидан шикоят аризаси билан юқори инстанцияга мурожаат қилишини билдирди:

- Бу қарор устидан шикоят қилиш режаси бор. Албатта биз маҳкама чиқарган қарордан тўлиқ қониққанимиз йўқ. Биз ҳам хоҳлаймиз кейинги босқичга, юқори судга ариза берилишлигини¸ дейди имомнинг ўғли.

Эр-хотиндан ташқари, суд давомида 1978 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси экани айтилаётган Юрий Жуковский, деган одам суиқасдни бевосита амалга оширган шахс сифатида тилга олинган.

22 феврал кунги суиқасд ортидан Жуковский Москвага қочган ва шу билан уни изи йўқолган.

Айни пайтда Обидхон қори Назаров тарафдорлари Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовалар ҳукм ўқилгунга қадар Швециядан қочиб кетишлари эхтимоли борлигидан хавотир билдирмоқда.

- Шундай ҳавотир йўқ эмас. Қочиб кетишлари ҳеч гап эмас. Биз Ўзбекистон ҳукумати томонидан маҳсус ёлланган одамлар деб қараяпмиз бу шахсларга,- дейди Швециянинг Стромшунд шаҳрида яшовчи Аҳмаджон.

Обидхон қорини отганликда гумонланган шахс Россияда ушланди

Россия Федерал хавфсизлик хизмати жорий йил февралида Швециянинг Стромсунд шаҳрида таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаровни отганликда гумонланган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда 12 октябр куни аксар Швеция нашрлари хабар тарқатди.

Обидхон қорининг Швецияда яшаëтган ўғли Довудхон Озодлик билан суҳбатда ўз оиласига эҳтимолий қотил ушлангани ҳақда маълумот олганини билдирди.

Обидхон қори жонига қасд қилганликда айбланаëтган шахс Швеция полицияси рўйхатида бўлган телефон аппаратидан қўнғироқ қилганидан кейин қаердалиги аниқланиб Россия хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Обидхон қорининг Швецияда яшаëтган ўғли Довудхон Швед ҳуқуқ-тартибот органлари билан доимо алоқада эканлигини билдириб¸ Россияда ушланган шахснинг 1978 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жуковский эканини айтди.

Тергов ҳужжатларида ҳам Обидхон қорига Ўзбекистон фуқароси бўлган, 1978 йил туғилган Юрий Жуковский ўқ узганлиги айтилган эди.

Тергов мобайнида Юрий Жуковский исмли шаҳсга нисбатан қидирув эълон қилинган эди.

Экстрадиция

Швециядаги етакчи ва нуфузли газеталаридан бири бўлган Expressen газетасининг Обид қорига суиқасд қилган шаxс ушлангани ҳақидаги мақола муаллифи Майк Ўландер (Micke Ölander)нинг Озодликка билдиришича¸ суиқасд ижрочиси бундан бир неча кун олдин Россияда қўлга олинган.

- Бу маълумотни жиддий текширишга бир-икки кун кетди. Биз ўта ишончли манбадан буни тасдиқлагандан кейингина эълон қилдик¸ дейди швециялик журналист.

Айни журналист ўз манбасини очиқламаган ҳолда¸ ахборотнинг ўта ишончли эканини таъкидлади.

Майк Ўландерга кўра¸ Швеция ва Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасидаги Обид қори Назаровга суиқасд қилганликда гумон қилинган шахсни Швецияга олиб келиш масаласида махфий норасмий сўзлашувлар давом этмоқда.

Майк Ўландерга кўра¸ швед полициясида суиқасд ижрочисининг ДНК маълумотлари ва бармоқ излари мавжуд.

Ўзбекистонда қидирувда

Ўзбекистон Махсус хизматлари ўз даврида диний-маърифий мавзудаги маърузалари ва Қуръон қироати билан Ўзбекистонга танилган Обид қори Назаровни "Ваҳҳобийлик" диний оқимининг мамлакатдаги етакчиси сифатида айблаган.

Айни кезда Швецияда қолаётган уламо бу айбловларни тўлиқ инкор қилиб келади.

Обид қори Назаров таниқли уламо бўлиш билан бирга Ўзбекистон режимининг ашаддий танқидчиларидан биридир.

Шу боис, у Ўзбекистонни тарк этганидан сўнг ҳам унинг шахсига нисбатан айблов руҳидаги телекўрсатувлар расмий телевидение томонидан бот-бот тақдим этиб келинмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги ва хориждаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар кузатувларига кўра, ҳанузга қадар мамлакатда диний мотивлар асосида ўтаётган маҳкамаларда унинг номи ашаддий жиноятчи сифатида тилга олинмоқда ва кўплаб диндор судланувчиларга бу уламога эргашганлик айби қўйилмоқда.

1997 йилдан буён Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати таъқиби ва тазйиқлари остида қолаётган уламонинг 6 фарзанди бор ва унинг тўнғич фарзанди Ҳусниддин Назаров 2004 йил 16 май куни ўғирлаб кетилган.

Қочқинлик

Обидхон қори Назаров Ўзбекистон махсус хизматлари таъқиби остида 1998 йилнинг баҳорида ўз уйини тарк этган.

2000 йилда қўшни Қозоғистонга ўтиб, у ерда 2006 йил баҳорига қадар яширин ҳаёт кечирган эди. 2006 йилнинг мартида БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги томонидан қочқин, деб тан олинган ва Швециядан сиёсий бошпана олган эди.

Ҳозир 54 ёшга кирган Обидхон қори Собитхон ўғли асли наманганлик.

1980-1984 йилларда Обидхон қори Тошкент Ислом олий маъҳадида таълим олган.

1985-1990-йиллари Тошкентдаги “Тиллашайх” жомеъ масжидида имом ноиби, 1990-1996-йилларда эса “Тўхтабой” жомеъ масжидида имом-хатиб сифатида фаолият юритган.

Шунингдек, 1992-1998 йиллар давомида Обидхон қори “Озодлик” радиосининг диний дастурини олиб борган ва тингловчиларни Қуръони карим тафсири билан таништирган эди.


54 яшар Обидхон қори Назаров ҳамон оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.
XS
SM
MD
LG