Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:12

Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги мулклари мусодара қилинди


Гулнора Каримованинг Европа мамлакатларида ҳам мулклари музлатилган.
Гулнора Каримованинг Европа мамлакатларида ҳам мулклари музлатилган.

Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримовага алоқадор мулкларни давлат фойдасига мусодара қилмоқда. Озодликнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ишончли манбаларига кўра, Тошкент марказидаги йирик биноларни давлатга ўтказиш тўғрисида ўтган ҳафта суд қарори чиққан ва сўнгги бир неча кун ичида хатлаб бўлинган. Давлат тортиб олган биноларнинг президент қизига алоқаси борлигини Озодлик манбаси тасдиқлади.



Гулнора Каримовага алоқадор бўлган бинолар давлат фойдасига ўтказилгани тўғрисидаги хабарни Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари ҳамда Давлат мулк қўмитасидаги Озодлик манбалари тасдиқлади.

Озодлик манбаларининг айтишича, жорий ҳафта бошидан бери Тошкентнинг Миробод кўчаси 25-уй, Зарафшон кўчаси 24-уй, Фурқат кўчаси 1-уй, Буюк Ипак Йўли кўчаси 1-уй манзиллари бўйича жойлашган биноларни хатлаш жараёни якунланган. Бу биноларнинг барчасини инвентаризация қилиб, уларни давлат ҳисобига расмийлаштириш жума куни якунланган.

Мусодара қилинган бинолардан бири Миробод кўчаси 25-уйда жойлашган.
Мусодара қилинган бинолардан бири Миробод кўчаси 25-уйда жойлашган.
Давлат мулк қўмитасидаги манбанинг айтишича, Solid-Investment, Fast-Development, Panally LTD., Aval-Invest ширкатларига қарашли бўлган бу биноларни давлат фойдасига мусодара қилиш тўғрисидаги суд қарори ўтган ҳафта чиқарилган. Номлари тилга олинган бу ширкатларнинг барчаси Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакянга расмийлаштирилган. Авакян февраль ойида МХХ махсус гуруҳи Гулнора Каримованинг уйида ўтказган рейд пайтида ҳибсга олинган эди.

“Ҳозирда бу биноларни ижарага олган фирмалар билан ижара шартномалари янгиланмоқда. Масалан, Миробод кўчаси 25 уйда “Дом Стиля”, “Basha”, “Fashion Bar”, “La Shakar”, “Premier Hall Cinema” каби кўнгилочар объектлари жйолашган. Уларнинг кўпчилиги бир неча ойдан бери ишламаяпти. Ҳозирча фақат “Fashion Bar” ресторани ишлаб турибди ва бу ресторан эгаси билан шартнома янгиланди”, деди Озодлик манбаси.

Давлат мулк қўмитаси ҳисобига ўтказилган биноларнинг барчаси бевосита ва билвосита Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадордир. Бу биноларнинг бир қисми бошқа ширкатларга ижарага берилганига қарамасдан, аксар кўпчилигида президент қизига дахлдор ва ҳозирда фаолиятлари тўхтатилган ташкилотлар жойлашган бўлган.

Масалан, Ўзбекистон Бош прокуратураси ўтказаётган терговга яқин манбанинг Озодликка айтишича, Зарафшон кўчасидаги бинода Гулнора Каримова ўзига тегишли эканини эътироф этган “Benetton” ва “Levi's” кийим-кечак дўконлари жойлашган.

“Ҳозирда бу дўконлар ишламоқда, лекин дўконларнинг бош ҳисобчилари ва бошқа масъул ходимлари қаерда экани номаълум қолмоқда”, деди прокуратурадаги манба.

Унинг айтишича, бу ходимлар ўтган ҳафта терговга чақиртирилган, лекин ўшандан бери алоқага чиқишмаган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасидаги манбанинг Озодликка айтишича, номлари тилган олинган мулкларнинг мусодара қилиниши ўтган йилдан бери Гулнора Каримовага қарашли ширкатлар устидан бораётган тергов жараёни билан бевосита боғлиқлир. Тергов ишлари Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати назоратида ўтказилаётгани Озодликка маълум.

Гулнора Каримова билан боғлиқ ширкатлар ўтган йилнинг октябридан бери Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тафтиш қилинмоқда.

Февраль ойидаги МХХ рейдидан кейин Гулнора Каримованинг ўзи уй қамоғига олингани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.
Февраль ойидаги МХХ рейдидан кейин Гулнора Каримованинг ўзи уй қамоғига олингани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.
Жойри йил 17 февраль куни эса, МХХ махсус гуруҳи Гулнора Каримованинг уйида тинтув ўтказиб, унинг фуқаровий эри экани айтиладиган Рустам Мадумаров ва хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян билан биргаликда яна бир неча кишини ҳибсга олган эди.

Гулнора Каримованинг ўзи уй қамоғига олингани тўғрисида расман тасдиқланмаган хабарлар пайдо бўлди.

Бу орада, ўтган ойда Швейцария ва Швеция прокуратуралари пул ювиш ва порахўрлик ҳолатлари бўйича очилган жиноят ишларида Гулнора Каримовани гумонланувчи, деб эълон қилди.

Гулнора Каримова йирик хориж ширкатлари, хусусан Швециянинг TeliaSonera ширкатидан Ўзбекистон телеком бозорига кириш имкони эвазига юзлаб миллион доллар миқдорида пора олганлик ва ноқонуний йўл билан ўзлаштирилган маблағларни легаллаштиришга уринганликда гумон қилинмоқда.

Европа мамлакатларидаги терговлар доирасида Швейцария, Швеция, Франция, Ҳолландия ва Латвияда Гулнора Каримовага қарашли банк ҳисоб рақамлари ва кўчмас мулк объектлари музлатиб қўйилгани маълум.
XS
SM
MD
LG