Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:33

Ким ëлғончи: "Ижтимоий фикр"ми ë ўзбек "ношукурлар"и?


Қанчалик қашшоқликда яшамасин¸ ўзбеклар ўз ҳаëтига шукур қилишни маъқул билади.
Қанчалик қашшоқликда яшамасин¸ ўзбеклар ўз ҳаëтига шукур қилишни маъқул билади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий сўров" маркази саволларига жавоб берганларнинг 80 фоиздан кўпроғи ўз турмушидан мамнун; айни пайтда¸ хос суҳбатларда Ўзбекистондаги вазиятдан норозилигини айтувчилар ҳам қарийб шунча бўлиши мумкин. Хўш¸ ким ҳақу ким ноҳақ?


"Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ҳокимиятига ҳеч нарса таҳдид солмаётгандай кўринади, лекин Муборак ҳокимиятига зарба берган муаммолар Марказий Осиёдаги бошқа лидерлардан кўра айнан Каримовга тааллуқлидир".

Америкалик таҳлилчи Martin Sieff бу фикрини Central Asia newswire сайтида 3 феврал куни эълон қилган мақоласида келтирди.

Бироқ миллионлаб мисрликлар таҳлилчи айтаётган муаммолар туфайли президент Муборакдан норозиликларини билдириб кўчага чиққан шу кунларда ўзбекистонликларнинг 93,8 фоизи мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни "яхши ва барқарор", деб баҳоламоқда.

Ҳар ҳолда Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" маркази ўтказган сўров натижалари шундайдир.

"Ижтимоий фикр" маркази ўтказган сўровнинг яна бир натижасига қараганда, ўзбекистонликларнинг 80,7 фоизи ўз ҳаётидан, яъни турмуш даражасидан рози.

Сўров натижалари тўғрисидаги ЎзА хабарида айтилишича, "мамлакат фуқаролари президент Ислом Каримов ва у олиб бораётган сиёсатга мутлақ ишонч билдирмоқда".

Бўлса бордир.

Шундай бўлса, америкалик таҳлилчи Martin Sieff ёлғон хулосага келган бўлиб чиқади.

Martin Sieff Мисрни Ўзбекистонга, Каримовни Муборакка ўхшатгани учун унинг фикрига ҳам, "Ижтимоий фикр" маркази хулосаларига ҳам шубҳа билан қараб Мисрда яшаётган оддий ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Аҳмаджонни суҳбатга тортдик.

Озодлик: Тартибсизликлар бошлангунча, сиз мулоқотда бўладиган мисрликлар президент Муборакка қанчалик ишонарди? Қанчалик у юритаëтган сиëсатда рози эди?

- Буни ўзимизнинг ëнимиздаги тендошларимиздан ëки дўстларимиздан, дейлик кўчадагилар билан гаплашиб қолинганда ëки фавқулодда кузатилади бу ҳолатлар, 80-90 фоиз халқ президентни ичидан нафрат билан ëмон кўрарди. Ўзбекистондан фарқи йўқ эди Мисрнинг. Фақат Ҳусни Муборакка қарши гапиришга ëки қарши чиқишга улар қўрқишарди¸ тўғрироғи. 15 йилдан бу ëғига кетган бу нафратлар.

Озодлик: Ўзбекистондан фарқи йўқ эди¸ деяпсиз. "Ижтимоий фикр" маркази “Ўзбекистонликларнинг 93 фоизи Ислом Каримов олиб бораëтган сиëсатни қўллаб-қувватлайди. Ислом Каримов тинчлик, барқарорлик гарови деган фикрда” деяпти. Сиз мана шу хулосага ишонасизми? Сиз ҳам ўзи ўзбекистонликмисиз?

- Ўзбекистондан эдим. Ўзбекистондан чиқиб кетганимга ҳеч қанча бўлгани йўқ.

Озодлик: Шу хулосага сиз ишонасизми?

- У сафсата, ëлғон гап у. Қанақасига? 10 фоиз қўллаб-қувватласа ҳам катта гапку. Ëлғон гапку бу!

Озодлик: Миср билан Ўзбекистон худди шу масалада бир хил деяпсиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Мисрликларни нима ҳаракатга келтириб юборди? Ўша нафрат нима учун чиқиб кетди¸ деб ўйлайсиз?

- Биринчи сабабларини сизга айтадиган бўлсам, 80 миллион фуқароси бор. 80 миллион фуқародан 3 миллион фуқаро жуда ғариб, жуда хароб ҳолатда яшардида. Ҳатто уйлари ҳам йўқ. Қабристонларда яшарди¸ масалан.

Озодлик: Шу маънода Ўзбекистондаги аҳвол дурустроқми?

- Ўзбекистон билан Миср ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Ўзбекистонда бойиганлари бойиб жуда ўзига сиғмай кетган. Ғариблари жуда ғариб бўлиб кетган. Бу ер ҳам худди шундай.

Озодлик: Аҳоли жон бошига Мисрда ички ялпи маҳсулот 2721 доллар экан. Ўзбекистонда 1343 доллар экан. Роппа-роса икки бараварга оз экан. Демак, Ўзбекистон аҳоли жон бошига қараганда икки бараварга камбағал экан. Мисрликлар ўзбекистонликларга қараганда икки баравар бойроқ бўлишига қарамасдан чидамабди-да кўчага чиқиб кетибди. Ўзбекистонликлар “Худога шукур” деб, масaлан 80 фоизи ўзининг турмуш даражасидан рози экан. Шуни қандай тушунтириб бера оласиз?

- Буни тушунтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Бу яққол намоëнку. Масалан¸ ўзбекистонлик бечоралар митинг қилиб чиқадиган бўлса, Андижон воқеасини эсга олайлик. Оддий гўдак бўладими, қари бўладими, аëл киши бўладими¸ бир бошдан қириб ташлаган. Буни ўзбекистонликлар кўрган, кўрмаганлари эшитган. Бундан қўрқади-да. Ўзбекистонликларнинг юраги қолмаганку. Қанақасига митинг қилиб чиқади? Бу оддий ҳолатку. Бу тўғрисида мулоҳаза қилишнинг ҳеч кераги йўқ¸ деб ўйлайман, дейди
Мисрда яшаётган оддий ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Аҳмаджон.

Хўш, "Ўзбекистонликлар ёмон яшаяпти", дер экан Аҳмаджон ёлғон гапираяптими ёки "Ўзбекистонликлар яхши яшаяпти", дер экан, "Ижтимоий фикр"даги социолог олимлар ёлғон гапираяптими?

Фикри ожизимизча, ҳар иккаласи ҳам ёлғон гапирмаяпти.

Чунки ўзбек чидамли, ҳар нарсага шукур қилувчи, оёғи синсаям, "Худога шукур, бошим эмас, оёғимгина синди-ку?!" дейдиган халқ.

Мана Нишон туманида истиқомат қиладиган 20 яшар йигитнинг айтгани.

- 20 ëшдаман. Ҳозир қиладиган аниқ ишим йўқ. Ҳеч нарса иш билан шуғулланмайман. Худога шукур яшаса бўлади. Биздан ҳам баттар яшайдиган халқлар бор Африкада. Барибир шу кунимизга шукур қиламиз. Яхшими- ëмонми¸ бир бурда нонни топиб турибмизда. Худонинг берганида, дейди 20 ëшли нишонлик йигит.

Бу йигит "бир бурда нонни" топиб турганига, "Африкадагилардан яхшироқ яшаётганига" хурсанд.

Хўш, Аҳмаджон ўз фикрига мана шу йигит ҳаётини мисол қилиб келтирса, ёлғон бўлармиди?

"Ижтимоий фикр" ҳаётингиздан розимисиз", деб сўраса "розимасман", деган жавоб олармиди?

3 феврал куни суҳбатлашганимиз яна бир ўзбекистонлик йигитнинг айтганини эшитинг.

- Ҳамма ишимиз зўр. Қорнимиз тўқ. Бир бурда нон есак ҳам ўзимизга сингади. Тинчмиз. Қаймоқ егандан кўра¸ бир бурда нон есак ҳам ўзимизга сингади, тинчмиз. Бошқа нима дейман, дейди яна бир ўзбекистонлик йигит.

Бу йигит "қорни тўқлигига", "қаймоқсиз бўлсаям нон еб турганига" хурсанд.

Хўш, Аҳмаджон ўз фикрига мана шу йигит ҳаётини мисол қилиб келтирса, ёлғон бўлармиди?

"Ижтимоий фикр" ҳаётингиздан розимисиз", деб сўраса "розимасман", деган жавоб олармиди?

Хуллас, ўзбекларнинг бошидан сув айлантириб ичсанг арзийди.

Бояқиш Муборак адашиб мисрликларга президент бўливолган экан, энди ўзидан кўрсин.
XS
SM
MD
LG