Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:01

Ижтимоий фикр: ўзбекистонликларнинг 80 фоизи турмушидан мамнун


"Ижтимоий фикр" тадқиқотларига кўра, ўтган бир йил давомида ўзбекистонликларнинг келажакка бўлган ишончи 7,5 фоизга ортган.
"Ижтимоий фикр" тадқиқотларига кўра, ўтган бир йил давомида ўзбекистонликларнинг келажакка бўлган ишончи 7,5 фоизга ортган.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази тадқиқоти натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 93,8 фоизи мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни “яхши ва барқарор”, деб баҳолаган. Сўралганларнинг 80,7 фоизи эса ўз ҳаётидан қониқишини айтган.

“Ижтимоий фикр” маркази ўтказган навбатдаги тадқиқотда 2010 йилда Ўзбекистонда амалга оширилган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ва эришилган муваффақиятларни мамлакат фуқаролари қандай баҳолагани акс этган.

Аҳолининг турли қатлами вакиллари иштирок этгани айтилаётган сўров чоғида респондентларнинг 90,3 фоизи иқтисодиётдаги аҳволдан қониқаётганларини, сўралганларнинг 87,5 фоизи эса кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш учун мамлакатда яхши шароит яратилганини айтганлар.

Ижтимоий фикр тадқиқотларига кўра, сўралганларнинг 97,3 фоизи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари юқори даражада таъминланганини, 92,8 фоизи шахсий хавфсизлик, 88,7 фоизи ижтимоий ҳимоя, 89,4 фоизи тиббий хизмат, 80 фоизи аҳолининг газ, иссиқлик ва ёнилғи, 96 фоизи транспорт хизмати даражасидан қониқишини эътироф этган.

Бу Ўзбекистонда озодликда ёки қамоқхоналарда фуқаролар ҳақларига риоя қилинмаётгани ҳақида халқаро ташкилотлар ва мустақил манбалар бераётган маълумотларга, мамлакатда ижтимоий ҳимоя оқсаётгани, хусусан, нафақахўрлар ва ногиронлар турли муаммоларга дуч келаётгани, тиббиёт ходимларининг тирикчилик илинжида хорижга чиқиб кетаётгани, республиканинг турли жойларида аҳоли газ ва бензин танқислигига дуч келаётгани каби ўзбекистонликлардан Озодлик таҳририятига келаётган хабарларга тамоман зид келади.

Қизиғи шундаки, “Ижтимоий фикр” бу галги сўровида “Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазият тобора мустаҳкамланиб бораверади” деб ҳисобловчилар сони ўтган йилдагига нисбатан 7,5 фоизга ошган ва бунга иқтисодиёт ва аҳоли даромадининг юқори суръатлар билан ўсаётгани далил ўлароқ келтирилган.

Марказ маълумотномасида Ўзбекистон аҳолиси “Президент Ислом Каримовнинг барча соҳаларда ислоҳотларни янада кучайтириш, халқнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга қаратилган” сиёсатини “тўлалигича қўллаб, маъқуллаши” таъкидланади.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази тадқиқоти, аввалда бўлгани каби, бу гал ҳам таҳлилчилар шубҳа ва эътирозларига сабаб бўлмоқда ҳамда улар томонидан давлат раҳбари таваллуд кунига ўзига хос совға сифатида баҳоланмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, ўзбек расмийларининг тўла назоратида ўтказиладиган бу каби тадқиқотлар жаҳон ҳамжамиятига ва мамлакат ичкарисидаги “норози қатлам”га “Ўзбекистонда ҳаммаси кўнгилдагидек” эканини кўрсатиб қўйиш учун ўтказиб турилади.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.
XS
SM
MD
LG