Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:57

Ўзбекистон президентининг Брюсселга бориши кутилмоқда


Йиллардан бери хориждаги ўзбек мухолифати ва Андижон қочқинлари ЕИ ни Андижон фожиасини унутмасликка чорлаб келмоқдалар.
Йиллардан бери хориждаги ўзбек мухолифати ва Андижон қочқинлари ЕИ ни Андижон фожиасини унутмасликка чорлаб келмоқдалар.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти, Ислом Каримовнинг ўз туғилган кунига совға сифатида Брюсселга таклиф қилингани ва 31 январ куни ЕИ бош қароргоҳига ташриф буюриши ҳақда маълумотга эгалигини айтмоқда. Аммо бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмади.



Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаеванинг айтишича, Ўзбекистон раҳбари Европа Кенгаши таклифига кўра, 31 январ куни Брюсселга сафар қилади.

- Бу ҳақда ЕИ ичкарисидаги ишончли манбадан маълумот олдик. Билишимизча, Каримов Европа Кенгаши таклифига биноан энергетика келишувини имзолаш учун шу ой охирида Брюсселга боради. Лекин муҳокамалар давомида бизни хавотирга солаётган Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ва Андижон қирғинига оид масалаларнинг кўтарилиши кўзда тутилмаган, дейди Отаева.

Агар президент Ислом Каримовнинг Брюсселга сафари амалга ошса, бу унинг Европа Иттифоқи пойтахтига 2005 йилги Андижон ҳодисаларидан кейинги биринчи ташрифи бўлади.

Андижонда юзлаб тинч намойишчиларнинг ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилиши ортидан Европа Иттифоқи Ўзбекистон расмийларига виза чекловлари ва қурол эмбаргоси жорий этган ва бу санкциялар 2009 йилда бекор қилинган эди.

Ҳозирча Озодлик боғланган Европа Кенгаши расмийлари Ислом Каримовнинг Брюсселга таклиф этилганини тасдиқлашмаяпти.

- Бизда буни тасдиқловчи бирон маълумот йўқ, - деди Европа Кенгаши матбуот хизмати ходими.

Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонаси матбуот хизматидагилар ҳам бундай маълумотга эга эмасликларини айтишди.

- Бу ҳозирча аниқмас. Бу ҳақда хабар йўқ бизда. Интернетда шунақа хабарларни кўрдик, лекин бизда буни тасдиқловчи маълумот йўқ, - деди Ўзбекистон элчихонаси ходими.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаеванинг тахминича, Европа Иттифоқи расмийлари жамоатчилик нафратидан қўрқиб, Ислом Каримовнинг Брюсселга ташрифини ими-жимида амалга ошириш ниятида.

- Афсуски, Европа Иттифоқи расмийлари бу ташриф ҳақидаги маълумотларнининг жамоатчиликка чиқиб кетмаслигига уринмоқда. Биз эса Европа жамоатчилиги эътиборини бунга жалб этамиз. "Оммавий қирғин учун жавобгарликдан четда қолаётган диктатор қандай каромат кўрсатдики¸ унга бугун Европа Иттифоқи эшикларини очмоқда?", деган саволни ўртага қўймоқчимиз, - дейди Надежда Отаева.

Европа Иттифоқи 2005 йилнинг октябр ойида Ўзбекистонга қурол эмбаргоси ва Андижон қирғинидаги бевосита алоқаси бор деб топилган 12 расмийга виза чеклови жорий этар экан бу санкциялар олиб ташланиши учун Тошкент ҳукуматига бир қатор талабларни қўйган эди.

Андижон қирғини юзасидан мустақил тергов ўтказилиши шу талабларнинг асосийси эди. Аммо орадан тўрт йил ўтиб¸ ўзи қўтган асосий талабни кун тартибидан буткул олиб ташлаган Европа Иттифоқи¸ бу санкцияларни бекор қилди.

- Биз Андижон фожиаси ва унинг жамиятимиз ҳамон бошдан кечираётган оқибатлари ҳақда Европа жамоатчилигини яна огоҳ этишимиз керак, - дейди Надежда Отаева.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўтган йил кузида БМТ саммитида қатнашиш учун Ню Йоркка борди, йўл-йўлакай Лондонда ҳам тўхтаб ўтди. Энди унинг учун Европа Иттифоқи эшиклари ҳам очилмоқда афтидан.

Бу эса¸ кузатувчилар назарида, Андижон воқеаларидан кейин халқаро майдонда яккаланиб қолган президент Каримовнинг халқаро изоляциядан чиқаётгани белгисидир.
XS
SM
MD
LG