Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:14

Ахборот уруши ҳақиқий урушга ҳозирлик..ми?


Имомали Раҳмонни Роғун қурилишини жанг майдони деб эълон қилганидан сўнг¸ тожик матбуотида ҳам ташвиқот кампаниясига старт берилди.
Имомали Раҳмонни Роғун қурилишини жанг майдони деб эълон қилганидан сўнг¸ тожик матбуотида ҳам ташвиқот кампаниясига старт берилди.

Имомали Раҳмоннинг Роғун ГЭСини қурсак ҳам қурамиз¸ қурмасак ҳам қурамиз¸ деган позицияси Ислом Каримов ғазабини янада кўпроқ қўзиëтган кўринади. Иккала давлат матбуоти эса икки президентнинг ўзаро зиддиятидаги сиëсий қуролга айлантирилмоқда.

Матбуотга доир вазиятни ўрганувчи халқаро ташкилотлар хулосасига кўра¸ на Тожикистон ва на Ўзбекистонда матбуот эркин ва оммавий ахборот воситаларидаги ҳар қандай кампания бевосита мамлакат етакчилари рухсатисиз амалга оширилмайди.

Тожикистонда Роғун ГЭСи қурилишини якунига етказиш қарори берилиши ортидан Ўзбекистон томони ҳам эътирозларини яна бир парда баландлатар экан, кузатувчиларга кўра, айниқса тожик матбуотида аксил-ўзбек кайфиятлари авжига чиққан.

"Ўзбекистонда сўнгги пайтларда, ўзларини “мутахассис” деб ҳисоблаётган кимсалар жуда кўпайиб кетган. Бу ўзбек “мутахассислари” бизга, аниқроғи малакали, тажрибали¸ ҳаққоний мутахассисларга у ёки бу иншоотни қандай қуриш кераклиги борасида маслаҳатлар беришни эп кўрмоқда", деб ёзилади “Авесто” интернет сайтида чоп қилинган мақолада. Мақолада бошдан-оёқ Ўзбекистон ҳукумати ва умумиятла ўзбекларнинг доимо қўшнилар ички ишига аралашиши, улар учун муаммолар яратиши ҳақида гап боради.

Тожикистон Фанлар академияси академиги Масов эса ўзбекларга нисбатан билдирилаётган хақоратомуз фикрлардан янада юқорироқ поғонага кўтарилади. Таниқли олим ўзбек миллатининг келиб чиқиши мавзуида фикр юритар экан, охир-оқибатда Тожикистондаги муаммолар сабабчиси ўзбеклар эканига урғу беради. Масов фикрича, тарихда ўзбек миллати умуман бўлмаган ва ўзбеклар КПСС Марказий Қўмитаси қарори билан шакллантирилган эмиш.

Икки республика ўртасидаги совуқ муносабат оқибатларини Тожикистондаги ўзбеклар ўз таналарида ҳис этмоқда. Тожикистонда Ўзбекистон газета ва журналларининг сотилиши тақиқланган. Ўзбекистон радио ва телевидение эшиттириш ва кўрсатувларини фақат чегараолди қишлоқлар аҳолисигина кўра олади.

Тожикистондаги “Шарқ” таҳлил маркази вакиллари 2009 йил 18 декабрдан 2010 йилнинг 6 январигача 1500 респондент орасида сўров ўтказган. Сўров натижаларига кўра, тожикистонликларнинг 98 фоизи Россия Федерациясига яхши муносабатда эканликларини билдиришган. 42 фоизи эса қўшни Ўзбекистонга ёмон муносабатда эканликларини айтишган.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон матбуотида ҳам Тожикистон матбуотидаги чиқишларга жавоблар мунтазам янграб туради. Бу борада pressuz.info ахборот агентлиги ва “Правда Востока” газетасидаги чиқишларни мисол қилиб келтириш мумкин. Хусусан, pressuz.info қўшни мамлакатлар билан муносабатларга доир сўнгги мақоласини “Ўзбекистон чегараси ёпилишига ҳақидаги афсоналар. Қирғиз ва тожик аксил-ўзбек режалари” деб номлаган. Фурқат Намозов муаллифлигида чоп қилинган айни мақолада кескин иборалар аяб ўтирилмаган. Жумладан, “Ўзбек томорқасига отилган тошлар”, “ҳасад ёки нафрат” каби сўз ва бирикмалар шулар қаторида. “Правда Востока” газетасидаги “Роғун ГЭСи қурилиши бўйича мустақил халқаро хулосалар зарур” номли мақолада бундай хулосаларсиз ГЭС қурилишининг эҳтимолий хатарлари ҳақида гап боради.

ferghana.ru ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов ҳам ҳар икки мамлакат ўртасидаги муаммолар илдизи чуқур эканини айтади. Бу низоларда матбуотнинг ишлатилиши ҳар икки мамлакатга хосдир, дейди у.

Даниил Кислов: Ўз навбатида ўзбек томони ҳам¸ шартли қилиб айтадиган бўлсак, аксил-тожик ташвиқоти олиб бормоқда. Яъни улар сув манбаини тортиб олмоқчи бўлаётган¸ айтайлик қўштирноқ ичидаги “манфур” Тожикистон раҳбариятига қарши ўз халқи орасида иш олиб бормоқда. Ўша низо туфайли келиб чиққан бу ташвиқотлар анча чуқур сабабларга эга. Бу нарса минтақавий, геосиёсий, иқтисодий ҳамда икки мамлакат лидерларининг шахсий ҳасадлари оқибатларидир. Ҳатто айтиш мумкин, ўзаро шахсий нафратлари ҳосиласидир.

Озодлик: Иккала матбуотда давом этаëтган ўзаро даккию ҳақоаратлар журналистик меъёрларга нақадар тўғри келади? Ҳар қандай шароитда ҳам матбуот барибир маълум чегараларга амал қилиш керак эмасми?

- Биласизми, ташвиқот қуроли сифатида тасарруф қилинадиган Марказий Осиё расмий матбуоти мисолида ахлоқий меъёрлар, ҳатто интеллектуал, касбий мезонлар тўғрисида гапириш аллақачон ортиқча бўлиб қолган. Нисбатан эркинлик даражаси сақланиб қолаётган айрим мамлакатлар матбуотида сув, электр энергияси каби муаммоларни холисроқ, профессионалроқ ёритишга уринишлар кўзга ташланади. Айтайлик, ўша Роғун ГЭСи атрофидаги можароларни ёритишда¸ албатта¸ айнан мутахассислар баҳоларига таяниш керак, аксинча эмас, яъни матбуотни мутлақо тарғибот ва ташвиқот воситасига айлантирмаслик керак. Сўз бораётган ҳар икки мамлакат матбуотида пайдо бўлаётган бир томонлама ташвиқий мақолалар¸ албатта¸ президент девонларидан берилган кўрсатмалар асосида тайёрланади. Мен бир нарсадан ташвишдаманки, давом этаётган бу кампания мавжуд муаммоларни ҳал қилишга эмас, балки уларни янада чигаллаштиришга қаратилган. Мен рости бу нарсалар ҳар икки мамлакатлар раҳбарияти учун нега кераклигини тушунмайман. Худди улар ҳақиқий бир урушни исташаётгандек¸ дейди Даниил Кислов.

Оммавий ахборот воситалари бўйича мутахассислар аксар жиҳатдан бир-бирига яқин бўлган Тожикистон ва Ўзбекистон матбуоти саҳифаларида миллий низога сабаб бўлиши мумкин бўлган мавзуларнинг ёритилиши, бунда қизиққонликка йўл қўйилиши асло мумкин эмас¸ деган ишончдалар. Тожикистонлик эксперт Нуриддин Қаршибоев шундай фикрловчилардан бири.

- Менинг ишонишимча, ҳар бир таҳририят ўзи истаган материалларни чоп қилиш ҳуқуқига эга. Аммо мен матбуотнинг мамлакатлараро низоларни ҳал қилишда фойдаланилишига мутлақо қаршиман. Бу мақсадга мувофиқ эмас ва хатарли оқибатларга олиб келиши мумкин. Жамоатчилик фикрини чалғитиш, маълум манфаатларга йўналтириш керак эмас, балки музокаралар столига ўтириш керак. Шахсий даъволардан воз кечиш керак. Давлатлараро муаммоларни ҳал қилиш керак. Матбуотдан сиёсий қурол сифатида фойдаланмаслик, миллий низо қўзғамаслик лозим. Бу ҳар бир мамлакатда истоқомат қилаётган ҳар икки халқ вакиллари учун яхши эмас. Ўзбекистонда тожиклар, Тожикистонда ўзбеклар истиқомат қилишади. Ҳозир давом этаётган нарса узоқни кўрилмаётган сиёсатдир¸ дейди Тожикистондан матбуот бўйича эксперт Нуриддин Қаршибоев.
XS
SM
MD
LG